Ўзбекистонда иссиқ кунлар аллақачон бошланган. “Қаҳва ва чой фестивали”ни қиш кунларида ўтказган маъқул эмасмиди? Ёки ташкилотчилар ўзбеклар ёзнинг чилласида ҳам иссиқ чой ичади деган гапларга содиқ қолишмоқчими?
10-12 май кунлари Тошкентда ўтадиган чой ва қаҳва фестивали олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида uzdiplomat.uz мухбири шу савол билан ташкилотчиларга юзланди.
Унга жавоб берган «Тошкент Барменлар Уйи» асосчиси Диляра Афузова аввало қадриятлар масаласига тўхталиб ўтди.
Қаҳва ва чой истеъмол қилиш бизларнинг анъанавий урф-одатларимизга киради. Шуни айтиб ўтишим керакки, бизлар ҳатто энг иссиқ вақтда ҳам кофе, ҳам чой ича оламиз. Ундан ташқари айтиб ўтишим керакки, кофе фестивали ёки кофе чемпионатини ўтказиш тартиби бор. Албатта, тадбирни кузда ёки баҳорни бошларида ўтказиш мумкин эди. Лекин, биз 3 йилдан буён шу кунларда ўтказмоқдамиз. Ва бунда иссиқ ҳавонинг ҳеч ҳам аҳамияти бўлмади, қизиқувчилар сони кўп бўлди”.
Фестиваль Ўзбекистон “МАКОН” фестиваллари ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Йога Федерацияси, Ўзбекистон Кўнгиллилар уюшмаси, Pro.Run югуриш мактаби ва бошқа давлат ва хусусий ташкилотлар кўмагида ташкил этилади.
“Макон” Ўзбекистон Фестиваллар Уюшмаси раиси Шерзод Икромиддиновнинг маълум қилишича, фестиваллар доирасида бир қанча танловлар ва маросимлар бўлиб ўтади. У фестивалда хорижий давлатлардан ҳам вакиллар иштирок этишини айтиб ўтди.
Албатта, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида чой дамлаш анъанаси ўзгачадир. Бунга мисол, Хоразмда қамиш чойи, водийда сут чойи ва ўзига хос Тошкент чойи бор. Биз тадбирда ҳар бир ўзбек чойининг тақдимотини ўтказишга ҳаракат қиламиз. Энг камида 3 ёки 4 та вилоятимизнинг чой ичиш маданиятини кўрсатиб берамиз. Ўзбек чойини ичиш ва дамлаш маданияти бор. Фестиваль доирасида бир қанча тадбирларни ташкиллаштирмоқчимиз.
Маросимда нафақат Ўзбекистон, балки Япония ва Ҳиндистоннинг чой ичиш маросими ҳам бўлиб ўтади”,- деди Икромиддинов.
Бундан ташқари, фестиваль доирасида бармен ва официантлар чемпионати, чой ҳамда кофе дамлаш маҳорат дарслари, болалар учун алоҳида дастурлар ҳам бўлиб ўтади.