Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтаётган COP31 Жаҳон иқлим саммити доирасида 7 та икки томонлама учрашув ўтказди. Уларда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, энергетика, саноат, сув хавфсизлиги ва экологик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Президент Финляндия, Словения давлат раҳбарлари, Бангладеш Бош вазири, Жаҳон банки президенти ҳамда учта халқаро ташкилот раҳбари билан музокаралар олиб борди.
Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, учрашувларда қуйидаги асосий йўналишлар белгилаб олинган.
Жаҳон банки — 16 миллиард долларлик лойиҳалар портфели

Банк президенти Ажай Банга билан учрашувда иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратиш, инфратузилмага хусусий инвестицияларни жалб қилиш, хусусийлаштириш ва сув хавфсизлиги бўйича дастурларни амалга ошириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Жаҳон банки билан амалдаги лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларга етган. Декабрда Тошкентда халқаро форум ўтказилиши ҳам муҳокама қилинди.
БМТ Тараққиёт дастури — 550 миллион доллардан ортиқ ҳамкорлик
Ташкилот администратори Александр Де Кроо билан 2030 йилгача мўлжалланган янги дастур, «яшил» иқтисодиётга ўтиш, иқлим молиясини жалб қилиш ва Оролбўйида экологик лойиҳаларни давом эттириш масалалари кўриб чиқилди. Сўнгги беш йилда 120 миллион доллардан ортиқ қийматга эга 100 дан зиёд қўшма лойиҳа амалга оширилган.
Финляндия — энергетика, металлургия ва геология

Президент Александр Стубб билан ушбу соҳалардаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш, савдо ҳажмини ошириш, экология ва сув ресурслари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш муҳокама қилинди. 2027 йил бошида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форум ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Словения — транспорт, шаҳарсозлик ва фармацевтика

Президент Наташа Пирц Мусар билан муҳим минерал ресурслар, транспорт, шаҳарсозлик ва дори-дармон саноатида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, инвестициялар, туризм ва Европа Иттифоқи доирасидаги шерикликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Бангладеш — савдо ва саноат кооперацияси

Бош вазир Ториқ Раҳмон билан товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни кенгайтиришга келишиб олинди.
БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси — Оролбўйини тиклаш

Ташкилот ижрочи котиби Ясмин Фуад билан таназзулга учраган ерларни тиклаш, ўрмонзорларни кенгайтириш, қурғоқчиликка қарши чораларни кучайтириш ва карбон молиясини жалб қилиш бўйича қўшма ташаббусларни илгари суришга келишилди. Сўнгги беш йилда бу йўналишда 15 та қўшма лойиҳа амалга оширилган.
Туркий давлатлар ташкилоти — 2027 йилги саммитга тайёргарлик

Ташкилотнинг янги бош котиби Мирвоҳид Азимов билан Ўзбекистонда 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган ТДТ саммитига тайёргарлик, шунингдек, ташкилот билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу тариқа, Президентнинг Анталияга икки кунлик ташрифи давомида расман хабар берилган алоҳида учрашувлар сони 12 тага етди. 10 ноябрь куни Саудия Арабистони, Грузия, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Яшил иқлим фонди ва Жаҳон метеорология ташкилоти вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказилган эди.

Музокараларнинг асосий йўналиши иқтисодиётга инвестиция жалб қилиш, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, саноат кооперацияси ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашишдан иборат бўлди.




