Uzdiplomat.uz таҳририятига Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган, асосан ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаб келаётган ишлаб чиқариш корхонасининг оғир молиявий аҳволи юзасидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда банк кредитлари, тўпланиб қолган пенялар ва маҳсулотларни сотишдаги муаммолар туфайли 75 нафар ходимнинг иш ўрни хавф остида қолгани айтилмоқда. Уларнинг 41 нафари кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслардир.
Гап Тошкент шаҳри Миробод тумани, Мунис кўчаси, 10-уйда жойлашган «ЎзКОЖ Чўтка» ишлаб чиқариш корхонаси ҳақида кетмоқда.
Таҳририятга тақдим этилган маълумотномага кўра, мазкур корхона 1953 йилда фабрика сифатида ташкил этилган. Ўша йилларда бу ерда 350 нафар киши, жумладан, 245 нафар кўзи ожиз фуқаро меҳнат қилган. 1991 йилда фабрика комбинатга айлантирилган ва ишчилар сони 900 нафарга етган. Улардан 540 нафари кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар эди.
Бугун эса корхонада атиги 75 нафар киши ишламоқда. Уларнинг 41 нафари кўзи ожиз фуқаролар бўлиб, мурожаатга кўра, ўртача ойлик иш ҳақи 3 миллион сўмни ташкил этади.
Корхона жорий йилнинг биринчи ярмида 8,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаргани билдирилган. Улар орасида алюминий эшик-ромлар учун аксессуарлар, қадоқланган газли ва газсиз ичимлик сувлари бор.
Шунга қарамай, корхона ўз фаолиятини давом эттиришда жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келган.
1,4 миллион долларлик кредит корхонани инқирозга олиб келяптими?
Мурожаатда келтирилишича, 2019 йил 13 декабрда «ЎзКОЖ Чўтка» корхонаси «Ўзсаноатқурилишбанк» билан тузилган 63–64-сонли шартномалар асосида Хитойдан сув қадоқлаш ускуналарини сотиб олиш учун 1 миллион 403 минг 750 АҚШ доллари миқдорида кредит олган.
Кредит 60 ой муддатга ажратилган ва унинг таъминоти сифатида корхона жойлашган ҳудуддаги кўчмас мулк гаровга қўйилган.
Бироқ коронавирус пандемияси сабабли ускуналарни олиб келиш ва ўрнатиш ишлари қарийб бир йилга кечиккан. Бу эса ишлаб чиқариш режаларига ва кредитни ўз вақтида қайтариш имкониятига салбий таъсир кўрсатган.
Натижада асосий қарз ва фоиз тўловлари кечиккан, қўшимча банк пенялари ҳисобланган.
Мурожаат муаллифларининг билдиришича, банк кредитни қайтариш муддатини 2027 йил 31 декабргача узайтирган. Айни пайтда корхона ҳар ой тахминан 40 минг АҚШ доллари эквивалентида тўлов амалга оширмоқда.
Аммо кредит ҳисобига харид қилинган ускуналар кутилган даромадни келтирмаяпти. Корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотларини давлат харидлари орқали ҳам, бозорда ҳам етарли ҳажмда сота олмаётганини маълум қилган.
Оқибатда кредит тўловлари бошқа ишлаб чиқариш фаолиятидан тушаётган маблағлар ҳисобидан қопланмоқда.
Корхона фаолияти тўхтаса, 41 нафар кўзи ожиз инсон қаерда ишлайди?
Мурожаатдаги энг жиддий масала айнан шу.
Гап фақат кредитини тўлай олмаётган корхона ҳақида эмас. Бу ерда ўнлаб ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилган иш ўринлари, уларнинг доимий даромади ва оилаларининг иқтисодий барқарорлиги ҳақида сўз кетмоқда.
Мурожаат муаллифлари корхона инқирозга учраса, 75 нафар ходим, жумладан, 41 нафар кўзи ожиз шахс ишсиз қолишидан хавотир билдирмоқда.
Айниқса, меҳнат бозорида ногиронлиги бўлган шахслар учун муносиб иш ўринлари чекланган шароитда бу ходимларнинг бошқа корхонадан иш топиши осон бўлмаслиги мумкин.
Шу ўринда муҳим савол туғилади: давлат бир томондан ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини оширишга интилаётган бир пайтда, иккинчи томондан улар учун аллақачон яратилган иш ўринларини сақлаб қолишга қандай ёрдам бермоқда?
Мурожаатчилар давлатдан қандай ёрдам сўрамоқда?
Корхона муаммолардан чиқиш учун давлат харидларида ўз маҳсулотларини сотиш имкониятини кенгайтиришни ҳамда банк томонидан ҳисобланган пеняларни бекор қилишни сўрамоқда.
Хусусан, корхона ишлаб чиқараётган қадоқланган ичимлик сувлари, тўқимачилик маҳсулотлари ва алюминий эшик-ромлар учун аксессуарларни давлат харидлари тизими орқали реализация қилишга кўмаклашиш таклиф этилган.
Мурожаатда банк пеняларини ҳисобдан чиқариш ҳам корхонани молиявий жиҳатдан соғломлаштириш чораларидан бири сифатида кўрсатилган.
Албатта, давлат харидлари қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши, банк қарзлари эса шартномавий мажбуриятлар асосида ҳал этилиши лозим. Бироқ ижтимоий аҳамияти юқори бўлган бундай корхоналарнинг ҳолатини алоҳида ўрганиш ва қонуний қўллаб-қувватлаш механизмларини кўриб чиқиш муҳим.
Масъул идораларга савол
Uzdiplomat.uz мазкур мурожаат юзасидан «Ўзсаноатқурилишбанк», Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа масъул ташкилотлар эътиборини ушбу ҳолатга қаратмоқчи.
Банк кредит тўловларини қайта кўриб чиқиш, ҳисобланган пеняларни камайтириш ёки бекор қилиш имкониятларини ўрганадими?
Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини қўллаб-қувватлаш учун масъул давлат идоралари 41 нафар кўзи ожиз фуқаронинг иш жойини сақлаб қолиш бўйича қандай чоралар кўриши мумкин?
Корхона маҳсулотларини давлат харидларида қонун доирасида рақобатбардош шартларда иштирок эттириш учун қандай механизмлар мавжуд?
Мазкур корхонанинг тақдири — фақат битта тадбиркорлик субъектининг молиявий муаммоси эмас. Бу ногиронлиги бўлган инсонларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи ва улар учун яратилган иш ўринларини сақлаб қолиш масаласидир.
Uzdiplomat.uz таҳририяти мурожаатда келтирилган ҳолатларга масъул ташкилотлардан муносабат кутади ва уларнинг жавобларини ҳам эълон қилишга тайёр.




