Табиий қазилмаларнинг зарари кимга-ю, даромади кимга?
Марказий Осиёнинг минералларига дунё қизиқмоқда. Аммо конлар минтақада бўлгани билан, улардан келадиган катта иқтисодий фойда ҳам шу ерда қоладими, ҳалққа етиб борадими? Modern Diplomacy нашри айни шу муаммони кўтаради.
Муаллиф таҳлилида Қозоғистоннинг уран ишлаб чиқаришдаги етакчилиги ва Ўзбекистоннинг катта мис захираларини тилга олади. Унинг фикрича, бу ресурслар саноатни ривожлантириш учун асос бўлиши мумкин. Лекин минералга эгалик қилиш унинг иқтисодий қийматини назорат қилиш дегани эмас.
Мақоладаги муҳим мисоллардан бири Қозоғистонда камёб ер элементларини қайта ишлаш масаласи. Таркибида минерал бўлган жинсни қазиб олиш биринчи босқич, холос. Ундан алоҳида элементларни ажратиб, саноат талаб қиладиган тозалаш махсус технология, билим ва сармоя талаб этади. Бу имкониятлар хорижда қолса, кон эгаси ҳам ташқи қайта ишловчига боғлиқ бўлиб қолади.
Modern Diplomacy бу жараённи геосиёсий рақобат билан боғлайди. Хитой қайта ишлашда кучли мавқега эга, АҚШ ва Европа муқобил таъминот манбаларини изламоқда, Жанубий Корея эса минтақа ресурсларини ўз ишлаб чиқариши билан боғлашга қизиқмоқда.
Мақола уаллифнинг таклифича, келишувларни қазиб олиш ҳуқуқи билан чекламаслик. Улар техник ва иқтисодий жиҳатдан мақбул маҳаллий қайта ишлаш, кадрлар тайёрлаш ва технология ўтказишга хизмат қилиши керак. Очиқлик, экологик ҳимоя ва даромадларни аҳоли манфаатига йўналтириш ҳам муҳим. Акс ҳолда, хомашё сотиб, қиммат тайёр маҳсулот сотиб олишга асосланган қарамлик давом этади.
Кон лойиҳаси ҳақидаги хабарда инвестициянинг умумий суммаси кўрсатилиши ҳали халқ оладиган фойдани очиб бермайди. Бунинг учун мамлакатда қайси ишлаб чиқариш босқичлари ташкил этилиши, маҳаллий мутахассислар қандай технологияни ўзлаштириши, бюджетга қанча тушум келиши ва экологик харажатларни ким кўтариши ҳам маълум бўлиши зарур.
Ўзбекистон Конституциясининг 68-моддасида ер ости бойликлари умуммиллий бойлик деб белгиланган. Бу тамойилнинг амалий натижаси эса очиқ ҳисобот ва одамлар ҳаётида сезиладиган фойдада кўриниши керак.




