Конференцияда Ўзбекистоннинг Транскаспий йўлагидаги роли, транспорт инфратузилмасига инвестициялар ва Европа билан транспорт алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
2026 йил 30 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги 2-Миллий Транскаспий транспорт йўлаги конференцияси бўлиб ўтади.
Конференция Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Европа Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича Бош дирекцияси ҳамраислигида ташкил этилади. Унда ҳукумат вакиллари, халқаро молия институтлари, тараққиёт ҳамкорлари, шунингдек, транспорт ва логистика соҳасидаги хусусий сектор вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбирда транспорт ва умумий ўзаро боғлиқлик бўйича устувор йўналишларни аниқ инвестиция лойиҳалари ва ислоҳотларга айлантириш масалаларига эътибор қаратилади.
Конференция 2025 йил ноябрь ойида Тошкентда ўтказилган Транскаспий транспорт йўлаги ва Ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форуми ҳамда 2024 йил сентябрь ойида ўтказилган Транскаспий транспорт йўлаги Мувофиқлаштириш платформасининг 1-миллий семинари натижаларига асосланади.
Муҳокамаларда темир йўл ва автомобиль йўллари инфратузилмасига инвестициялар жалб қилиш, самарали логистика тармоғини ривожлантириш, транспорт ва савдо ҳужжатларини рақамлаштириш, чегарадан ўтиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.
Транскаспий транспорт йўлаги Марказий Осиёни Каспий денгизи орқали Кавказ ва Европа билан боғловчи транспорт йўналишларидан бири ҳисобланади. Европа Иттифоқи ушбу йўналишни ривожлантиришни Global Gateway стратегияси доирасида қўллаб-қувватламоқда.
Конференция Европа Иттифоқининг Global Gateway стратегияси доирасида молиялаштириладиган Транскаспий транспорт йўлаги Мувофиқлаштириш платформаси фаолиятининг бир қисми ҳисобланади. Платформа Марказий Осиёнинг беш давлати, Европа Иттифоқи, халқаро молия институтлари ва бошқа халқаро ҳамкорларни бирлаштиради.
Платформанинг асосий мақсади Европа ва Осиё ўртасидаги Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантиришга қаратилган инвестициялар ва ислоҳотларни мувофиқлаштиришдан иборат.
Конференция якунлари бўйича муҳокама қилинган устувор инвестициялар, йўлак самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар бўйича ҳамкорлик давом эттирилади.




