Бу Ўзбекистон учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи лойиҳаси халқаро молия институтларининг қўллаб-қувватлови билан янги босқичга чиқмоқда.
Баландлиги 335 метр бўлиши режалаштирилган тўғон қуриб битказилса, дунёдаги энг баланд тўғонга айланади.
Роғун ГЭСи Душанбедан 100 километр шарқда, Амударёнинг асосий ирмоқларидан бири бўлган Вахш дарёсида қурилмоқда. Лойиҳа Тожикистондаги электр энергияси тақчиллигини камайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистонга электр экспорт қилиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.
Лойиҳанинг асосий кўрсаткичлари:
Тўғон баландлиги — 335 метр;
Электр станцияси қуввати — 3 780 МВт;
Йиллик ишлаб чиқариш имконияти — 14,4 миллиард кВт·соат;
Ҳозирча 6 та агрегатдан 2 таси ишламоқда;
Учинчи агрегатни 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган;
Қурилишни тўлиқ якунлаш учун яна тахминан 5,8 миллиард доллар зарур.
Жаҳон банки лойиҳа учун жами 650 миллион доллар молиялаштиришни маъқуллаган. Осиё тараққиёт банки эса яна 500 миллион доллар ажратиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Бироқ Роғун ГЭСи Ўзбекистон учун фақат электр энергияси эмас, сув хавфсизлиги масаласи ҳамдир.
Вахш дарёси Амударё ҳавзасига киради. Шу сабабли Роғун сув омборини тўлдириш ва ундан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон ҳамда Туркманистоннинг қуйи оқимдаги ҳудудларига таъсир кўрсатиши мумкин.
Сув омборини босқичма-босқич 2039 йилгача тўлдириш режалаштирилган. Экологлар бу жараёнда қишлоқ хўжалиги учун сув таъминоти, иқлим ўзгариши ва дарё экотизимига таъсир билан боғлиқ хавфларни қайд этмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳа туфайли 50 мингдан ортиқ аҳолини бошқа жойга кўчириш зарурати юзага келади. Қурилиш ҳудудининг сейсмик фаоллиги ҳам мутахассислар эътиборида.
Роғун ГЭСи илгари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги жиддий келишмовчиликлардан бири бўлган. Ислом Каримов даврида Тошкент лойиҳага қарши чиққан. 2016 йилдан кейин икки давлат муносабатлари яхшиланиши билан Ўзбекистоннинг позицияси ўзгарган.
Шу билан бирга, 2025 йилда Ўзбекистон ва Туркманистондаги айрим жамоатчилик вакиллари Жаҳон банкининг инспекция механизмига лойиҳанинг экологик ва ижтимоий таъсири юзасидан шикоятлар киритган.
Роғун ГЭСи ишга тушгач, Ўзбекистон арзонроқ электр энергияси олиш билан бирга, Амударё сувидан барқарор фойдаланиш имкониятини ҳам сақлаб қола оладими?
Жаҳон банки лойиҳа минтақавий энергетика ҳамкорлигини кучайтиришини таъкидламоқда. Бироқ бунинг учун сув ресурсларини бошқариш бўйича қўшни давлатлар манфаатларини ҳисобга олиш муҳим.




