Европа Иттифоқи (ЕИ) Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, минтақада фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳам умид қилмоқда. ЕИ бу борадаги ёндашувини Қозоғистонда ўтказилган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё фуқаролик жамияти форумида яна бир бор тасдиқлади.
Мазкур форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этди. ЕИ вакиллари фуқаролик жамиятининг давлат бошқарувидаги, иқтисодий ва сиёсий жараёнлардаги иштирокини ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Минтақадаги фуқаролик жамиятининг ҳолати
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясида фуқаролик жамиятининг ролини ошириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. ЕИнинг Қозоғистондаги элчиси Алешка Симкич ҳам ҳукуматлар билан ҳамкорлик қаторида, айнан фуқаролик жамияти фаоллари билан ишлаш муҳимлигини қайд этди.
Форум давомида Марказий Осиё давлатларида фуқаролик жамиятининг иштироки ҳақида турли фикрлар билдирилди. Қонунчилик жараёнида фаоллар ва нодавлат ташкилотларнинг иштироки ортаётгани таъкидланган бўлса-да, минтақанинг баъзи давлатларида мустақил фуқаролик жамияти ҳали шаклланмагани қайд этилди.
Айниқса, Туркманистон каби ёпиқ давлатларда фуқаролик жамияти деярли мавжуд эмас. Қирғизистонда эса сўнгги йилларда демократик жараёнлар орқага кетмоқда. Бу мамлакат илгари минтақанинг энг эркин давлати сифатида қайд этилган бўлса-да, ҳозирда фуқаролик жамиятига қарши босим кескин кучайган. Нодавлат ташкилотларга халқаро ёрдам олиш масаласида чекловлар қўйилаётгани ва улар хорижий агентларга тенглаштирилаётгани Қирғизистон йўналиши ўзгараётганидан далолат беради.
Тожикистонда эса фуқаролик жамиятининг аҳволи янада мураккаб. Мамлакатда ўнлаб фаоллар ва журналистлар давлат тўнтаришига уриниш ҳамда давлатга хиёнат айблари билан қамоққа ташланган.
Қозоғистон ҳам фуқаролик жамиятига тўлиқ эркинлик берган давлат сифатида кўрилмайди. Форум арафасида Олматида 2022 йил январь воқеаларида иштирок этган 44 кишига суд ҳукми ўқилди. Улар экстремизм ва ҳокимиятни эгаллашга уринишда айбланиб, турли даражадаги қамоқ жазосига маҳкум қилинди.
Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда фуқаролик жамияти фаоллари, журналистлар ва блогерларга босимлар мунтазамлик касб этган. Айниқса, жамият фикрига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган блогерлар ҳукумат учун асосий нишонга айланган.
Яқинда шундай блогерлардан бири, собиқ депутат Қобил Дўсов қамоққа олинди. Дастлаб, у Таълим вазирлиги ходимини ҳақорат қилишда айбланиб, бир йилгача озодликни чеклаш жазосини олган эди. Аммо кейинроқ, интернетдан фойдалангани ва ижтимоий тармоқларда турли постлар жойлагани учун жазо тури озодликдан маҳрум қилишга ўзгартирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда сўнгги вақтларда Олий Мажлис депутатлари ва нодавлат ташкилотлар билан ишловчи жамоат фаоллари ҳам турли босимларга дуч келаётгани кузатилмоқда.
Европа Иттифоқи танқиддан кўра иқтисодий ҳамкорликни авфзал кўрмоқда
Европа Иттифоқи ташаббусидаги Марказий Осиё форуми фуқаролик жамияти фаолларига босимлар кучайган бир вақтда ўтди. Аммо бу ҳолат ЕИ ва Марказий Осиё ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликка таъсир қилгани, инсон ҳуқуқлари масаласи ташқи сиёсий музокараларда устувор мавзуга айлангани кузатилмаяпти.
АҚШ ва Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан ҳамкорликни ривожлантиришда фуқаролик жамиятини шакллантириш, сўз ва сиёсий эркинликни таъминлашни асосий шартлардан бири сифатида кўриб келган.
Бироқ сўнгги геосиёсий ўзгаришлар натижасида, авторитар бошқарув услуби ва инсон ҳуқуқларининг поймол қилинишида айбланаётган Марказий Осиё ҳукуматларига нисбатан халқаро босимлар анча заифлашгани кузатилмоқда.
Ўзбекистон мисолида ҳам ЕИ ёки АҚШ ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларига оид хатти-ҳаракатларини кескин танқид қилиш ўрнига, асосий эътиборни иқтисодий ҳамкорликка қаратаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Бу эса, ҳукумат томонидан қабул қилинаётган бир қатор чекловларнинг халқаро майдонда жиддий эътирозларга сабаб бўлмаслигига имкон бермоқда.




