Ўзбекистондаги қуш қўйиб юбориш дастурига халқаро эксперт шубҳа билдирди
Ўзбекистонда сўнгги уч ой давомида 2,3 мингдан зиёд осиё тувалоғи табиатга қўйиб юборилди. Расмий идоралар бу ишлар ноёб турни тиклаш, биохилма-хилликни сақлаш ва чўл экотизимини барқарорлаштиришга қаратилганини билдирмоқда.
Бироқ АҚШдаги экологик Mongabay нашри суҳбатлашган халқаро мутахассис бу жараённинг табиатни муҳофаза қилиш мақсадига шубҳа билан қараб, қушлар лочин билан ов қилиш учун қўйиб юборилаётганини айтди.
Mongabay маълумотига кўра, май ойида Қорақалпоғистонда қарийб 900 та, июнда яна 670 дан ортиқ, июль ойида эса Навоий вилоятида 778 та тувалоқ табиатга чиқарилган. Қушлар махсус питомникларда кўпайтирилган. Уларни қўйиб юбориш жараёнларида Ўзбекистоннинг экологик идоралари билан бирга Falcon Hunting Solutions компанияси ҳам иштирок этган.
«Бу ҳудудлар лочинчилар учун ов майдонлари»

Mongabay BirdLife International табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти биологи ва IUCNнинг тувалоқлар бўйича мутахассислар гуруҳи ҳамраиси Найжел Коллар фикрини келтиради.
Колларнинг айтишича, тувалоқлар чиқарилаётган ҳудудларда ёввойи популяция аллақачон мавжуд. Шу боис буни тур йўқолиб кетган жойга қайта олиб келиш — реинтродукция деб бўлмайди, балки мавжуд популяцияни сунъий ўстирилган қушлар билан тўлдириш деб қараш керак.
«Аслида, ҳар икки ҳудуд Форс кўрфази давлатларидан келадиган лочинчилар учун ов майдонларидир».
Колларнинг фикрича, сунъий кўпайтирилган қушларни чиқариш ёввойи тувалоқларга тушадиган ов босимини маълум даражада камайтириши мумкин, аммо бунинг ўзи тўлиқ табиатни муҳофаза қилиш стратегияси ҳисобланмайди.
Қушлар қўйиб юборишдан аввал ёввойи популяция сони, қанча қуш овланаётгани, қанча ов экологик жиҳатдан мақбул экани каби кўрсаткичлар ҳисобга олиниши кераклигини таъкидлайди.
Ўзбекистон томони эса бу тадбирларни ноёб турни асраш ва табиатдаги сонини кўпайтириш чораси сифатида кўрсатмоқда. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қушларни Қорақалпоғистон ва Навоийнинг чўл ҳудудларига чиқариш экологик мувозанат ва минтақанинг ноёб биохилма-хиллигини сақлашга хизмат қилишини билдирган.
БААнинг International Fund for Houbara Conservation (IFHC) жамғармаси ҳам қушларни табиатга чиқаришни муҳофаза дастури сифатида баҳолайди. Жамғарма маълумотига кўра, Ўзбекистонда бундай лойиҳа 2015 йилдан бери амалга оширилади ва шу давр мобайнида 10,4 мингдан ортиқ осиё тувалоғи табиатга қўйиб юборилган. IFHC ўз дастурларида чиқариш ҳудудлари олдиндан ўрганилиши ва қушлар кейинчалик мониторинг қилиниши ҳақида маълум қилади.
Дубай валиаҳд шаҳзодасининг севимли машғулоти
Mongabay кўтарган саволлар фонида яна бир муҳим контекст мавжуд. Ўзбекистон Форс кўрфази давлатларидан келадиган лочинчилар учун ов йўналиши сифатида ҳам танилган.

БААнинг The National нашри 2022 йилда Дубай валиаҳд шаҳзодаси Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ал Мактумнинг Ўзбекистондаги лочинчилик сафарини алоҳида ёритган. Нашр у Ўзбекистон чўлларига лочинлари билан мунтазам келиб туришини, мамлакат эса Яқин Шарқ қироллик оиласи вакиллари ва лочинчилар орасида машҳур эканини ёзган. Сабаб сифатида Ўзбекистонда ёввойи табиат шароитида ов қилиш имкони борлиги кўрсатилган.
Шайх Ҳамдан ўша сафардан лочинлар, чўлдаги лагер ва Ўзбекистон табиати тасвирланган фото ва видеоларни ижтимоий тармоқларида ҳам эълон қилган.
Масаланинг яна бир қизиқ жиҳати — тувалоқларни чиқаришда қатнашган Falcon Hunting Solutions компаниясининг расмий сайтида асосий йўналишлари қаторида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш ва Ўзбекистонда трофей овчилигини экотуризм йўналиши сифатида ривожлантириш кўрсатилган.
Компания ўз сайтида ноёб ҳайвонларни кўпайтириш учун питомниклар ташкил этишини ва уларни табиий муҳитга чиқаришни режалаштиришини ёзади. Ундп кўпайтирилган ҳайвонларнинг айримлари кейинчалик ов учун ишлатилиши ҳам очиқ қайд этилган.
IFHC умумий дастурларда қушлар мониторинг қилиниши ҳақида маълум қилса-да, Mongabay суҳбатлашган эксперт айнан Ўзбекистондаги жараён бўйича популяция, ов босими ва чиқариш самарадорлигига доир етарли очиқ маълумот йўқлигини танқид қилган.

Осиё тувалоғи (Chlamydotis macqueenii) йўқолиб кетиш хавфи мавжуд турлардан ҳисобланади. Mongabay материалида Ўзбекистонда қуш учун фақат ов эмас, инфратузилма ҳам жиддий хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлаган. Жумладан, чўл ҳудудидан ўтиши режалаштирилган 800 километрлик юқори кучланишли электр тармоғи тувалоқларнинг симларга урилиб нобуд бўлиш хавфини ошириши мумкин. Эксперт бу каби фундаментал хавфларни бартараф этиш қушларни сунъий кўпайтириб чиқаришдан кам аҳамиятли эмаслигини билдирган.




