Бу Бош прокуратуранинг талабидан сўнг бўлган. Россия Мусулмонлар диний бошқармаси (РМДБ) Уламолар Кенгаши “мулоқотга киришишнинг фойдаси йўқ” деб ҳисоблаб, ушбу фатвони бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Кенгаш раиси Шамил Аляутдинов ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, бу қарор Бош прокуратуранинг фатвони бекор қилиш ҳақидаги талаб ва “Россия жамоатчилиги фикри” билан боғлиқ. “Россия РМДБ Уламолар Кенгаши баҳслашишнинг фойдаси йўқ деб ҳисоблайди”, — деди Аляутдинов.
Ўтган ҳафтада РМДБ Россиядаги мусулмон эркакларга тўрттагача хотинга уйланишга рухсат берувчи фатво чиқарганини эълон қилган эди. Бу, агар аёл соғлиги ёки репродуктив ёшининг тугаши сабабли фарзанд кўра олмаса, ёки фарзандли бўлишни хоҳламаса, шунингдек, жуфтликнинг жинсий номутаносиблиги сабабли амалга ошиши мумкинлиги айтилган. Шунингдек, бу ҳолатда бошқа хотинларнинг борлигидан хабардор қилиниши шарт. Акс ҳолда аёл никоҳни бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
РМДБ раиси, бош муфтий Равил Гайнутдиннинг таъкидлашича, фатвонинг асосий мақсади кўпхотинли диний никоҳдаги аёллар ва болаларни ҳимоя қилишдан иборат. У бу фатво “дунёвий қонунчиликка аралашиш” эмаслигини, балки диний никоҳга оидлигини айтган.
Россия Оила кодексининг 14-моддасига кўра, бир шахс бошқа расман қайд этилган никоҳда бўлган тақдирда, янги никоҳни расмийлаштириш мумкин эмас.
Москва муфтийси, Уламолар кенгаши раисининг ўринбосари Илдар Аляутдинов томонидан чоп этилган баёнотда, фатво мазкур моддага зид эмаслиги таъкидланган. Чунки у никоҳ даврида мавжуд бўлган ҳақиқий муносабатларни бекор қилмайди. Аммо 23 декабрь куни Бош прокуратура РМДБ раҳбарига тақдимнома киритди. «Интерфакс» манбасининг маълум қилишича, бунга фатвонинг “амалдаги қонунчилик ва Россиянинг анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларни сақлаш ва мустаҳкамлаш бўйича давлат оила сиёсатининг асосларига зид келиши” сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва муфтийси Илдар Аляутдиновнинг уламолар кенгаши россиялик мусулмонларга агар эр барча хотинларга адолатли ва тенг муносабатда бўлса 4 тагача диний никоҳга киришга рухсат берган ҳақида хабар қилган эдик.




