Бугун Ўзбекистонда сунъий интеллект ва журналистика кесишган нуқтада янги китоб тақдим этилди. Таниқли журналист ва олим Беруний Алимовнинг “Журналистикада сунъий интеллект даври” номли асари медиа соҳасидаги ўзгаришларга жавоб излайди.
Китобнинг иккинчи номи — “Sun’iy intellekt va jurnalistika: yangi davrga qadam” бўлиб, у замонавий медиа қандай трансформациядан ўтаётгани ва журналистика қайси йўналишга бурилаётганини таҳлил қилади.
Uzdiplomat мухбири билан суҳбатда журналист, собиқ дипломат, филология фанлари доктори Беруний Алимов сунъий интеллектнинг Ўзбекистон журналистикасига таъсирини очиқ таҳлил қилди.
Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект аллақачон журналистиканинг ажралмас қисмига айланган.
“Бугунги кунда сунъий интеллект нафақат журналистиканинг шаклига, балки унинг тезкорлиги ва мазмунига ҳам таъсир қиляпти. Масалан, қўлингизда 700 бетлик статистик маълумот бор, эфирингиз эса 5 дақиқадан кейин — бундай вазиятда сиз AI’дан фойдаланасиз,” — дейди Алимов.
Бугунги журналист энди фақат матн ёзувчи эмас. У — оператор, монтажчи, таҳлилчи ва контент яратувчи. Ва бу жараёнда сунъий интеллект унинг энг яқин ёрдамчисига айланмоқда.
Алимов сунъий интеллектни идеал восита сифатида кўрмайди. У унинг асосий хавфларидан бири — дезинформация ва “галлюцинация” муаммоси эканини таъкидлайди.
“Баъзан журналист промт ёзади,сунъий интеллект эса бўлмаган манбаларни ҳам “кўрсатади”. Бу журналистиканинг асосий принципларига — аниқлик ва ишончлиликка зид.”
Яъни, технология ишингизни тезлаштиради, аммо назоратсиз ишлатилса — хатолар ва ёлғон ахборотни ҳам тез тарқатиши мумкин.
Энг муҳим савол — сунъий интеллект иш ўринларига қандай таъсир қилади?
Алимов бу борада аниқ позицияни билдиради:
“Сунъий интеллект ҳеч қачон журналистнинг ўрнини олмайди. Лекин ундан фойдаланмайдиган мутахассиснинг ўрнини олиши мумкин.”
Унинг айтишича, яқин келажакда таҳририятларда самарадорлик (KPI) асосий мезонга айланади. Ойига бир марта мақола ёзадиган журналист бу рақобатда омон қолмайди.
Ҳар йили минглаб ёшлар журналистика йўналишини тамомламоқда. Аммо бозор талаб қилаётган нарса — диплом эмас, амалий кўникма.
Сунъий интеллект билан ишлай оладиган, тез таҳлил қиладиган ва турли форматларда контент ярата оладиган журналистлар устунликка эга бўлади.
Алимов сунъий интеллектни оддий, лекин кучли ўхшатиш билан тушунтиради:
“Олов билан ҳам овқат пиширасиз, ҳам ёндиришингиз мумкин. Сунъий интеллект ҳам худди шундай — уни қандай ишлатишингиз муҳим.”




