Бу ҳақида Ўзбекистон ва Татаристон вакиллари учрашувида айтиб ўтилган.
Қайд этилишича, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Татаристонга амалга оширган ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, маданий ва гуманитар муносабатларни янада кучайтиришга хизмат қилувчи бир қатор муҳим тадбирлар ўтказилган. Ташриф нафақат расмий учрашувлар, балки икки халқни яқинлаштирадиган маданий ҳодисалар билан ҳам бой бўлди, дейилади хабарда.
Қозон шаҳрида Саида Мирзиёева Татаристон Республикаси раиси Рустам Минниханов билан учрашуви давомида Ўзбекистон ва Татаристон ҳудудлари ўртасидаги юқори суръатда ривожланаётган савдо-иқтисодий алоқаларнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинган.

Учрашувда айниқса гуманитар ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Қайд этилишича:
– Ўзбекистонда энг йирик татар диаспораси истиқомат қилади.
– Татаристон эса Россиядаги асосий таълим ҳамкорларидан бири: бу ерда 3,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда.
Қозон Кремлида “Оламлар орасидаги нур”: икки музей коллекциясини бирлаштирган кўргазма
Ташрифнинг муҳим маданий воқеаларидан бири Қозон Кремлида — ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий мажмуада — «Оламлар орасидаги нур» кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтган.

Кўргазмада:
Россиянинг “Янги Қуддус” музейи, ҳамда Қорақалпоғистондаги И. Савицкий номидаги давлат санъат музейи коллекциялари биринчи марта бир экспозицияда жамланди.
Ўзбекистон ушбу кўргазмага рус авангарди санъатининг 70 та дурдона асарини тақдим этди. Улар орасида Соломон Никритин, Александр Шевченко, Василий Чекригин, Сергей Романович, Михаил Соколов, Роберт Фальк каби машҳур усталарнинг асарлари бор.

“Sands of Time” концерти: миллий оркестр ва замонавий мусиқанинг уйғунлиги
Ташрифнинг яна бир аҳамиятли қисми — G‘aliasqar Kamol номидаги Татар давлат академик театрида бўлиб ўтган “Sands of Time” концерти бўлиб ўтди.
Дастур:
– маэстро Алибек Кабдурахмонов бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри,
– ҳамда жаҳонда танилган Richter Trio иштирокида ижро этилди.
Ушбу мусиқий дастурнинг ўзига хос тарихи бор: унинг премьераси 2023 йил Берлинда бўлиб ўтган, кейинчалик Тошкент, Лондон, Париж ва Токио саҳналарида ҳам намойиш этилган.
Эндиликда бу асар Татаристоннинг асосий маданий майдонларидан бирида — Қозонда — янгради.




