Бу хабар бир зумда тарқаб кетди. Кўча-кўйда ҳам, хонадонларда ҳам билган-у билмаганлар оғзида бир гап – Мухторов Америкада қазо қилибди…
Фарғона аҳли, гарчи орадан 32 йил ўтган бўлсада уни яхши эслайди.
– Ташкилотчилиги қанча бўлса, адолатсизлиги, зулми ҳам шунча эди унинг. –Аксарият одамлар уни шундай эслаб қолгандилар.
Хўш, ўзи Америкада оламдан ўтсада Фарғона, Марғилон аҳлига ўтмиш воқеаларини ёдга солган ким эди ўзи?
Унинг асл исми Авазхон Мухторов бўлсада, атрофдаги ва қўл остидагилар “хўжайин” деб атардилар. Ва бу унга ёқар эди.
Авазхон Мухторов мактабни тугаллагач Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирган. Бунда савдогар акаси Темурхон қўллаб-қувватлаганини аҳён-аҳёнда гапириб қўярди. Талабалик йиллари кўз очиб юмгунча ўтди. Энди у баланд бўйли, келишган, қарашлари қатъий, сўзамол йигит эди. Айтишларича, акасининг ҳамкасблари ўртага тушиб, ўша пайтдаги вилоят партия қўмитаси иш бошқарувчиси Жалол Жамоловнинг қизига совчи қўйишади. Жалол Жамолов ўз даврининг мавқеси баланд амалдори, бойларидан бири эди. Шу билан бирга у узоқни ўйлайди. Вилоятда университет ҳуқуқшунослик факультетини битирганлар кам бўлгани учун ҳам ёш йигитнинг истиқболини тасаввур қилиб кўрди. Агар ўзи салгина қўллаб юборса-чи?
Шундай ҳам бўлди. Тўйдан кейин куёв бола прокуратура тизимига терговчи қилиб ишга олинди. Бир йил ўтар-ўтмас, Тошлоқ, Қува туманлари, кейин Марғилон шаҳрига прокурор этиб тайинланди. Ундаги бошқарув қобилияти, шиддат, қатъият, баланд рух туфайли ишлаган жойидаги партия қўмитаси раҳбарлари норасмий равишда бўлсада у билан ҳисоблашардилар. Энди у туман ёки шаҳар миқёсига сиғмай қолгандек сезарди ўзини. Ўшанда тарих Ўзбекистонга мустақиллик келтирди. Партия давлат бошқарувидан четлатилди. Ҳокимият тизими тизгинни олди. Авазхон Мухторов дастлаб вилоят, кейинроқ мамлакат миқёсидаги раҳбарлик амалларини кўзлай бошлади. Лекин юқори лавозимга чиқиш учун у президентга яқин одам топишим зарур деб ҳисобларди. Шунда унинг кўчасида байрам бўладиган воқеа рўй берди. Асли афғонистонлик Абдурауф Мақсудий президент Ислом Каримовга қуда бўлди. Мақсудийнинг ота ва боболари Марғилонлик бўлиб, йигирманчи асрнинг йигирманчи йиллари қатағон ва қулоқ ҳаракати даврида водийдан Афғонистонга қочиб кетишганди. Мақсудийлар оиласидаги Абдурауф тужжорлик туфайли бадавлат бойлардан бирига айланди ва Америкага кўчиб кетди. Президент билан АҚШдаги учрашувидан кейин (учрашувда унинг ўғли Мансур Мақсудий ҳам иштирок этган) улар қуда бўлдилар: Гулнора Каримова Мақсудийлар оиласига келин бўлиб тушди.
Ана шундай доруломон кунларнинг бирида Абдурауф Мақсудий ота яқинларини излаб Марғилонга келади ва бу ерда унга узоқроқ бўлсада жияни борлигини аниқлайди. Мақсудий уларнинг бири Муртозохон аканинг хонадонига келади. Қариндошлари топилади ва учрашадилар. Бундай хабар Авазхон учун гўё “оллоҳнинг неъмати” эди. У дархол Муртазохон ака уйига келади, ўзини бу оилага яқин қариндошлардек тутади ва Абдурауф Мақсудийга чексиз эҳтиром кўрсатади, олий даражадаги меҳмондорчиликлар ташкил қилади, саҳийлик, хотамтойлик кўрсатиб қимматбаҳо совғалар тортиқ этади. Бундай хол Абдурауф Мақсудийга маъқул тушади. Чунки у тужжор. Савдогарлар эса пул қадрини яхши биладилар. Абдурауф Мақсудий ва Авазхон Мухторов ўртасидаги муносабат шу қадар яқинлашадики, ўша пайтда тарқаган гапларга қараганди, “қуда буво” президентни Мухторов сизга энг садоқатли инсон, дея ишонтира олган. Шундан сўнг Мухторов Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги давлат назоратининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғига айланади. Аслида янги тузилма ваколатларига кирадими, йўқми, билмадигу, Мухторов барча кучишлатар тизим, ҳокимият раҳбарларини ҳам ўзининг оғзига қараб турадиган қилиб қўйган. Чексиз ҳокимият Авазхон табиатидаги очилмаган қирраларини намоён этди. У вилоятда мутлоқ ҳокимият эгасиман, деб ҳис қиларди ўзини. Унинг номини эшитган одам борки, хушёр тортарди. Йиғилишларда минбарда, вилоят ҳокими ёнида ўтирарди. Мухторов Мақсудий туфайли республика раҳбарлари орасида ҳам тез-тез кўриниш берар, уларга ҳам кибр билан муносабат қиларди. Ундаги руҳий қатъиятдан вазирлар ҳам “чўчиб” қолганига неча бор гувоҳ бўлганман.
Энди Мухторов учун янги поғона керак бўлиб қолди. Бу маслахат кимдан чиқанини билмайман, аммо унга “аввал бир оз бўлсада вилоят ҳокими бўлиб ишлашинг керак, ана ундан кейин…” деб тавсия берганлар. Бу вақтга келиб Мухторов мамлакат миқёсидаги олий раҳбарият маслахатчиларига ҳам яқинлашиб улгурган эди. Чунки у мақсадига етиш учун ҳеч нарсани аямайдиганлар тоифасидан бўлган. Хуллас, 1992 йилнинг илк ойларида мамлакатдаги бошқарувнинг вилоят кенгашлари вилоят ҳокимлигига айланди. Деярли барча вилоятларда ташкилий сессиялар бўлиб ўтди. Жумладан Фарғонада ҳам.
Одатда сессиядан бир кун аввал президент давлат маслахатчиси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари, баъзида ҳокимларнинг ҳам иштирокида тор доирада йиғилиш ўтказар ва унда вилоят раҳбарлиги лавозимига номзод эълон қилиниб, у ҳақидаги фикрлар сўраларди. Бу гал Фарғонада ҳаммаси ўзгача бўлди. Ислом Каримов сессия тайинланган кундан бир кун аввал Фарғонага келди ва ҳоким лавозимига номзоди ҳақида депутат ва шаҳар-туман ҳокимлари фикрини шахсан ўзи билмоқчи бўлди.
14 июл, 1992 йил. Фарғона вилояти ҳокимлигининг иккинчи қаватидаги хоналарнинг бири. Бу ерга шаҳар ва туман ҳокимлари, Олий Мажлис депутатлари йиғилган. Хонага президент Ислом Каримов билан бирга Исмоил Жўрабеков ва Мавлон Умрзоқовлар кириб келишади.
– Фарғона иқтисодий жиҳатдан мамлакатнинг қудратли вилояти. Шунинг учун бу ерга фидойи, ватанпарвар, доно сиёсатчи раҳбар керак, – деди Исмоил Жўрабеков гапни масала мохиятидан бошлаб. – Ислом Абдуғаниевич эртага, халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида бу лавозимга Авазхон Мухторовни тавсия этмоқчилар. Бу номзод ҳақида ҳар ким ўз фикрини айтсин.
Каримов бош силкиб Жўрабеков сўзларини маъқуллади.
Хеч ким биринчи бўлиб сўз бошлашга ботина олмаётган эди, Жўрабеков ёрдамга келди:
– Биласизлар, Мухторов узоқ йиллар прокурор лавозимида ишлаган. Сўнгги пайтда эса Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги давлат назорати қўмитасининг вилоят бошқармасини бошқариб келяпти. Яхши юрист.
Шундан кейин бир-икки киши “муносиб номзод”, деди.
Лекин президент бу жавобдан қониқмаётган эди. У Мухторов ҳақида аниқ фикр, тавсиф эшитишни истарди.
– Эртага у билан Сизлар ишлайсизлар, шунинг учун номзодга муносабатингизни аниқроқ билдиринг, – деди бир оз норози оҳангда Каримов.
– Рухсат берсангиз, мен фикримни айтсам.
Президент қаршисида тик турган йигитни таниди. У Тошлоқ райони ҳокими Қаҳрамон Сотволдиев эди. Олий Мажлис сессиясида бюджет муҳокамаси чоғи жўяли таклифлари билан сўзга чиққан.
– Марҳамат, мен сизларни тинглаш учун келдим бу ерга. Гапиринг.
– Авазхон Мухторовни узоқ йиллардан буён биламан. У ҳозир мен бошқараётган районда ҳам прокурор бўлган. Аввало, ундаги ташкилотчилик қобилиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Бир ишга қўл урдими, уни албатта қисқа муддатда охирига етказади. Бундай фазилат вилоят ҳокими учун жуда зарур ва муҳим.
Қахрамон Сотволдиев шу сўзларни айтдию, бир оз тин олди. Шунда Жўрабеков:
– Давом этинг, ўртоқ Сотволдиев, номзодни қўллайсизми?
Нотиқ қарасаки, Президент ҳам унга тик боқиб турибди. У ички кучини йиғиб, иродасини намоён этди.
– Йўқ, Исмоил Ҳакимович. Ислом Абдуғаниевич! Мухторовни вилоят раҳбари этиб тайинлаш менимча хато бўлади. Вилоят ҳокими прокурор эмас, аввало сиёсатчи бўлиши керак. Менинг назаримда сиёсатчи халқ дипломатиясига асосланиши, оёғи ерда бўлиши, одамлар орасида уларнинг дарду – муаммоси билан яшаши керак. У халқ хизматкори бўлиши лозим. Айниқса, ҳозирги, мамлакатда иқтисодий қийинчиликлар бор пайтда. Мухторов эса бундай қила олмайди. Чунки у одамлар унга ҳамиша тобе бўлишига ўрганиб қолган. Кибри баланд. Ўзидан қуйидагиларни камситади, назар-писанд қилмайди. Ман-манлик унинг табиатига шу қадар сингиб кетганки, уни ўзгартириш жуда мушкул.
Сотволдиев бу гапларни бир нафасда айтиб олди. Кейин илтижоли оҳангда деди:
– Ислом ака, Авазхон Мухторовни вилоятнинг биринчи раҳбари қилиб бўлмайди.
Ҳамма унга қаради. Қаҳрамон Сотволдиев Тошлоқ туманининг ҳокими бўлиб ишласада, эски икки қаватли уйларнинг бир хонали хонадонида оиласи билан камтарона яшар, халол, адолатлилиги туфайли халқ меҳри ва ҳурматини қозонган инсон сифатида танилган. Қолаверса, у Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати ҳам эди.
Президент ҳар қандай холатни кутган бўлсада, бунақасини ҳаёлига ҳам келтирмаганди. У қўлидаги ручканинг ҳали у ён, ҳали бу ёнини столга урарди. Битта шахс ҳақида икки хил фикр. Лекин қатъий қарор қабул қилиши керак у.
– Бу сизнинг шахсий фикрингиз, – деди норози оҳанг ва нигоҳ билан Жўрабеков. – Бошқалар нима дейди?
Шаҳар-туман раҳбарлари Авазхон Мухторов давлат назорати қўмитаси вилоят бошқармаси бошлиғи бўлиб тайинлангач аслида раҳбар ким эканлигига тушунмай қолган эди. Ўша пайтдаги вилоят раҳбари Ғулом Фозилов бир йўналиш белгиласа, Мухторов аксини талаб этарди улардан. Президентнинг сукут сақлаётгани унинг Сотволдиев эътирозларини қабул қилганимикан? Шу ўйда турган Данғара тумани ҳокими Олимжон Юсупов ўзида журъат топди:
– Сотволдиев тўғри айтяпти, Ислом Абдуғаниевич, Мухторов аввал халқ билан мулоқотни ўрганса яхши бўлар эди…
Хонадаги бошқа раҳбарлар ҳам “шундай–шундай” деб Олимжон Юсуповни қувватладилар.
Жўрабеков энди нимадир демоқчи эди, президент уни тўхтатди-ю, ўрнидан туриб бир сўз айтмай эшик томон юрди.
Ислом Каримов ичидаги саволларга жавоб топгандек эди. Лекин…
Шу тунда ва эртаси эрталаб қандай воқеалар рўй берди, менга қоронғу. Аммо ташкилий сессияда Ғуломжон Фозилов лавозимидан озод этилиб, Мирзажон Исломов Фарғона вилояти ҳокими, Авазхон Мухторов эса унинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди…
Авазхон Мухторов ҳоким бўлолмай қолганидан аламда эди. Шундай бўлсада, биринчи кунданоқ ҳокимиятни ўз қўлига олди. Исломов расман ҳоким. Аммо вилоят идора, ташкилот, йирик корхона, шаҳар-туман раҳбарлари барча масалада аввал Мухторов олдига кириб масалани келишар, ҳал қилар эди. Агар у рухсат берса, шундан кейингина бу ҳақида вилоят ҳокимини хабардор қилиб қўярдилар. Мухторовдан аввал ҳокимга кириб қўйган айрим раҳбарлар “адабини еган” ёки лавозимидан четлатилган. Шундан кейин эл ичида “Исломов Мухторовнинг сояси” деган гап тарқалиб кетди.
Авазхон Мухторов юриш-туриши билан ҳамманинг, жумладан республика ҳукумати аъзоларининг ҳам кўнглига қўрқув солган. Унинг вилоят ҳокимлигидаги кабинети олд йўлаги тўсиб қўйилган бўлиб, автомат кўтарган икки барваста рус йигитлари қўриқлашар эди. Ўзи ҳамиша ёнида пистолет осиб юрарди. Ҳайдовчиси ёнидаги ўриндиқда эса ҳар доим забардаст йигит автоматини шай ҳолда тутиб ҳамроҳлик қилган. Буни кўрган одамлар, раҳбарлар борки, дуч келса, савол берса тили калимага келмай қоларди. У эса барчага мазхаралагандек муносабатда бўлган.
Бутун Фарғонага, ҳатто мамлакат ҳукумати раҳбарларига ҳам таъсири кундан-кун ортиб бораётган Авазхон Мухторовнинг алами ичида. У ҳоким бўлолмади. Бунга эса Қаҳрамон Сотволдиев айбдор деб биларди. Шунинг учун вилоят ҳокимиятидаги фаолиятининг дастлабки куниданоқ унга зимдан қарши ишлай бошлади. Ҳалол, адолатли, халқ суйган ҳокимга қарши “далил” лар керак эди. Тополмаса, ташкил қилишдан ҳам тоймасди. Чунки Қаҳрамон Сотволдиевнинг Тошлоқ туманида раҳбарлик қилиб юриши унга тинчлик бермай қўйганди. Янги амал, бошқа имкониятлар, таниш-билишларини аллақчон ишга солган. Аммо улар “компромат” сўрашар эди…
Шундай кунларнинг бирида, 1992 йил 28 сентябрда менга, Ўзбекистон телевидениесининг Фарғона водийсидаги махсус мухбирига Ўзбекистон телерадиокомпанияси раҳбариятидан муҳим топшириқ берилди.
– Финландия президенти Мауно Койвисто Ўзбекистонга келяпти. Ўзаро ҳамкорлик ҳақида аниқ мисол асосида репортаж тайёрлаш лозим!
Бу “Ахборот” дастури учун эди. Мен кун бўйи Фарғона ва қўшни вилоятлардан сўраб суриштирдим. Биронта воқелик йўқ. Фақат Тошлоқ туманидан бир кичик мисол топдим.
Ўша йилларда хўжаликлар режадан ортиқча етиштирган пахта хосилини ўзлари сотиш ҳуқуқига эга эди. Тошлоқдаги қурилиш-монтаж ташкилоти 200,0 тонна пахта толасини улардан харид қилиб Финландияга юборган. Эвазига мебел ишлаб чиқариш ускуналари олишга келишган. Шартнома бор, тола юборилган, аммо ҳали ускуна етиб келмаган. Мен бу ҳақида телевидение раҳбариятига айтганимда тез материал тайёрлаб юбораверинг, чунки бошқа ҳеч қандай гап топилмади, дейишди. Дарҳақиқат, 1992 йилда яна нима ҳам бўлсин, Ўзбекистон эндигина мустақил бўлган, қолаверса, Европа мамлакатлари билан тўғридан-тўғри иқтисодий алоқалар ҳали йўлга қўйилмаганди.
Мен қурилиш ташқилоти фаолияти ҳақида шартномаларни кўрсатиб, раҳбаридан умидбахш интервью олиб “Тошлоқда финн русумли мебеллар ишлаб чиқарилади” деган сарлавҳа билан репортаж тайёрлаб юбордим. У шу куниёқ эфирга берилди. Эртаси куни Финландия президенти Мауно Койвисто Тошкентга келди. Ҳамкасбларим ҳар икки президентдан сафардан кўзланган мақсад ҳақида интервью олдилар. Шунда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жумладан: “Мен кеча “Ахборот”да Тошлоқ туманига Финландия технологиясини сотиб олишаётгани ҳақидаги репортажни кўрдим. Тошлоқликлар жуда яхши иш қилишибди. Финландия мебелсозлик технологияси Европада етакчидир”, деди. Интервью кечки “Ахборот”да эфирга узатилди.
Ҳамма машмаша ва кўргулик шундан бошланди. “Ахборот” тугар-тугамай мени вилоят ҳокимиятига чақиришди. Учинчи қават йўлагидаги автоматли икки қўриқчи тинтувдан ўтказгач мени Исломов эмас, Мухторов хонасига бошлашди. Ичкарига салом бериб кирдим. Мухторовнинг абзойи бузуқ, кўзлари қаҳрли, юзидаги бунчалар нафратни эса биринчи бор кўришим.
– Умрингни қамоқда чиритаман сен …ни! – дея бақира кетди у. – Сен порахўр ва халқ, давлат душманисан. Ўзинг айт, Қарҳрамон Сотволдиев сени қанчага сотиб олди? Гапир!
Мен гап нимада эканини англай олмасдим. Қаҳрамон Сотволдиев… Ҳа у Тошлоқ ҳокими-ку, лекин у мени нега сотиб олиши керак? Шу ўйлар бошимда айланарди-ю, тилим гўё қотиб қолгандай, калимага келмасди.
– Мен ҳеч нимани тушунмаяпман, – дея олдим аранг паст овозда.
– Ие-е, ўзингни овсарликка соляпсанми?
– Эртага Тошлоқда ташкилий сессия бўлиши, ҳоким ишдан олиниши керак эди. Шунинг учун ҳам Қаҳрамон сени ёллаган. Тошлоқ ҳақида ёлғондакам репортаж қилиб, айнан президент кўрадиган “Ахборот”да чиқаргансан. Бу учун ундан қанча, қаерда, ким орқали пул олганингни айтасан. Бўмаса қаматаман!
Мухторовни узоқ йиллардан буён танир эдим. У ҳам аслида мени яхши билади. Президентнинг мамлакат ҳудудларига сафарларида мухбир сифатида ҳамроҳлик қилиб туришим, давлат раҳбари мени шахсан танишидан ҳам хабардор бўлсада, буни тан олгиси келмасди. Аксинча, бундан ғашланарди. Прокурорлик чоғида унинг ясама айбловлари билан судланган Бахтиёр Охуновга оқлов ҳукми чиқарилгани ҳақидаги хабаримдан сўнг менга тиш қайрай бошлаган. Энди эса…
Мен ўзимни қўлга олдим. Тошкент мени қаматиб қўйиб томошабин бўлиб турмас, деган ўйдан танамга илиқлик юрди.
– Биринчидан, мен телевидение раҳбарияти топшириғи билан Тошлоқдан материал тайёрладим. Иккинчидан, Қаҳрамон Сотволдиев бу ҳақида билгани ҳам йўқ, уни хабардор қилишга вақт йўқ эди. Учинчидан, Қаҳрамон Сотволдиев Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати, туман раҳбари. Бу тумандан ижобий репортажлар бериб туришдан тийилиш ҳақида ҳеч ким ҳеч нима демаган, менга.
– Ҳали сенга ҳисобот беришимиз керакмиди? – Мухторов столни бир муштлаган эди кофе идиши ағанаб кетди. – Отангни таниганим учун ҳам сенга йигирма тўрт соат мухлат, Фарғонадан қорангни ўчир. Йўқса, сўзим сўз, умринг қамоқда ўтади. Йўқол! (Бу сўзларга кимдир гумон қилар. Лекин у хамон ҳозиргина айтилгандек қулоғим остида жаранглаб турибди)
Менга ҳукм ўқилганди.
Уйга қайтиб хотинимга (бечора, не кунларни кўрмаган мен туфайли) бўлган гапни айтдим.
– Тошкентга бораман, Яхяев (телерадио қўмитаси раиси) билан гаплашаман. Балки ҳаммаси яхши бўлар, бўлмаса сизларни яна Тошкентга олиб кетаман, кўп ҳафа бўлманглар, – дедим унга масалани ётиғи билан тушунтириб.
Бояқиш нима ҳам қила оларди, кўнадида. Ул-бул кийимлардан олиб пойтахтга йўлга чиқдим.
– Ахир сен Мухторовнинг феълини билардинг, айб ўзингда, Тошлоққа бормаслигинг керак эди-да, – деди раис гўё кечагина менга берган топшириғини унутгандек. Қолаверса, “Ахборот” унинг тасдиғидан кейингина эфирга берилади. Билдимки, Мухторов раисни ҳам йўлига солган. – Ҳа, майли, бўлар иш бўлибди, шу ерда ишлайверасан.
Раис бу гапларни шу қадар беписандлик билан айтар эдики, гўё қаршисида инсон, унинг тақдири ҳал бўлаётганига мутлақо дахлсиздек.
– Шу кунларда Россиядан нуфузли делегация келади, уни ёритишга тайёргарлик кўр!
Бу гап тамом дегани. Наилож? Ҳар галгидек, Ўзбекистон–Россия муносабатлари ҳақида озгина бўлсада маълумот йиғдим. Музокара кун тартибидаги мавзуларни ўргандим.
Орадан кўп ўтмай Россия хукумати аъзолари Ўзбекистонга келди. Улар жумладан саноат корхоналарига ҳам бордилар. Сафар якунида уларни аэропортда кузатиш чоғи мен имкон топиб кимё саноати вазирлиги вакилидан интервью олдим.
Ўша кунлари Россиянинг бир неча оммвий ахборот воситалари “Ўзбекистон мустақилликка эришгач муҳим саноат тармоқларида жиддий муаммолар чиқди. Сабаб – русзабон мутахассисларнинг мамлакатдан оммавий равишда кўчиб кетаётгани,” деган қабилида ахборот тарқатаётган эди. Мен қаршимдаги амалдордан “Ўзбекистондаги реал аҳвол билан танишдингиз, Россия журналистларининг хулосаси, жумладан кечагина “Комсомольская правда” газетасида босилган шу мавзудаги мақола юзасидан нима дея оласиз”, деб сўрадим.
Россия мулозими менимча бундай саволни кутмаган. Чунки музокаралар чоғи ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, рубл (Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин ҳам уч йил давомида ўз пул бирлигини чиқармай Россиянинг волютаси – рубл доирасида қолган эди) ни мустаҳкамлаш чоралари ҳақидаги масалалар муҳокама қилиниб бир фикрга келинган эди. Аммо у ҳақиқатдан юз ўгирмади.
– Ҳа, афсуски Россияда шундай фикрлайдиган журналистлар бор. Мен сафарим чоғи ишонч ҳосил қилдимки, бугун саноат корхоналаридаги маҳаллий ёшлар малакали мутахассисга айланган ва ишлаб чиқаришда кадрлар билан боғлиқ муаммо йўқ. Айтиш мумкинки, масалан, кимё саноатида аввалги кўрсаткичлардан ҳам сифат ва миқдорий ўсишга эрилишган. Бу сизнинг россиялик ҳамкасбларингиз ҳақ эмаслигини кўрсатади.
Мен миннатдорчилик билдирдим. Самолет учиб кетди.
Аслида ўйлаб-ўйлаб тузган саволим қалтис эканини билардим. Чунки ҳали Россия “оғалик”дан воз кечмаган, Ўзбекистон эса нафақат сиёсат ёки иқтисод, балки бошқа кўп соҳаларда ҳам у билан чамбарчас боғлиқ эди. Шундай қудратли давлатнинг ваколатли вакиллари бўлган ҳукумат аъзоларига саволим ёқмаслиги ҳам мумкин эди. Чунки коса тагида ним коса бор эди. Буни бошқалар ҳам пайқагани аниқ. Минг шукурки, меҳмон гиналанмади. Очиқ жавоб қилди.
Шу куни мен умуман ўйламаган, кутмаган воқеалар рўй берди. Биргина савол журналист тақдирида муҳим ўзгариш қила олишини кўрдим. Репортаж, интервью “Ахборот”да берилгач, эшитишимча, президент “Обидов ақлли савол берди, тақдирлаб қўйинглар”, дебди. Аслида президентга саволдан кўра жавоб ёққан, менимча.
Телевидение раҳбарияти мени ойлик иш ҳақи миқдорида мукофотлади. Кечки пайт эса редакцияга Фарғона вилояти ҳокимининг ёрдамчиси Ўктамжон Мамажонов қўнғироқ қилди.
– Обидов, тез Фарғонага қайтинг, Исломов чақиряпти сизни!
Юрагим орқамга ториб кетди. Яна нима гап экан, ахир Мухторов…
Туни билан машина ҳайдаб эрталаб Фарғонага етиб келдим.
– Э-э, бормисиз, Муҳаммаджон, – дея кулиб қарши олди вилоят ҳокими.
Мен бундай “илиқ” муомаладан ҳайратга тушдим. Чунки, уч-тўрт кун аввал Мухторов мени вилоятдан ҳайдаганида Исломов олдига адолат излаб кирган эдим. У эса Авазхон тўғри айтибдилар, сиз Қаҳрамонни атайин ҳимоя қилмоқчи бўлгансиз, деганди. Бугун эса…
– Гап бундай Муҳаммаджон. Президентимиз сиздан ҳурсанд бўлибдилар. Давлат маслахатчиси телефон қилди. Сизни қўллаб-қувватлашимизни топширди. Айтинг, нима қилайлик? Балки машина ёки квартира керакдир? (90-йилларнинг бошида квартира ва машина навбатга кўра ҳокимият тақсимоти ва қарори билан берилар эди, гарчи пулга сотиб олсангиз ҳам. Чунки улар танқис бўлиб, сотиб олиш учун узоқ йиллар навбат кутилган. Менга эса навбатсиз беришмоқич бўлишган.)
Менга ҳеч нима керак эмаслигини айтдим ҳокимга. Аммо у қайсарлик қилманг, тепага топшириқ бажарилди, дейишим керак, айтинг, сизга нима керак ўзи, деб туриб олди. Шунда ҳаёлимга бир фикр келди.
– Ундай бўлса, ҳамма ўринбосарларингизни чақириб президент эътирофи ва маслаҳатчи топшириғи ҳақида эшиттирасиз. Шарт шуки, улар орасида Мухторов ҳам бўлсин, – дедим. – Менга шуниси етарли, юқорига эса нима десангиз ҳам розиман.
Исломов шартимга кўнди. Мени уйга бориб кутиб туришимни тайинлади.
Тушдан кейин ҳоким ёрдамчиси мени яна чақирди.
– Айтдим, аэропортда бўлган гапни, президент муносабатини ва топшириқни ҳам, – деди ҳоким осмондаги юлдузни уриб туширгандек. – Мухторов ҳам эшитди, бу ҳақида.
Мен ҳокимга миннатдорчилик билдириб кетмоқчи бўлгандим, у мени тўхтатди.
– Сиз Авазхондан узр сўранг, кейин Фарғонада қолиб ишлайверинг. Биз келишиб олдик.
– Узр? Нима учун? – Ҳайратдан кўзларим чаноғидан чиқай деди.
– Қайсарлик қилманг, Обидов. Битта кечирим сўрайсиз, вассалом. Уйингиз, бола-чақангизни ҳам ўйлайсизми ўзи? – Бу гал ҳоким овозини кўтариб дўқ аралаш гапирганди.
Авазхон Мухторов ёрдамчиси огоҳлантирилган шекилли, ичкарига кириб чиқди-ю, мени кутишаётганини айтди. Ичимда қўрқув билан эшикни оҳиста тақиллатгач, бошимни суқдим. Мухторов тўридаги ҳайбатли столида сочилган қоғозларни ҳали униси, ҳали бунисини олиб ўқиётгандек тутарди ўзини. Мен эшик олдида тошдек қотганман. Бир сўз демади. Чамаси беш дақиқалар ўтди. Аммо кунлар ўтгандек туюлди.
Ниҳоят бошини кўтарди-ю, ғазаб билан “Бор йўқол, ишлайвер”, деди. Бу мен учун “амнистия” эди.
– Раҳмат, Авазхон ака, – дедиму, хонадан отилиб чиқиб кетдим.
Орадан бир ойга яқин вақт ўтди. Қаҳрамон Сотволдиев Тошлоқ тумани ҳокимлигидан озод этилди. Кейин тафсилотлардан хабар топдим. Финландия президентининг Ўзбекистонга ташрифи кунлари Тошлоқда навбатдан ташқари сессия режалаштирилган экан. Аммо президент интервьюсида “Тошлоқда яхши ишлар қилинибди” дегани учун Давлат маслахатчисининг (оллоҳ умр берсин, улар ҳали барҳаёт, соғ-саломатлар) тавсиясига кўра сессия қолдирилган.
Ўша пайтда Фарғона вилояти ҳокимлигининг кимнидир “майдондан четлатиш” услуби бор эди. Унга кўра вилоят ҳокими ва ундан юқори турувчи идораларга ўша “кимнингдир” устидан “меҳнаткашлар”нинг жамовий аризаси ташкил этилади. Кейин ариза текширилар, унинг хато ва камчилиги, балки айби аниқланар, муҳокама қилиниб вазифасидан олинган.
Бу гал ҳам шу услубни қўлладилар. Тошлоқ районилик бир гуруҳ уруш ва меҳнат фахрийларининг вилоят ҳокими М.Й.Исломовга Мурожаати “Тошлоқликлар шаънига доғ тушмасин” сарлавҳаси билан “Олтин водий” газетасининг 1992 йил 3 ноябрдаги 138-сонида чоп этилди. Мурожаатчилар Тошлоқ райони ҳокими, Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Қаҳрамон Сотволдиевнинг “айбларини” баён қилиб, унга нисбатан чора кўришни сўрадилар. Уч кун аввал “материал” Ўзбекистон Давлат назорати қўмитасининг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан “ўрганилган” ва унинг натижаси “Олтин водий” газетасининг 1992 йил 31 октябрдаги 137-сонида эълон қилинган. Унга кўра мурожаатда саналган “айблар” тасдиғини топган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат назорати комитети Фарғона вилояти бошқармаси ҳайъатининг 1992 йил 30 октябрдаги қарорида Тошлоқ райони ҳокими Қаҳрамон Сотволдиев Ўзбекистон Президентининг 1990 ва 1991 йиллардаги Фармонлари ижроси ҳамда районни кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ишларида хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги айтилади. Жумладан унда яна шундай сатрлар ҳам бор:
“Район ҳокими Қ.Сотволдиев Финландия Президентининг Республикамизга келганлигидан фойдаланиб, кўзбўямачилик учун Республика телевидениесининг мухбири М.Обидов, Акбаробод мебел фабрикаси директори М.Уликов билан 1992 йил 30 сентябрда Республика телевидениеси Тошлоқда Акбаробод мебел фабрикасининг филиали қурилаётганлиги ҳақида сохта кўрсатув тайёрлашган. Шу кўрсатув ҳақиқатдан мутлақо йироқдир, чунки Тошлоқда мебел фабрикасининг филиалини ташкил қилиш борасида ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаган. Ҳатто филиалга ўрнатилиши лозим бўлган ускуналар Финландиядан келтирилган ҳам эмас” (Ихтибос асл ҳолича келтирилди.) Ҳа, дарҳақиқат Финландияга юборилган пахта толаси эвазига Тошлоқ районига мебел ишлаб чиқариш технологиялари келтирилмаган эди. Аслида бунинг сабаби Фарғона вилояти ҳокимлигида бўлган. Ўша вақтда яширилган, лекин кейинчалик маълум бўлишича Авазхон Мухторовнинг босими билан Қаҳрамон Сотволдиевни “жиноятчи” қилиб исботлаш ва унга нисбатан депутатлик дахлсизлигини қўллаш ҳамда ишдан бўшатиш учун вилоят ҳокимининг яна бир ўринбосари Камолиддин Салохитдинов имзоси билан хорижий ҳамкорларга 1992 йил 14 ноябрда ускуналарни Тошлоққа юборишни таъқиқловчи хат юборилган. Унга кўра шартномани энди Фарғона мебел фабрикаси билан қайта тузиш сўралган. (Хат нусҳаси қўлимизда бор) Шунинг учун ҳам фин технологияси Тошлоққа келтирилмаган. Бунинг учун эса текшириш натижаларига кўра йиғилган материалларни Қаҳрамон Сотволдиевга нисбатан жиноий иш қўзғатиш учун вилоят прокуратурасига юбориш ҳам белгиланган.
Давлат назорат бошқармаси бошлиғи Муқимжон Жўраевнинг бу ишда “жонбозлик” кўрсатиши бежиз эмас эди. У Авазхон Мухторовнинг энг садоқатли шогирди бўлган. Шунинг учун Мухторов уни аввал ўзининг ўрнига, кейин эса Қаҳрамон Сотволдиев “иши”даги хизмати учун Марғилон шаҳрига ҳоким этиб тайинлатади. Шунинг учун Муқимжон Жўраев билан ҳатто вилоят тармоқ раҳбарлари ҳам “ўйлаб” гаплашар эди.
Муқимжон Жўраев аслида ҳуқуқшунос, терговчи, прокурор лавозимларида ишлагани учун барчага кибр билан муносабатда бўларди. Бир гал, Марғилон ҳокими эканида олдига хизмат юзасидан кирдим. Ёз эди. Енги калта оқ кўйлагининг кўкрак чўнтагидан Ўзбекистон герби ёпиштирилган гувоҳномаси чиқиб тургани, ёнига эса тўппонча осиб олганини кўрдим.
– Сиз энди ҳокимсиз, пистолетни ечиб қўйсангиз бўлар эди, – дедим. Лекин менинг бу танбеҳим унга ёқмади.
– Сиз ўз ишингизни билинг, – деди у жахл билан.
1993 йилнинг сўнгги кунлари Авазхон Мухторов Ўзбекистондан қочиб кетгач, Муқимжон Жўраевга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бундан хабар топган Жўраев ҳам устози кетидан қочиб қолди. Орадан салкам йигирма йил ўтгач Учкўприкка, уйига қайтган эди, “насибаси” бор экан, жиноятини эсига солишди.
Ўшанда, 1992 йил 30 октябрда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат назорати комитети Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Муқимжон Жўраев имзолаган қарор муҳокамаси асосида 1992 йил 14 ноябр куни халқ депутатлари Тошлоқ тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси чақирилди. Ҳамма воҳимада эди. Чунки битта район ҳокимини ишдан олишга бағишланган сессияга вилоят ҳокими М.Исломов ва унинг ўринбосарлари С.Аҳмадқулов, М.Махмудов, А.Мансуров, К.Салохитдинов, барча кучишлатар тизим раҳбарлари қатнашди. Бундан ташқари, Тошлоққа, сессияда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазилар Маҳкамаси раисининг 1-ўринбосари Исмоил Жўрабеков ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслахатчиси Мавлон Умрзақовлар етиб келишди.
Сўзга чиққанлар Қаҳрамон Сотволдиевнинг “айб”ларини бир-бир санадилар ва сессия уни вазифасидан озод қилди.
Кейин Олий Мажлисда депутатлик дахлсизлиги бекор қилинди ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб тергов бошланди. Сўнг суд…
Ҳа, Мухторов шу қадар қасоскор эдики, Қаҳрамон Сотволдиевга нисбатан сохта жиноий иш қўзғатиб уни суд залигача олиб борди. Суд эса…
Аммо Қахрамон Сотволдиев суднинг барча инстанцияларига ўзининг айбсизлигини исботловчи далиллар келтириб мурожаат қилишдан толмади. Ниҳоят ҳақиқат қарор топди. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси Убайдулло Мингбоев 1995 йил 27 декабрда имзолаган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раёсатининг “4-136-93-сонли Қарорида шундай дейилади:
“Сотволдиев Қаҳрамон Солиевичга нисбатан чиқарилган… ҳукм бекор қилиниб, Қ.Сотволдиевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги учун жиноят ишини ҳаракатдан ётқизилсин”.
* * *
Бу воқеалар тафсилотини сиз билан ўртоқлашганимнинг сабаби бор. Тан олиш керак, Авазхон Мухторов ғоят иқтидорли ташкилотчи бўлган. Масалан, Фарғона шаҳрига кираверишда ҳозир ҳам турган салобатли рамзий дарвоза бир ой ичида хашар йўли билан қуриб битирилган. Унда яна бир хислат бор эди. Амалга чиқишига унга зина тутганларни қадрлар, “юқори”га эса ҳақиқатда садоқатли эди. Аммо …
Мен билан боғлиқ кўнгилсиз воқеалар рўй беришидан аввалроқ тасодифан қариндошимнинг унинг иштирокидаги бир тадбирида қатнашганман. Дастурхон атрофида юбиляр қолиб, унинг шаънига шундай мақтовлар айтилдики, бунақасини биронта китобда ҳам учратмайсиз. “Хўжайин”, сиз ундоқсиз, сиз бундоқсиз… Бу гаплардан Мухторов ҳузурланарди. Шу даврада бир амалдор (оллоҳ раҳматига олган бўлсин):
– Келинглар, бу қадаҳни Ўзбекистоннинг бўлғуси президенти учун ичайлик, – деб қолди. Ҳамма қий-чув билан тик турди ва қадаҳни бўшатиб дастурхонга терс қўйди. Мухтров “э, нима деяпсан ўзи”, демади. Ширакайф ҳоким ўринбосари билдирилган тилакдан талтайиб кетди. Балки унинг энг катта хатоси ҳам шундан бошлангандир.
* * *
Мустақилликнинг даслабки йиллари Ўзбекистон учун Европа мамлакаларига экспорт қилиш катта ютуқ деб баҳоланар эди.
“Фарғонаазот” корхонаси 1993 йилда илк бор Испанияга махсулотни экспорт қилди. Бундан ғурурланган Мухторов корхона раҳбариятига испанлар бизни таклиф қилсин, борамиз у ерга, деб топшириқ берди. Ҳуллас, таклифнома келди. Мухторов ва яна тизим раҳбари Москва орқали Испанияга учадиган бўлишди. Мухторов ўзида йўқ хурсанд. (Чунки у ҳамиша прокуратура тизимида ишлагани учун чет элга умуман чиқмаган эди-да) Шунда у қувончини яшира олмай ўша йиллари Фарғонада жойлашган Ўзбекистон қуролли кучлари ҳаво-десант двизияси қўмондони Александр Солуяновни чақирди ва унга хорижий сафари ҳақида айтди.
Бунинг асосли сабаблари бор эди. Советлар даврида Ўзбекистоннинг мудофаа вазирлиги бўлмаган. Марказий Осиёдаги республикалар учун ягона харбий тузилма – Туркистон харбий округи эди. 1991 йилда Ўзбекистон, Марказий Осиёдаги бошқа республикалар ҳам мустақилликка эришди. Шунда Турк ВО ўз-ўзидан ҳуқуқий кучини йўқотди. 1991 йил 8 декабр куни Белоруссянинг Вискули ўрмонидаги расмий биноларнинг бирида тарихда “Беловеж келишуви” (Беловежские соглашение) номи билан қолган шартномага асосан СССР расман тугатилгани, мустақил давлатлар ўзаро тан олингани эълон қилинди ҳамда сиёсий харбий ва иқтисодий тузилмалар тақдири хал этилди. Унга кўра масалан, мустақилликка эришган давлатлар ўз мудофаа вазирликларини тузиб амалдаги фаолиятини бошлагунга қадар собиқ СССР таркибидаги харбий тузилмалар Россия Мудофаа вазирлиги таркибида вақтинча қолиши белгиланган.
1960 йилдан то 1979 йил декабрга қадар СССР Мудофаа вазирлигининг 345-ҳаво-десант полки Фарғона шаҳрида жойлашган. Расмий маълумотларда, масалан Википедия, “Комерсант Ь” газеталарида “Павел Грачев 1977-1979 йилларда дастлаб командр ўринбосари, сўнгра 345 парашут-десант полки командири вазифасига тайинланган” дейилади. (“После академии в 1977-1979 горах назначен заместителем, а потом командиром 345 по парашютно-десантного полька, «Комерсант-Ь» газетаси).
Айни шу йилларда Авазхон Мухторов Тошлоқ районида прокурор вазифасида бўлган ва Фарғонадаги полк командири Александр Грачев билан яқиндан танишиб дўстлашган. У ҳатто тўйлардаги эрталабки нонуштага бирга борарди. 1979 йил декабрида Фарғонадаги 345 парашют-десант полки Афғонистонга юборилди. Павел Грачев у ерда полк командирлигидан 103-ҳаво –десант двизияси қўмондони, 1990 йилдан СССР ҳаво-десант кучлари қўмондони ва ниҳоят 1992 йилда Россия мудофаа вазири этиб тайинланган. У шунингдек “Беловеж келишуви”га асосан 1992 йил январдан “Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги” ҳарбий кучлари қўмондонининг 1-ўринбосари ҳам эди.
Яна баъзи бир далилларга эътиборингизни қаратмоқчиман. “Комерсант Ъ” газетасининг ёзишича (3 сентябр, 1993 йил №168), Павел Грачев дастлаб 1990 йилда СССР ҳаво-десант кучлари қўмондони эканида, сўнгра 1993 йилда Россия Мудофаа вазири эканида Ўзбекистонда бўлган. унинг дастлабки сафари чоғида қўмондонлик таркибидаги Фарғона ўқув парашют-десант польки фаолияти билан танишган.
Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосарларидан бири таъкидлашича, Авазхон Мухторов унга Павел Грачев билан 1990 йилда Фарғонага келганида учрашгани, ўтган 14 йил давомида эса (1979-1993 йиллар назарда тутилган) телефонлашиб турганини гапириб берган.
Энди Александр Солуянов ҳақида. У Павел Грачевнинг яқин шогирдларидан бўлган. Шунинг учун ҳам 1984 йилда ўзи двизия қўмондонлигига тайинлангач, уни ўз ўрнига, 350-парашют-десант полкига командир этиб тайинлайди. Кейинчалик, 1987-1991 йилларда Фарғонада ташкил этилган 387-алоҳида ўқув парашют-десант полкига командирлик қилади. 1991 йилда эса Фарғонада яна бир харбий тузилма – 105 чи ҳаво-десант двизияси штаби бошлиғи лавозимини эгаллайди. Бу двизиясига илгари Павел Грачев қўмондон бўлган. Аммо Грачев юқори харбий лавозимга тайнлангач двизияни Фарғонага юборади.
Ниҳоят 1992 йилда мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Мудофаа вазирлиги ташкил этилади ва Рустам Аҳмдов уни бошқаради. Шундан кейингина, 1992 йил иккинчи ярмида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қуролли кучлари тузлмаси тугатилади. Беловеж келишувига кўра 105-чи ҳаво-десант двизияси Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги таркибига ўтиб, унга Александр Солуянов қўмондон этиб тайинланади. Ўз вақтида у Ўзбекистон Олий Мажлисига депутат бўлиб сайланган ҳам эди.
Солуяновни чақиришдан Авазхон Мухторовнинг мақсади бошқа эди. У узоқ йиллик дўсти, гарчи у ҳозир Россия мудофаа вазири бўлсада, Павел Грачевга Испания сафари ҳақида билдириш бўлган. Балки, Москвада учрашиш имкони ҳам бўлар, дея умид қилган.
Александр Солуянов Мухторов ва Грачев дўстлигидан яхши хабардор эди. Шунинг учун у масалани дархол тушунди.
Эртасигаёқ Москвадан хушхабар келади. Эски дўсти Москва орқали чет элга кетаётганини эшитган Грачев Мухторовга илтифот кўрсатади ва Солуянов тақдим этган Фарғонадаги ҳарбий самолетлардан бири уни Москвага учиб олиб боради. Ҳамсафарлари Грачев Мухторовни Шерметов аэропортидан учадиган самолет зиналаригада кузатганини кўришган. Бир неча кундан сўнг ҳудди шундай, трапда кутиб олиб, Фарғонага ҳарбий самолетда бир ўзини учириб юборади. (Бу воқеалар тафсилотини менга орадан йиллар ўтгач ўша пайтда вилоят ҳокимининг ўринбосарларидан бири бўлиб ишлаган амалдор гапириб берганди).
Мухторов Москвада Россия мудофаа вазири билан учрашишини ҳокимиятдаги ҳеч кимдан яширмаган. Ҳатто ўлкашунослик музейидаги қимматбаҳо қадимий қилични унга совға қилиб олиб кетаётгани билан мақтанган.
Мухторов Испания сафари баҳонасида Павел Грачев билан Москвада учрашиши ҳақидаги маълумот “юқори”га етказилади.
“Мухторов мендан яширинча Россия мудофаа вазири билан нега учрашади? Улар нимани муҳокама қилади?” Президентга шу саволлар тинчлик бермасди. Чунки хабар етказганлар Мухторов ва Грачевларнинг ўтган аср 70-80 йиллардан буён дўстлигини яширган эдилар-да.
1993 йил кеч кузидаги Мухторовнинг Испания сафари унинг амал поғоналарига якун ясади. У қайтиб келгач, аввалига акаси, тадбиркор Темирхон Мухторовни молиявий жиноятларда айблаб ҳибсга олдилар. Буни кўрган Авазхон билдики, дархол Ўзбекистондан қочмаса у ҳам қамалади. Дастлаб Грачев паноҳи – Москвага, сўнг Америкага кетади.
Эшитишимизча, Авазхон Мухторов (унинг олдига бир бор яқинлари бориб келишган) Нью Жерсидаги мўжазгина уйда яшаб ўтган. (видеотасвири бор) Охирги йилларда ўзини “Фарғонанинг эгаси” деб билган, мамлакат раҳбарининг бир вақтлар ишончли амалдори бўлган Авазхон Мухторов ўзга юртда, муҳтожликда оғир бетоб бўлган, моддий қийинчиликка учраган, юрти, ватанининг бир сиқим тупроғи, яқинлари дуосига зор бўлиб… қариялар уйида оламдан ўтган.
Бу ҳақида хабар келгач, Марғилондаги яқинларидан бири хонадонида майитсиз, жасадсиз рухга жаноза ўқилиб, фотиҳа очилди…
Яратганнинг мукофоти ҳам, жазоси ҳам бу дунёдаги амалларимиздан дейишарди…
Оллоҳ раҳматига олсин.
Муҳаммаджон Обидов




