Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг, электрон сигареталарнинг муомаласини тақиқлаш ҳамда жавобгарлик белгилашга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш кўриб чиқилди.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазири А.Худоёровнинг таъкидлашича, Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистонда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг муомаласи — ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, олиб чиқиш тақиқланмоқда. Шунингдек, айланмаси тақиқланган чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.
«Эътибор қаратсак, оддий тамакини ёши катталар кўпроқ чекади. Электрон сигареталарда никотинли ароматизаторлардан фойдаланилгани, қолаверса, бежирим ва ўзига жалб этадиган кўринишда ишлаб чиқарилаётгани боис асосан ёшлар, энг ачинарлиси, қизлар ўртасида ҳам оммалашишига сабаб бўлмоқда. Наркотик моддадан ҳам кўра никотин моддасининг инсонга салбий таъсири катта
-деди вазир.
«Ҳозирги кунда 37 мамлакатда электрон сигаретни айланмаси тақиқланган. Хусусан, Норвегия, Эрон, Ироқ, Туркия, Сингапур, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Белгияда жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, Буюк Британияда 1 июндан бошлаб бир марта ишлатадиган электрон сигаретларни сотишни тақиқлаяпти», – дея қўшимча қилган у.




