Жорий йилнинг 27 февраль санасидан Ўзбекистон ҳудудида электрон сигареталар истеъмоли ва сотилиши, олиб кирилиши тақиқланади. Хорижликлар ва сайёҳлар учун ҳам қонун тенг кучга эга.
Божхона чегарасидан ўтаётганда чет эллик сайёҳларга электрон сигареталарни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш мумкин эмаслиги тўғрисида маълумот берилади ва бу маҳсулотлар улардан олиб қўйилади.
Ушбу масала юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Божхона қўмитаси ва элчихоналар билан тарғибот ишлари олиб борилади.
Чекловдан Ўзбекистон бюджетига қанча фойда бўлади?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра,
тамакига қарши кураш бўйича инвестиция қилинган ҳар бир АҚШ доллари 10 йил мобайнида 6,46 АҚШ доллари миқдорида фойда келтиради.
10 йил мобайнида соғлиқни сақлашга ажратиладиган 268 млн АҚШ доллари миқдорида харажатлар тежалади.
Бундан ташқари, барча электрон сигареталар мамлакатимизга чет элдан олиб кирилади. Бу эса валютанинг мамлакат ташқарисидан батамом чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, давлат бюджетини аҳоли, айниқса болалар, ўсмирлар ва ёшлар саломатлиги эвазига тўлдириш, миллат генофондига ва атроф-муҳитга зарар етказиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари ҳамда Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатларига батамом зиддир.




