Тошкентда Европа иттифоқи, Швейцария, Германия, Британия ва БМТ ҳамкорлигида ўтган анъанавий конференцияда тез сураътларда ўзгараётган шаҳарларда турар жой ҳуқуқи, инклюзия ва экологик барқарорлик масалалари муҳокама қилинди.
Европа Иттифоқи Делегацияси, Швейцария, Германия ва Буюк Британия элчихоналари ҳамда БМТнинг Марказий Осиё бўйича Инсон ҳуқуқлари минтақавий идораси халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан қўшма йиллик конференция ўтказди. Бу йилги тадбир “Инсон ҳуқуқлари: шаҳар трансформацияси, муносиб турар жой ҳуқуқи ва ижтимоий адолат” мавзусида ўтди ва ҳукумат, фуқаролик жамияти, халқаро молия институтлари ҳамда дипломатик корпусдан 50 дан ортиқ иштирокчини бирлаштирди.
Ўзбекистон шаҳарларида кечаётган кенг кўламли ўзгаришлар шароитида муносиб турар жой ҳуқуқи, маданий меросни асраш, экологик хавфсизлик ва ижтимоий инклюзия масалалари тобора долзарблашмоқда.
Тадбирни Европа Иттифоқи элчиси Тойво Клаар, Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт, Швейцария элчиси Константин Оболенский ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги резидент координатори Сабине Мальнинг очиб берди. Дипломатлар тезкор урбанизация фонида фуқаролар овози эшитилиши, режалаштириш жараёнлари адолатли ва барқарор бўлиши кераклигини таъкидлади. 
Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт ўз нутқида шундай деди:
“Урбанизация тараққиёт белгиси, аммо у ижтимоий адолат ва маданий мерос ҳисобидан кечмаслиги шарт. Барқарор ўсиш учун мулоқот ва кенг қамровли иштирок зарур.”
ЕИ элчиси Тойво Клаар эса фуқаролар иштирокининг муҳимлигини қайд этди:
“Давлатлар шароит яратиб бериши керак, лекин биз фуқаролар ҳам ўз ҳуқуқларимизни талаб қила билишимиз лозим.”
Швейцария элчиси Константин Оболенскийнинг таъкидлашича, шиддатли шаҳар трансформацияси шароитида ҳар бир фуқаро манфаатдор бўлиши учун аниқ кафолатлар керак.
Муҳокамалар чоғида ҳукумат ва фуқаролик жамияти вакиллари шаҳар ривожидаги муаммо ва имкониятларга тўхталди. Жаҳон Банкининг етакчи мутахассиси Мухаммад Нада глобал тажрибаларни тақдим этиб, шаҳар режалаштиришда аҳоли иштироқининг самарадорлигини алоҳида урғу билан қайд этди.
Конференсия БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича идора вакили Омер Фишер бошчилигидаги умумий мулоҳазалар билан якунланди.
Тадбирда мамлакат бўйлаб 40 дан ортиқ ННТ ва фаоллар қатнашди. Уларнинг турар жой ҳуқуқи, экологик барқарорлик, ногиронлар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги бўйича илгари сурган таклифлари фуқаролик жамиятининг Ўзбекистон шаҳарларининг келажагини шакллантиришда тобора фаол ўрин эгаллаётганини яна бир бор намоён қилди.




