“Юксалиш” ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда Жамоатчилик фикр етакчилари рўйхати шакллантирилди. Рўйхат 40 кишидан иборат. Улар орасида Uzdiplomat.uz сайти бош муҳаррири Анора Содиқова ҳам бор.
Топ-40 таликка киритилганларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари обуначилари сони 20 миллиондан зиёд (уникал фойдаланувчилар 7-7,5 миллион), эълон қилган материалларининг ойлик қамрови 45 миллиондан ошади.
Рўйхат икки босқич асосида шакллантирилди. Биринчи босқичда давлат идоралари, сиёсий ва илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида онлайн сўровнома ўтказилган. Респондентлар орасида вазирликлар, миллий ва хорижий ахборот агентликлари, радио ва телеканаллар ходимлари, интернет-нашрлар муҳаррирлари ҳамда сиёсатшунослар, турли соҳа мутахассислари, блогерлар бор эди.
Сўровнома иштирокчилари қуйидаги жиҳатлардан келиб чиқиб, жамоатчилик фикрини шакллантираётган бештадан номзод таклиф қилди:
– Жамоатчилик орасида, ОАВда, ижтимоий тармоқларда фаоллиги ва таниқлилиги;
– Долзарб мавзуларни омма эътиборига кўтариб чиқиши, муҳокама қилиши ва ечим таклиф қилиши;
– Жамият ривожига ҳисса қўшиши, ижобий ўзгаришлар ташаббускори бўлиши;
– Жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланиши, уларнинг ишончини қозонганлиги.
Иккинчи босқичда таклиф қилинган номзодлар экспертлар томонидан таҳлил қилинди. Уларнинг фикрларидан иқтибос олинганлик индекси, материалларининг қамрови ва изоҳлар сони, миллий ва хорижий ОАВларда тилга олиниши баҳоланди. Номзодларнинг мутахассислиги, йўналиши бўйича билим даражасига, тажрибасига ҳам таянилди.
Рўйхатдан:
-10 нафар журналист;
-7 нафар блогер;
-2 нафар сиёсатшунос;
– 4 нафар ҳуқуқшунос;
– 3 нафар иқтисодчи;
– 2 нафар депутат;
– 4 нафар турли лойиҳа асосчилари;
– 2 нафар тадбиркор;
– 3 нафар турли хил давлат ташкилотлари раҳбарлари жой олган.
Шунингдек, рўйхатда Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси раиси Абдураҳмон Ташанов, мустақил тадқиқотчи Дилмурод Юсупов ва Гендер масалалари бўйича эксперт Камола Алиева ҳам бор.