Таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ҳамон энг паст маош олувчилар қаторида.
Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–март ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 6 млн 825,9 минг сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,4 фоизга юқори. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда ўртача ойлик иш ҳақи сезиларли ошган. Хусусан, 2022 йилнинг январь–март ойларида бу кўрсаткич 3 млн 417,5 минг сўм бўлган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида 6 млн 825,9 минг сўмга етган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилди — 11 млн 684,3 минг сўм. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,8 фоиз ўсиш демакдир. Ундан кейинги юқори кўрсаткич Навоий вилоятида кузатилди — 8 млн 453,2 минг сўм.
Энг паст ўртача иш ҳақи эса Қашқадарё вилоятида қайд этилган — 4 млн 665,2 минг сўм. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида бу кўрсаткич 4 млн 724,2 минг сўм, Фарғона вилоятида 5 млн 18,9 минг сўм, Самарқанд вилоятида 5 млн 69,4 минг сўмни ташкил этган.
Соҳалар бўйича энг юқори маош банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида кузатилди — 18 млн 595,8 минг сўм.
Кейинги ўринларда ахборот ва алоқа соҳаси — 16 млн 525,4 минг сўм, ташиш ва сақлаш соҳаси — 10 млн 709,3 минг сўм билан қайд этилган.
Энг паст ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида кузатилган — 4 млн 111,6 минг сўм. Таълим соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 4 млн 615,9 минг сўмни ташкил этган.
Таълим соҳаси ичида ҳам катта фарқ бор. Олий таълимда ўртача иш ҳақи 10 млн 843,9 минг сўм бўлган бўлса, мактабгача таълимда бу кўрсаткич 2 млн 485,2 минг сўм атрофида қолган.
Қўмита изоҳига кўра, ушбу маълумотлар корхона ва ташкилотлар томонидан электрон шаклда тақдим этилган статистика ҳисоботлари асосида шакллантирилган. Бунда кичик корхоналар, микрофирмалар ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳисобга олинмаган. Шу боис, рақамлар мамлакатдаги барча ишловчиларнинг реал даромадини тўлиқ акс эттирмаслиги мумкин.




