200 кВт/соат ижтимоий норма таркибига қандай қурилмалар киритилган? “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жавоб берди.
Жорий ой электр энергияси бўйича эътирозлар ойи бўлди. Кўплаб аҳоли вакиллари апрель ойидан киритилган 200 кВт/соатлик ижтимоий норма бўйича ўз норозилигини билдирмоқда.
Энергетика вазирлиги эса истеъмолчиларга ойлик 200 кВт/соат базавий меъёр миқдорини оширишга асос йўқлигини айтиб чиқди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ иқтисодчилар томонидан ҳисоблаб чиқилган ва бир оила истеъмол қилиши мумкин бўлган 700 кВт/соат электр энергиясини “бўрттириш” деб атади.
Шу сабабли Uzdiplomat.uz белгиланган 200 кВт/соат ижтимоий норма нимага асосан ишлаб чиқилгани, унинг таркибига электр қурилмаларининг қанчалик истеъмоли киритилгани ҳақидаги савол билан масъулларга юзланди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг бизга тақдим этган ҳужжатларига кўра, агар истеъмолчилар кондиционер, аристон, компютер ишлатмаган тақдирдагина ойига 209 кВт/соат электр энергияси истеъмол қилиши мумкин.
Барча зарур электр жиҳозлар ишлатилганда эса жами истеъмол 497 кВт/соатни ташкил қилмоқда.
Қайд этилишича, 1200 волтлик кондиционернинг ўзи ўртача 240 соат ишлатилган тақдирда ҳам ойига 288 кВт/соат электр сарф этади. Шу сабабли ҳам у ижтимоий норма таркибига киритилмаган.
2200 волт қувватга эга аристон эса ойига ўрта ҳисобда 120 соат ишлатилади.
Шунингдек, куллер, камера, компютер, принтер каби зарур жиҳозлар ҳам ҳисобга олинмаган.
Аммо “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг раис ўринбосари Алвар Ғайбуллаев ўзининг уйида ҳам кондиционер борлиги, ҳамма электр қурилмаларидан фойдаланиши, шунда ҳам унинг оиласи 200 кВт/соатдан кам электр ишлатиши айтди.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Матбуот котиби Улуғбек Уруновнинг уйида эса 3 та кондиционер бор. Аммо унинг оиласи ҳам июнь ойида атиги 297 кВт/соат электр энергияси истеъмол қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 200 кВт/соатлик ижтимоий нормага тушунтириш берилган эди.