Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизи июнь ойида 200 кВт/соатдан кам электр истеъмол қилган. Бу “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти мутасаддилари тақдим этган рақамлардир.

Бугун 11 июль куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Унда эса жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлган 200 квт/соатлик ижтимоий норма ҳақидаги саволларга жавоб берилди.
“Аввало ижтимоий нормани “лимит” дея қабул қилмаслик керак. Электр энергиясини ишлатишга ҳеч қандай лимит йўқ. Ҳар ким хоҳлаганича ишлатиши мумкин. Аммо 200 кВт/соатгача ижтимоий таърифдан фойдаланиши ва бунда электр таннархининг 50 фоизидан кам қисмини тўлаши мумкин. Агар истеъмол нормадан ошадиган бўлса, электрнинг асл таннархига яқин тўлов тўлашга тўғри келади. Май ойида Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоизи, кунлар исиб, кондиционердан фойдаланиш ҳажми ортгани учун июнь ойида 70 фоизи мазкур нормадан кам электр сарф қилган. Бундан келиб чиқадики, аҳолининг учдан икки қисми ижтимоий нормадан кам электр истеъмол қиляпти. Қолган қисми эса 400 кВтгача ишлатган”,
деди “Электр энергия сотишни автоматлаштириш маркази” филиали Бош директори Равшан Мирсолихов.
Мирсолиховга кўра, Ўзбекистонда яхши яшаётганлар кўп.
“Худога шукур, катта-катта уйларда яхши яшаётган аҳолимиз кўп. Улар бир эмас, икки эмас, ўнтагача кондиционер ишлатади. Шу одамларнинг давлат томонидан бериладиган субсидиялардан фойдаланишини тўғри, деб айта оласизми? Улар аслида бирон бир ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилининг имтиёзидан фойдаланади. Кейин эса “менга бу туширилган нархли электр етмаяпти. Менга кўпайтириб бер”, дейди. Аслида электрнинг таннархи 1000 сўм атрофида”,
деди у.
Масъулларнинг айтишича, мазкур лимит Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган, бор бўлган электрнинг реал тақсимотидир. Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти мустақил иқтисодчилар томонидан ҳисоблаб чиқилган ва бир оила ишлатиши мумкин бўлган 700 кВт/соатлик электр сарфини “бўрттириш” деб атади.

“Бу ерда талаб ва таклиф ўртасидаги мутаносибликни ҳисобга олиш керак. Масалан, 700 кВт/соатни 8 млн 300 нафар абонентга кўпайтиринг. Бу бутун республикада ишлаб чиқарилаётган электр энергияга етмайди. Шу сабабли бугунги кунда мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиядан келиб чиқиб, электр етказиб бера оламиз. Сиз айтаётган 700 кВт/ соат эса жуда бўрттирилган рақам”,
деди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси ўринбосари Алвар Ғайбуллаев.
Шунингдек, у Россияда одам бошига белгиланган ижтимоий норма нима учун Ўзбекистонда жорий этилмаганига ҳам тўхталиб ўтар экан, бунда ресурслар ўртасида катта фарқ борлигини маълум қилди.




