Uzdiplomat мухбири Президент матбуот котиби Шерзод Асадов билан матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан мустақил журналистика, давлат органларининг очиқлиги ва амалдорларнинг журналистлар билан муносабати ҳақида суҳбатлашди. Асадов ҳамкасбларидан журналистларга очиқ ва яқинроқ бўлишни сўради.
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда мустақил журналистикани фақат эркинлик эмас, балки масъулият ҳам белгилайди. Асадов, шунингдек, сўнгги йиллардаги глобал воқеалар ортидан Ғарб мамлакатларида ҳам ҳақиқий мустақил журналистика заифлашганини айтди.
Президент матбуот котиби давлат амалдорларини журналистлар билан мулоқотдан қочмасликка чақириб, очиқлик Конституция ва қонун талабидан келиб чиқишини таъкидлади.
— Бизни нашрни uzdiplomat.uz ни кузатасизми?
— Албатта, кузатиб бораман.
— Мустақил журналистика ҳақида қандай фикрдасиз?
— Авваламбор, бу байрам барча оммавий ахборот воситалари ходимларига, матбуот вакилларига муборак бўлсин.
Мустақил журналистикага келадиган бўлсак, менинг назаримда мустақил журналистика — бу, биринчи навбатда, масъулиятли журналистикадир.
Ҳозир глобаллашув ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган даврдамиз. Бугун Президентимиз байрам табригида ҳам айнан шу омилларга алоҳида эътибор қаратдилар. Бизнинг, журналистларнинг энг асосий вазифаси — халқни сохта ёки текширилмаган маълумотлар билан манипуляция қилинишига йўл қўймаслик. Биринчи навбатда, жамиятга холис ва ишончли ахборот етказишимиз керак. Бу бугун бутун журналистика олдида турган энг катта чақириқлардан бири.
Охирги уч-тўрт йилда дунёда юз берган воқеалар мустақил журналистиканинг биз аввал билган чегараларини анча қисқартирди. Мен ҳозир бирорта Ғарб давлатида ҳақиқий мустақил журналистика бор, деб айта олмасам керак.
Бунинг сабаблари кўп. Ғазодаги можаро, дунёнинг бошқа ҳудудларидаги конфликтлар ва уларнинг халқаро оммавий ахборот воситаларида қандай ёритилганини кузатсак, ҳатто Ғарб стандартлари нуқтаи назаридан ҳам эркин журналистика анча заифлашганини кўриш мумкин.
Бугунги кунда эркин журналистика бўйича бутун дунёда намуна бўладиган давлат қолмади, деб ўйлайман. Илгари намуна сифатида кўрилган Ғарб давлатлари ҳам энди бу борада мутлақ намуна бўла олмайди.
— Журналистлар ҳақида гапирдингиз. Энди унинг қарши томонида турган амалдорлар ҳақида ҳам гаплашайлик. Мен кўпинча амалдорлардан интервью олмоқчи бўлсам, улар мендан қочишади. Журналистлардан, айниқса мустақил журналистлардан қочадиган, интервью беришни истамайдиган матбуот котиблари ва амалдорларга нима деган бўлардингиз?
— Биринчи навбатда, улар қонунчилик талабларига амал қилишлари керак. Давлат органларининг очиқлиги тўғрисидаги қонунимиз бор. Конституциямизда ҳам мустақил журналистика кафолатланган. Президентимиз матбуот котиблари институтини айнан шу мақсадда яратганлар.
Лекин, менимча, сиз айтган тоифадаги амалдорлар жуда ҳам кўп эмас. Улар журналистдан қўрққани учун эмас, балки айрим одамларда камера олдида гапиришдан чўчиш ҳолати бўлиши мумкин.
Менинг фикримча, давлат органларидаги раҳбарлар ўз компетенцияси ва профессионал тайёргарлигидан келиб чиқиб, ҳар қандай саволга жавоб беришга тайёр бўлишлари керак.
Уларнинг ишларини очиб бериш, давлат органларини оммавий ахборот воситаларига янада яқинлаштириш — бу матбуот котиблари институтининг энг муҳим вазифаларидан бири.
Шу муносабат билан барча ҳамкасбларим — матбуот котибларини янада фаол бўлишга, ўз ташкилотлари фаолиятини кенгроқ ёритишга чақирардим.
Чунки ҳар қандай мулоқот — бу, биринчи навбатда, имконият. Бу ўз соҳасида, вазирлик ёки ташкилотида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни жамоатчиликка етказиш имкониятидир.
Бундан ҳеч қачон қўрқмаслик керак. Сабаби, қўрқадиган жойимиз йўқ.
Охирги ўн йилда Ўзбекистон катта ўзгарди. Президентимиз бошлаган ислоҳотлар натижасида деярли барча соҳалар жуда катта суръатларда ривожланмоқда. Шунинг учун бу ўзгаришлар ҳақида кўпроқ гапиришимиз, уларни халқимизга кенгроқ тушунтиришимиз керак, деб ўйлайман.




