«Имтиҳондан ўтдик, 10 минг доллар бердик, лекин Кореяга кетмадик» — фуқаролар Uzdiplomat’га мурожаат қилди
Бир гуруҳ фуқаро Uzdiplomat таҳририятига мурожаат қилиб, Жанубий Кореяга ишга юбориш жараёнларида шаффофлик таъминланмаганини даъво қилди.
Уларнинг айтишича, минглаб номзодлар корейс тили ва касбий имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган бўлса-да, икки йилдан буён Кореяга ишга юборилмаган. Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, ишга юборилган фуқаролар рўйхати очиқланмаётгани кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда.
«Имтиҳондан ўтган 15 мингга яқин одам ҳали ҳам кутиб турибди. Аммо Кореяга кетганлар кимлиги ҳақида очиқ маълумот берилмаяпти», — дейди мурожаатчилардан бири.
Айрим фуқаролар эса базага киритиш ёки ишга юбориш ваъдаси билан ўзларидан 10 минг АҚШ доллари талаб қилинганини иддао қилди. Улар бу маблағни оиласи ҳисобидан топганини, аммо натижада Кореяга кетолмаганини айтмоқда.
«Биз Беҳзод Мусаев айтган “мрамор гўшт”ни кўрмаганмиз. Болаларимиз ризқидан қисиб пул топдик. Имтиҳондан ҳам ўз кучимиз билан ўтдик. Аммо ҳалигача навбатимиз келмади», — дейди улар.
Номзодлар, шунингдек, Кореяга ҳақиқатан кимлар юборилаётгани ҳақида маълумот очиқ эмаслигидан ҳам шикоят қилди.
«Ҳар сафар 100–200 нафар кетгани ҳақида хабар берилади. Аммо улар ким? Қайси имтиҳондан ўтган? Нега уларнинг рўйхати эълон қилинмайди? Имтиҳондан ўтганлар рўйхати очиқ бўлса, Кореяга танланганлар нега “шахсий маълумот” деб яширилади?» деган саволлар қўйилди.
Фуқаролар келтирган рақамларга кўра, 2024–2026 йилларда икки йўналиш бўйича тахминан 74 минг нафардан ортиқ номзод 28 долларлик рўйхатдан ўтиш тўловини амалга оширган. Шулардан қарийб 20 минг нафаримтиҳондан ўтган, аммо икки йил ичида уларнинг атиги 5 минг нафари Кореяга ишга юборилган. Қолган тахминан 15 минг нафар номзод эса ҳануз навбат кутмоқда.
Номзодлар фикрича, агар иш ўринлари сони чекланган бўлса, бу ҳақда аввалдан очиқ маълумот берилиши лозим эди. Уларга кўра, бу ҳолат минглаб одамларни ойлар давомида тайёргарлик кўришга, вақт ва маблағ сарфлашга ундаган.
Фуқаролар миграция тизимидаги аввалги давр учун масъулият масаласини ҳам кўтармоқда.
«Аввалги йиллар учун “жавобгар эмасман” дейишяпти. Лекин ўша вақтда ҳам Беҳзод Мусаев агентлик фаолиятини мувофиқлаштирган вазирлик раҳбари эди. Шунинг учун бу саволларга ҳам жавоб берилиши керак», — дейди мурожаатчилардан яна бири.
Uzdiplomat тасвирга олган видеода мурожаатчилар йиллар давомида вақт, меҳнат ва маблағ сарфлаганини, аммо давлат тизимидаги эҳтимолий қонунбузилишлар оқибатида жабр кўрганини даъво қилмоқда.
Шунингдек, улар халқаро қидирувга берилгани хабар қилинган Азиз Тошмирзаев иши юзасидан ҳам тўлиқ ҳақиқат очиқланиши лозимлигини таъкидлаб, «Одамлардан 10 минг доллар олган Азиз Тошмирзаев ортида ким турган?» деган саволни ўртага ташлади.
Uzdiplomat мазкур масала юзасидан Миграция агентлиги расмий позициясини ҳам ёритишга тайёр.
Эслатма: Аввалроқ Миграция агентлигининг собиқ ходими Азизбек Тоштемиров ижтимоий тармоқларда агентлик раҳбариятини, жумладан Беҳзод Мусаевни, Кореяга ишга юбориш бўйича статистик маълумотларни бўрттириб кўрсатиш орқали ёлғон ҳисобот беришда айблаган эди.
Унинг таъкидлашича, 2024 йил учун Миграция агентлиги маълумотларига таянган ҳисоботларда Жанубий Кореяга 10 120 нафар Ўзбекистон фуқароси ишга юборилгани қайд этилган. Бироқ, Корея Республикасининг расмий статистика тизими — KOSIS маълумотларига кўра, 2024 йилда E-9 меҳнат визаси орқали Ўзбекистондан кирган ишчилар сони 3 079 нафарни ташкил этган.
Тоштемиров ушбу рақамлар ўртасидаги 7 мингдан ортиқ тафовут юзасидан расмий изоҳ берилмаганини таъкидлаган.
Аввалроқ Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ коррупция схемаси юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди. Шунингдек, Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги собиқ ваколатхона раҳбари бўлган Азиз Тоштемиров 2026 йил 14 май куни Интерпол орқали халқаро қидирувга берилгани хабар қилинган. Қидирув карточкасида у фирибгарликда айбланаётгани кўрсатилган.
Изоҳ: Азизбек Тоштемиров томонидан билдирилган айбловлар унинг шахсий баёнотларига асосланган. Мазкур ҳолатлар бўйича ваколатли органлар ёки суд томонидан якуний ҳуқуқий хулоса чиқарилмаган.
Айни пайтда мазкур иддаолар расман тасдиқланган эмас. Uzdiplomat’нинг сўровига жавобан Миграция агентлиги ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётгани сабабли изоҳ беришдан тийилишини маълум қилди. Шунингдек, ҳозирча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Беҳзод Мусаевга нисбатан процессуал мақом белгилангани ёки у мазкур иш доирасида текширилаётгани ҳақида расмий маълумот берилмаган.




