Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистон бўйича Country Private Sector Diagnostic (CPSD) ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжат мамлакат иқтисодиётини инвестор ва тадбиркор нуқтаи назаридан баҳолаб, хусусий инвестициялар учун мавжуд имкониятлар, уларни чеклаб турган муаммолар ҳамда давлат амалга ошириши лозим бўлган ислоҳотларни таҳлил қилади. Ҳисоботнинг асосий мақсади хусусий капитални жалб қилиш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қиладиган сиёсий тавсияларни тақдим этишдан иборат.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2017 йилдан буён Ўзбекистон иқтисодиётида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Валюта ва ташқи савдо либераллаштирилди, солиқ тизими модернизация қилинди, хусусийлаштириш жараёнлари бошланди, виза тартиблари енгиллаштирилди.
Бу ўзгаришлар натижасида мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) йиллик ўртача 5,6–6 фоиз суръатларда ўсди. 2017–2025 йиллар оралиғида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ АҚШ долларида 77 фоизга ошган. Ҳукуматнинг «Ўзбекистон – 2030» стратегияси эса мамлакатни юқори ўрта даромадли давлатлар қаторига олиб чиқиш, хусусий сектор улушини ошириш ва давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартиришни мақсад қилган.
Давлат иқтисодиётда ҳали ҳам устун
Бироқ Жаҳон банки ҳисоботига кўра, амалга оширилган ислоҳотларга қарамасдан давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки ҳали ҳам жуда юқори.
Ҳисоботда давлат корхоналари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 30 фоиздан ортиғини ташкил қилиши қайд этилган. Улар энергетика, транспорт ва металлургия каби иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида устун мавқега эга бўлиб, нархлар, ресурслар тақсимоти ва бозорга кириш имкониятларига таъсир кўрсатмоқда.
Муаллифлар фикрича, бу хусусий компаниялар учун тенг рақобат муҳитини чеклайди ва инвестициялар оқимини сусайтиради
Тадбиркорларни энг кўп қийнаётган учта муаммо
Жаҳон банки тадқиқотига кўра, тадбиркорлар энг кўп учта муаммони тилга олган:
юқори солиқ юки — 24%;
молиялаштириш имкониятларининг чеклангани — 12%;
малакали кадрлар етишмаслиги — 11%.
Ҳисоботда айтилишича, айнан шу омиллар кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланиши, расмийлашиши ва кенгайишига тўсқинлик қилмоқда.
Шунингдек, мамлакат молия тизимида давлат банкларининг улуши юқори бўлиб қолаётгани, капитал бозорлари ҳали яхши ривожланмагани сабабли узоқ муддатли молиялаштириш имкониятлари чекланган.
ЖСТга аъзолик муҳим аҳамиятга эга
Ҳисоботда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши келгуси ислоҳотлар учун муҳим босқич сифатида баҳоланган.
Муаллифлар фикрича, ЖСТга қўшилиш мамлакат қонунчилигини халқаро қоидаларга мослаштириш, давлат корхоналарига берилаётган айрим имтиёзларни қисқартириш, савдо тўсиқларини камайтириш ва инвесторлар ишончини оширишга хизмат қилади.
Бу эса экспортни диверсификация қилиш, технологияларни жалб қилиш ҳамда маҳаллий компанияларни глобал қиймат занжирларига интеграция қилиш имкониятларини кенгайтиради.
Энг катта имконият логистика соҳасида
Жаҳон банки хусусий инвестициялар учун энг истиқболли соҳалардан бири сифатида логистикани кўрсатган.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда замонавий А тоифали омборхоналар таъминотида 88 фоизлик танқислик мавжуд.
Муаллифлар ер ажратиш, қурилишга рухсат бериш ва халқаро юк ташиш рухсатномаларини (Dazvol) бериш тизими шаффофлаштирилса:
950 миллиондан 1,05 миллиард АҚШ долларигача хусусий инвестиция жалб қилиш;
37–41 мингта тўғридан-тўғри;
60–67 мингта билвосита иш ўрни яратиш мумкинлигини ҳисоблаб чиққан.
Туризмда миллиардлаб долларлик имконият мавжуд
Ҳисоботда Ўзбекистоннинг Ипак йўли мероси, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган объектлари ва табиий салоҳияти туризм учун катта имконият экани қайд этилган.
2025 йилда мамлакатга 11,7 миллион сайёҳ ташриф буюрган.
Шу билан бирга, ер ижараси қоидаларининг ноаниқлиги, маданий мерос объектларини бошқариш тизими ва инфратузилмадаги камчиликлар хусусий инвесторларни тўхтатиб турибди.
Ҳисоботга кўра, ушбу муаммолар ҳал этилса:
3,1–4,2 миллиард доллар хусусий инвестиция;
120–180 минг янги иш ўрни яратиш имкони пайдо бўлади.
Фармацевтикада ҳам катта салоҳият бор
Жаҳон банки фармацевтика соҳасида ҳам муҳим имкониятларни қайд этган.
Бироқ ҳисоботга кўра:
дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёни 7–12 ой давом этади;
мамлакатда биоэквивалентлик тадқиқотларини ўтказадиган маҳаллий лабораториялар мавжуд эмас;
ишлаб чиқариш стандартлари халқаро талабларга тўлиқ мослашмаган.
Муаллифлар ушбу муаммолар бартараф этилса:
44–188 миллион доллар хусусий инвестиция;
4,7–20,4 минг юқори малакали иш ўрни яратиш мумкинлигини таъкидлайди.
Жаҳон банки таъкидлашича, Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларнинг биринчи босқичида сезиларли натижаларга эришди. Аммо хусусий секторни иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш учун давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, рақобат муҳитини кучайтириш, молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, инсон капиталига сармоя киритиш ва логистика, туризм ҳамда фармацевтика каби соҳаларда аниқ институционал ислоҳотларни давом эттириш зарур.
CPSD ҳисоботи айнан шу мақсадларга эришиш учун давлат ва хусусий секторга амалий «йўл харитаси» вазифасини бажариши қайд этилган.




