- “Илтимос”да қолган Ўзбекистон маданияти
- Театрни “Раҳмат” қутқарадими ёки маркетинг
Туркистон саройида Президент Администрацияси вакиллари ҳамда Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида ўтган очиқ мулоқот миннатдорликка тўлди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ёдгор Саъдиев эса театрни қутқариш учун “илтимос” билан чиқди. Яъни транспортда реклама қилинг, томошабин келади, дейди актёр.
Uzdiplomat эса долзарб муаммони ўртага ташламоқда театрни текин реклама ҳукуматга айтилган “раҳмат” қутқарадими ёки маркетинг ва тизимли ислоҳотлар?
Сўзга чиққанлар орасида миннатдорлик оҳанги устун бўлди. Айнан шу фон ичида Ёдгор Саъдиев ўз таклифини билдирди.
Унинг фикрича, бугунги кунда реклама маданият соҳаси учун ҳал қилувчи куч. Шунинг учун у Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда меморандум имзолаб, “Афросиёб” поездлари, самолётлар ва бошқа транспорт воситаларида театр спектаклларидан лавҳалар, композиторлар асарларидан парчалар намойиш этишни таклиф қилди. Саъдиев бу орқали томошабинлар сони “жуда ҳам кўпайиши”га ишонч билдирди.
Бу таклифни тушуниш қийин эмас. Чунки реклама ҳақиқатан ҳам эътиборни жалб қилади. Аммо савол шунда: театрга одам келмаётганининг асосий сабаби фақат реклама етишмаслигими?
Муаммо бундан анча чуқурдек. Театр репертуари, замонавий аудитория билан ишлаш, ёшлар учун қизиқ контент, рақамли муҳитдаги мавжудлик — буларнинг барчаси ҳал қилувчи омиллар. Агар маҳсулотнинг ўзи рақобатбардош бўлмаса, реклама уни фақат вақтинча “кўтариши” мумкин, холос.
Саъдиев реклама қимматлигини ҳам таъкидлади. Аммо бу ерда яна бир муаммо намоён бўлади: театрлар ҳали ҳам бозор шароитида мустақил ишлашга тайёр эмас. Дунё тажрибасида маданият муассасалари маркетинг, спонсорлик ва хусусий ҳамкорлик орқали яшайди. Бизда эса ечим яна давлат ёрдамига боғланмоқда.
Шу билан бирга, Ёдгор Саълиев давлат харидлари тизимидаги муаммоларни ҳам тилга олди. У тендерларда сифатсиз маҳсулотлар келаётганини танқид қилди. Бу муҳим нуқта эди. Аммо танқид узоққа бормади — у бу муаммони ҳал қилинган деб баҳолаб, раҳбариятга миннатдорлик билдирди.
Энг муҳим масала эса яна четлаб ўтилди. Саъдиев очиқ маошлар ҳақида гапирмайман, деди. Ҳолбуки, маданият соҳасидаги асосий инқироз айнан шу ерда — паст ойлик, кадрлар оқими, иқтидорли ёшларнинг кетиши.
Ёдгор Саъдиевнинг таклифи фақат реклама ҳақида эмас. У маданият соҳасидаги умумий ҳолатни очиб беради. Бу ерда муаммолар бор, лекин улар очиқ ва қатъий айтилмайди. Шунинг учун ҳам ечимлар тизимли эмас, қисман ва эҳтиёткор шаклда таклиф этилади.
Транспортдаги реклама театрга одам олиб келиши мумкин. Лекин у соҳани қутқарадиган асосий омил эмас. Театрни маркетинг, мазмун ва иқтисодий мустақиллик қутқаради. Энг муҳими эса — муаммоларни очиқ айта олиш муҳити. Акс ҳолда, маданият соҳаси “илтимос” ва “раҳмат” ўртасида қолаверади.




