Туркистон саройидаги расмий мулоқотда миннатдорликлар кўп айтилди. Аммо саҳна ортида ёзиб олинган суҳбат бошқа манзарани очди — қарийб бир асрлик ёш томошабинлар театри ҳали ҳам театр учун бино сўраб келмоқда.
Бугун Туркистон саройида Президент Администрацияси вакиллари, Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида композиторлар, бастакорлар ҳамда театр ва цирк санъати вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Расмий қисмда асосан ютуқлар, режалар ва раҳмат сўзлари янгради. Бироқ бу учрашувда бир муҳим масала — Ёш томошабинлар театрининг ўнлаб йиллардан бери ҳал бўлмаётган муаммоси деярли тилга олинмади.
Ҳолбуки, бу театр қарийб бир асрлик тарихга эга. 1920-йиллар охирида ташкил топган Ёш томошабинлар театри бир вақтлар Чорсуда жойлашган, катта саҳнага эга бўлган, болалар учун мўъжизали спектакллар яратган.
2003–2004 йилларда эса театр ўз биноларидан айрилиб, бошқа, театр учун мослаштирилмаган жойга кўчирилган. Шу вақтдан бери у чекланган имкониятлар билан фаолият юритиб келмоқда.
Бу айтилмаган “аччиқ ҳақиқат”ни uzdiplomat мухбири расмий залда эмас, балки саҳна ортида — театр актрисалари билан суҳбатда ёзиб олди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлардан Ёдгор Зиямухамедова, Шамсиқамар Мансурова, Фарида Умарова ва Ҳакима Атахановаларнинг айтишича, янги театр қуриш масаласи камида 50 йилдан бери кўтарилиб келинади. Бир неча авлод ижодкорлари бу ҳақда гапирган, илтимос қилган, аммо натижа бўлмаган.
Бугун театр жамоаси 100 йиллик юбилейга яқинлашмоқда. Лекин уларнинг энг катта орзуси ҳали ҳам ўзгармаган — болалар учун замонавий, эртакнамо театр қурилиши.
Муаммо фақат бино билан чекланмайди. Актёрлар таъкидлашича, ҳозирги шароитда катта спектакллар қўйиш деярли мумкин эмас. Саҳна айланмайди, техник имкониятлар чекланган, бинодан метро ўтади. Шунинг учун театр кичик форматдаги спектакллар билан чекланиб қолган.
Бу эса мазмунга ҳам таъсир қилмоқда — катта адабий асарлар саҳнага чиқмай қолмоқда.
Болалар театрининг асосий вазифаси — мўъжиза яратиш. Аммо актёрлар айтишича, бугунги шароитда бу вазифани тўлиқ бажариш қийин. Кичик фойе, декорация имкониятларининг чеклангани ва интерактив муҳит йўқлиги болалар учун театр тажрибасини ҳам камайтирмоқда.
Яна бир жиддий муаммо — маош. Театрда ўртача ойлик 4 миллион сўм атрофида. Бу эса ёш актёрларни ушлаб туришга етарли эмас. Кўпчилик ижодкорлар қўшимча даромад излашга мажбур бўляпти ёки умуман театрни тарк этмоқда.
Актёрлар таъкидлашича, бу санъатни севмаганидан эмас, балки яшаш шароити оғирлигидан келиб чиқмоқда.
Шу билан бирга, муаммоларни расман кўтариш ҳам осон эмас. Актёрлар вазирликка мурожаат қилишга уринганини айтса-да, қабулга тушиш қийинлигини таъкидлашди. Кўп ҳолларда муаммолар айтилган, лекин натижа бўлмаган.
Шу сабабли, бу масала ҳатто бугунги очиқ мулоқотда ҳам кўтарилмади. Актёрлар буни аввал айтилган гаплар натижасиз қолгани билан изоҳлайди.
Бироқ шунга қарамай, уларда ҳали ҳам умид бор. Очиқ мулоқотлар бошлангани, давлат раҳбарияти томонидан санъатга эътибор ошгани уларни умид қилдирмоқда.




