Биринчи чоракда валюта бозорида нима ўзгарди?
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда хорижий валютага талаб 14,6 млрд долларга етди. Бизнеснинг импорт ва ташқи тўловлар учун валюта хариди кескин ошгани фондида сўм йил бошидан 1,5 фоиз қадрсизланди.
Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи чорагида ички валюта бозорида долларга талаб сезиларли даражада ошди. Марказий банк шарҳига кўра, ушбу даврда хорижий валютага умумий талаб 14,6 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, миллий валюта — сўм курсининг йил бошидан 1,5 фоизга пасайиши кузатилган.

Регулятор маълумотига кўра, валюта таклифи ҳам ўсган. Хусусан, Марказий банкнинг валюта операцияларини ҳисобга олмаган ҳолда таклиф ҳажми 12,2 млрд долларга етган ва бу 2025 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 27 фоизга юқори бўлган. Бироқ таклиф ўсишига қарамай, талабнинг, айниқса, юридик шахслар ҳисобига кучайиши бозорда босимни сақлаб қолган.
Асосий талаб корхоналар ҳиссасига тўғри келган. Марказий банк қайд этишича, юридик шахсларнинг валютага бўлган талаби бир йилда 23 фоизга ошган, улар томонидан шакллантирилган валюта таклифи эса 11 фоизга кўпайган. Бу, аввало, импорт ҳажми ошгани билан изоҳланмоқда. Ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуна ва хомашё, халқ истеъмоли товарлари, шунингдек, дори-дармон импорти бизнеснинг валютага эҳтиёжини кескин оширган.
Шарҳга кўра, сотиб олинган валютанинг 47 фоизи ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импортига, 29 фоизи хорижий валютадаги кредитларни сўндиришга, 20 фоизи халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импортига йўналтирилган. Қолган қисми бошқа мақсадлар ва хорижий инвесторлар даромадларини репатриация қилишга сарфланган.
Банклар томонидан жалб қилинган ташқи кредитлар ҳам валюта бозоридаги таклифни оширган. Чорак давомида ички валюта бозорига 2,3 млрд долларлик валюта маблағлари айнан хорижий кредитлар ҳисобидан сотилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 65 фоизга кўп. Шу билан бирга, импортни молиялаштиришда ички валюта бозоридан сотиб олинган маблағлар улуши 66,3 фоизгача ошган.
Аҳоли эса валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб қолмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, жисмоний шахслар биринчи чоракда тижорат банкларига 6 млрд доллар сотган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ошган. Шу билан бир вақтда аҳоли 3,2 млрд доллар сотиб олган. Натижада жисмоний шахслар операциялари бўйича ижобий сальдо 2,9 млрд долларга етган.
Аҳолининг валюта сотувида халқаро пул ўтказмалари муҳим омил бўлган. Биринчи чоракда Ўзбекистонга 3,8 млрд доллар миқдорида пул ўтказмалари келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга кўп. Айни пайтда, мамлакатдан чиқиб кетган пул ўтказмалари 604 млн долларни ташкил этган ва бу ўтган йилга нисбатан камайган.
Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, биринчи чоракда сўмнинг кунлик тебранувчанлиги ҳам ошган. Агар 2025 йилнинг шу даврида кунлик икки томонлама тебраниш ўртача 12 сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 29 сўмгача етган. Бу эса валюта бозоридаги босим ортиб бораётганини кўрсатади.
Умуман, Марказий банк хулосасига кўра, валюта бозорида кескин издан чиқиш кузатилмаган. Бироқ юқори иқтисодий фаоллик, импортни молиялаштириш эҳтиёжининг ортиши ва корхоналарнинг хорижий валютага талабининг кучайиши сўм курсининг пасайишига таъсир қилган асосий омиллардан бўлган.




