Марказий Осиё: геосиёсий рақобат майдони
Россия ва Хитой ўртасидаги рақобатда ким ғалаба қозонади?
XXI аср халқаро тизимининг асосий хусусиятларидан бири давлатларнинг миллий чегаралардан ташқарида таъсир доирасини кенгайтириш ҳаракатидир. АҚШдаги Ташқи алоқалар кенгаши (CFR) эксперти Гидеон Роузнинг Неоклассик реализм ва ташқи сиёсат назариялари мақоласида таъкидланишича, давлатлар ўз манфаатларини қандай белгилашидан қатъи назар, хорижда таъсир кучини оширишга интилади ва имкони борича уни кенгайтиришга ҳаракат қилади. Бугунги геосиёсий манзара айнан мана шу таъсир учун кураш билан белгиланади. Айниқса, йирик давлатлар ўртасида минтақавий ҳукмронлик учун рақобат кучаймоқда.
Ахмад Турон
Daily Sabah нашри
Марказий Осиё ана шундай стратегик майдонлардан бири бўлиб, унинг геосиёсий аҳамияти ва табиий ресурсларга бойлиги Россия ҳамда Хитойнинг минтақадаги таъсирини оширишга сабаб бўлмоқда.
Россия: эски гегемон мавқеини йўқотмоқдами?
Россиянинг Марказий Осиё стратегияси иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий манфаатларга асосланади. Москва минтақадаги таъсирини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашга интилаётган бўлса-да, унинг ҳукмронлиги камайиб бормоқда. Ғарбий экспертлар Россиянинг Марказий Осиёдаги мавқеини йўқотаётганини таъкидласа-да, бу жараён анча мураккаб. Россиянинг таъсири камайган бўлса-да, бутунлай йўқолган эмас.
Жаҳон банкининг World Integrated Trade Solution (WITS) маълумотларига кўра, 2022-йилда Марказий Осиё Россия умумий экспортининг 6 фоизини ташкил этган. Бу минтақага 28 миллиард долларлик экспорт амалга оширилган бўлиб, шундан 24 миллиард доллари фақат Қозоғистон ва Ўзбекистонга тўғри келади. Бу эса қолган уч давлат – Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан савдо алоқалари заифлашиб бораётганини кўрсатади.
Совет давридан фарқли ўлароқ, бугунги Марказий Осиё давлатлари янада мустақил ташқи сиёсат юритиб, аввал Россия томонидан қабул қилинмаган ҳамкорлик форматларига қўшилмоқда. Бунга ёрқин мисол – минтақадаги давлатларнинг Туркий давлатлар ташкилоти (ОТС) фаолиятида қатнашиши.
Россия ўз таъсирини мустаҳкамлаш учун янги форматлар – хавфсизлик кенгашлари котиблари йиғилиши каби консультатив механизмларни жорий этмоқда ва ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш бўйича битимлар тузмоқда. Бироқ Россиянинг Марказий Осиёдаги энг катта рақиби – Хитой бўлиб, у нафақат иқтисодий, балки дипломатик фаолиятини ҳам кучайтириб, Москва тарихан ҳукмрон бўлган минтақада жиддий ўйинчининг ўрнини эгалламоқда.
Янги куч: Хитой альтернатив сифатида майдонга чиқмоқда
Россия сиёсатшуноси Алексей Малашенко Марказий Осиёда Россия: таъсир учун кураш номли 2013-йилги ҳисоботида “Россияга Марказий Осиёда ким рақобатчи?” деган саволни қўйиб, уч асосий омилни санаб ўтган: Хитой, АҚШ ва Ислом. Унинг бу ерда “Ислом” деганда асосан Туркияни назарда тутгани, чунки Анқара минтақага ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан таъсир ўтказаётганини таъкидлаш мумкин.
Хитойнинг Марказий Осиёдаги ўсиб бораётган таъсирини тушуниш учун савдо статистикаларига назар ташлаш кифоя. 2022-йилда Хитойнинг жами экспорт ҳажми 3.316 триллион долларни ташкил қилган бўлиб, бу Россиянинг экспортидан етти баробар кўпроқдир. Бундан ташқари, 2021-йилдан бошлаб Хитой Марказий Осиё билан савдо ҳажми бўйича Россияни ортда қолдирди.
Савдодан ташқари, Хитой Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий алоқаларни ҳам кенгайтириб бормоқда. 2021-йилдан буён беш марта ўтказилган “Хитой – Марказий Осиё саммити” минтақадаги ташқи ишлар вазирлари иштирокида ўтмоқда. Расмий Пекин ушбу саммитни иқтисодий ривожланиш ташаббуси сифатида тақдим этса-да, аслидаги мақсад – Марказий Осиёда стратегик таъсир доирасини кенгайтиришдир.
Буюк Ипак йўли ва Хитойнинг BRI стратегияси
Хитойнинг Бир макон – бир йўл (BRI) ташаббуси 2013-йилда бошланган бўлиб, бугунги кунда 155 та давлатни қамраб олиб, жаҳон ЯИМнинг ярмидан кўпроғини ташкил қилади.
BRI доирасида Марказий Осиёда икки асосий йўналиш мавжуд:
1.Янги Евроосиё қуруқлик кўприги (NELB) – Хитойнинг Шинжон ҳудудидан бошланиб, Қозоғистон орқали ўтади, Каспий денгизининг шимолидан Россия ҳудуди орқали Европага етиб боради.
2. Хитой – Марказий Осиё – Ғарбий Осиё йўлаги (CCAWAC) – Хитойнинг Сиан шаҳридан бошланиб, Шинжон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон орқали Каспий денгизига чиқади. У ердан эса Кавказ орқали Туркия ва Европа билан уланади.
Хитой BRI’ни глобал ривожланиш ташаббуси сифатида тақдим этса-да, кўплаб таҳлилчилар уни Хитойнинг глобал гегемонлик воситаси деб биладилар.
Ҳозирча Россия ва Хитой Марказий Осиёда очиқ қарама-қаршиликка бормаган бўлса-да, минтақадаги иқтисодий ва сиёсий манфаатлар уларнинг узоқ муддатли рақобатга киришини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, АҚШ томонидан илгари сурилган Ҳиндистон – Яқин Шарқ – Европа иқтисодий йўлаги (IMEC), Туркиянинг Тараққиёт йўлаги лойиҳаси, ҳамда Транс-Каспий халқаро транспорт йўлаги (TITR) минтақада янги стратегик рақобат майдонларини яратмоқда. Шу сабабли, Марказий Осиё келажаги фақат Россия ва Хитой ўртасидаги рақобат билан эмас, балки глобал геосиёсий кураш билан ҳам белгиланади.




