Ўзбекистонда сўнгги 10 йилда илм-фанга катта маблағлар сарфланган, минглаб илмий лойиҳалар молиялаштирилган. Аммо уларнинг аксарияти амалда фойда бермаган. Айрим қимматбаҳо лаборатория ускуналари эса уч йилдан ортиқ вақт давомида бирор марта ҳам ишлатилмаган.
Бу ҳолатлар Ҳисоб палатасининг илм-фан соҳасида давлат маблағлари қандай сарфланаётгани бўйича ўтказган текширувларида аниқланди.
2016–2026 йилларда давлат пули ҳисобидан 763 та фундаментал илмий лойиҳа бажарилган. Шундан атиги 64 таси кейинги амалий босқичга ўтган.
Яна 2639 та амалий лойиҳадан фақат 119 таси инновацион босқичга етиб борган. Бор-йўғи 13 тасининг амалий давоми бўлган.
Ҳисоб палатаси хулосасига кўра, молиялаштирилган фундаментал ва амалий лойиҳаларнинг қарийб 98 фоизи реал иқтисодиётга етиб бормаган.
Оддий қилиб айтганда, давлат пул ажратган, олимлар тадқиқот ўтказган, ҳисоботлар ёзилган. Аммо бу ишлардан саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар қанчалик фойда кўргани катта савол бўлиб қолмоқда.
Бюджет маълумотларига кўра, 2021–2025 йилларда илм-фан соҳасига қарийб 8,3 триллион сўм ажратилган.
Фақат 2025 йилнинг ўзида соҳа харажатлари 2 триллион сўмдан ошган.
Шунча маблағ сарфланаётган бир пайтда илмий ишланмаларнинг катта қисми амалиётга етиб бормаётгани бюджет пулларининг самарадорлиги борасида саволлар туғдирмоқда.
Илмий лойиҳаларни кўриб чиқиш ҳам осон эмас.
Текширувларда айрим лойиҳалар экспертизадан ўтиши ва маблағ олиши учун 8 ойдан 15 ойгача кутиши аниқланган.
Масалан, ёғ-мой маҳсулотлари бўйича битта инновацион лойиҳага эксперт хулосаси беришнинг ўзи 287 кунга чўзилган.
Янада қизиғи, 510 та лойиҳа илмий экспертизасиз, 269 таси эса молиявий экспертизасиз тасдиқланган.
Яъни айрим тадқиқотлар ойлаб текширув кутаётган бир пайтда, бошқалари зарур экспертизасиз ҳам маблағ олиш босқичидан ўтган.
Ҳисоб палатаси 242 та олий таълим муассасаси ва илмий ташкилотдаги 2898 та лаборатория ускунасини ҳам ўрганган.
Маълум бўлишича, улардан йил давомида ўртача 45 фоиз даражасида фойдаланилган.
Биоорганик кимё институтида эса тўрт турдаги замонавий ускуна уч йилдан ортиқ вақт давомида умуман ишлатилмаган.
Бошқача айтганда, давлат маблағига қимматбаҳо жиҳозлар харид қилинган, аммо улардан кутилган даражада фойдаланилмаган.
Яна бир муаммо — мамлакатда бажарилган илмий ишлар ҳақида ягона маълумотлар базаси йўқ.
1991–2025 йилларда давлат буюртмаси асосида 11 мингга яқин илмий лойиҳа бажарилган, 26 мингтагача ҳисобот тайёрланган.
Бироқ уларнинг бир қисми архивларда, бошқалари турли вазирлик ва университетларда сақланмоқда.
Оқибатда бир ташкилот аллақачон ўрганган мавзуни бошқа ташкилот яна давлат пулига тадқиқ қилган.
Масалан, тижорат банкларида кредит хавфини ўрганиш бўйича иккита университетда мазмунан бир хил илмий иш бажарилган.
Ҳисоб палатаси бундай ҳолатларни камайтириш учун бир қатор таклифлар берган.
Жумладан, илмий лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш муддатини 90 кун билан чеклаш, барча тадқиқотлар ва патентларнинг ягона электрон базасини яратиш, бир хил мавзулар такрорланишини сунъий интеллект ёрдамида текшириш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, 10 миллиард сўмдан қиммат лаборатория жиҳозини сотиб олишдан аввал мамлакатда шундай ускуна бор-йўқлиги текширилиши керак.
2027 йилдан эса давлат илмий дастурларини иқтисодиёт ва ҳудудларнинг аниқ эҳтиёжларига қараб молиялаштириш таклиф этилган.
Албатта, ҳар бир илмий тадқиқот дарҳол маҳсулот ёки даромад келтириши шарт эмас. Фундаментал фаннинг натижаси баъзан ўнлаб йиллардан кейин кўринади. Аммо бюджет пулига олинган ускуналарнинг йиллаб ишлатилмаслиги, бир хил тадқиқотлар такрорланиши ва лойиҳаларнинг асоссиз чўзилиши жиддий саволларни келтириб чиқаради.




