Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида айтилди.
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари кинематография соҳасини янги босқичга кўтариш учун қўшимча 40 млрд. сўм маблағ ажратилиши
кераклигини таклиф этишган.
2025 йилги бюджет лойиҳасида кино саноати учун 182 миллиард сўм ажратилиши белгиланган эди. Бундан давлат буюртмасига асосан кино маҳсулотларни яратиш учун 110 миллиард, «Тирик тарих» дастури доирасидаги филмларга 50 миллиард, миллий сериаллар ишлаб чиқариш учун 12 миллиард, Тошкент халқаро кинофестивалига 10 миллиард ажратилиши назарда тутилган эди.
Шунингдек, мажлисда бюджетга қўшимча юкланадиган бошқа таклифлар ҳам киритилди.
ХДП томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Миллий малака тизимини ривожлантириш институтини ташкил этиш харажатлари учун қўшимча 10,6 млрд. сўм маблағ ажратилиши сўралди.
“Адолат” СДП фракцияси аъзолари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, зўравонлик ва низоларнинг олдини олиш учун берган таклифи билан, қўшимча 3,1 млрд. сўм маблағ ажратиш таклифини билдирди.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари билдирган таклифига мувофиқ оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қўшимча 35,5 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Экологик партия фракцияси томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш, трансчегаравий гармсел шамоллари ва чанг-қум бўронларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирларининг олдини олиш бўйича билдирган таклифи қаноатлантирилиб, ушбу лойиҳа учун қўшимча 100 млрд. сўм маблағ ажратилмоқда.




