Иқтисодчи Отабек Бакиров навбатдаги ислоҳотлар нархлар ортишига хизмат қилиши мумкинлигини айтмоқда.
Унинг ёзишича, иссиқлик таъминоти бўйича навбатдаги тажрибаларни кўзда тутадиган ҳужжат билан танишган ўзбекистонликлар жиддий хавотирга тушмаслиги мумкинмас.
«Албатта, иссиқлик таъминотининг қайта марказлаштирилиши, бюрократлаштирилиши ва шонли энергетиклар иштирокида давлатлаштирилиши истиқболлари оддий истеъмолчиларни хурсанд қилмайди. Энди фарқи йўқ, бу истеъмолчи кўп қаватли уйда яшаса, марказий иситишга уланганми ёки йўқми», дейди у ва бир неча сабабларни санаб ўз фикрини шундай асослайди:
Биринчидан, иссиқлик таъминоти хизматлари учун пасайтирилган тарифларни 2030 йилгача таннарх даражасига етказиш кўзда туилмоқда. Тасаввур қилишингиз учун, 2024 йил сентябрь ҳолатига Тошкент шаҳрида таннархга етиши учун тарифлар камида 5,5 карра ошиши керак. Бу ҳали таннархни шишириш тўхтамаган тақдирдаги ҳолат. Шонли энергетиклар «методичка»си ишга тушса, таннархни шишириш фақат тезлашади, кенгаяди, табиийки тарифлар таннархга етиши учун неча карра ошишини прогноз қилиш имконсизга айланади. Афсуски, ҳужжатнинг бирон жойида иссиқлик таъминотида таннархнинг каррасига шиширилгани, харажатларни кескин қисқартириш лозимлиги қайд этилмаган.
Иккинчидан, марказлашган иссиқлик таъминотига уланмаган тўрт ва ундан юқори қаватли кўп квартирали уй-жойларнинг иситиш тизимида локал қозонхоналар қуриш ва бошқа муқобил технологияларни жорий этиш ҳисобига бир хонадоннинг газга бўлган талабини камида 20 фоизга камайтириш режалаштирилмоқда. Содда тилга кўчирсак, бу янги қурилган кўп қаватли уйларда бир ёки икки контурли индивидуаль қозонлар орқали истилаётган хонадонларни иситиш локал қозонхоналарга ўтказилиши мумкин дегани. Мазкур антитажриба истеъмолчиларга қанчача тушиши ва қандай кўргуликлар келтиришини прогноз қилишганми ёки йўқми, билмайман. Лекин ҳозирнинг ўзида айтайлик, Тошкентда марказлашган иситиш тизимига уланган уйларда қиш чиқариш (ҳатто таннархни 5-6 каррасига қопламайди дейилсада), индивидуаль қозонлар билан иситиладиган уйларда қиш чиқаришдан каррасига қимматга тушмоқда. Буёғига нима бўлади, ўйлашга қўрқади одам. Ëмон гумон шуки, локал қозонхоналар қуриш кампанияси бутун бошли массивларни газдан узишга институционал баҳона бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Учинчидан, антиислоҳотларга айланаётган ислоҳотлардан одамлар безиб қолган. Марказий иситиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича Тошкентда бундан 4 йил аввал, тизимни Veolia Energy бошқарув компаниясига топшириш ҳаракатлари бирон самарали натижа кўрсатмай туриб, навбатдаги тажрибани бошлашнинг ўзи ғалати, дейди Бакиров.
Шунингдек, иқтисодчи жавобсиз қолаётган саволларни яна қайтариб ўтган:
– Veolia Energy компаниясига иситиш тизимини топширишдан мақсад нима эди ўзи?
– Қўйилган қайси вазифалар бажарилди, бошқарувчига қанча маблағ тўланмоқда?
– Мақсад таннарх ва харажатларни шиширишда, бюджет маблағларини чексиз ўзлаштиришда давом этишмиди? Ёки шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш орқали самарали бошқарувга келишмиди?
– Ҳеч қурса, иссиқ сув ва иситиш ҳисоби ажратилмагани сабабини тушунтиринглар!
Иқтисодчи шиширилган таннарх шиширилмай турса, иссиқлик учун тўловлар қанчага етиши ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
«Иссиқлик таъминоти учун таннархни шиширмай, аҳоли тўлаётган тўловлар ва бюджет субсидияларини саранжом қилиб ишлатишади, қиммат шартномалар орқали ўзлаштиришмайди, йўқотишларни ошириб кўрсатиб, ўғирлашмайди деб тасаввур қилайлик», деган Бакиров қуйидагича ҳисобларни келтириб ўтади:
Ҳозирда марказлашган тармоққа уланган хонадонларда 1 кв.м. майдонни иситиш тарифи 209,94 сўм, 1 куб метр иссиқ сув 7 764,06 сўм.
Таннархни шиширмай туришади, деб тасаввур қилиб кўрсак, ҳозирги Тарифлар таннархга етказилса, яъни камида 5,5 карра оширилса, 50 кв.м. хрушчевкада яшаётган ўқитувчи ёки пенсионер 5 куб иссиқ сув ва иситиш учун ойига қарийб 2 млн.сўм пул тўлаши керак бўлади:
Иситиш: 50кв.м*209,94сўм*30кун*5,5карра= 1 732 005 сўм;
Иссиқ сув:
5куб*7764,06сўм*5,5= 213 511,65 сўм;
Жами: 1 945 516,65 сўм.
Қайтараман, бу энг яхши ҳолатда, инсоф бериб таннархни шиширишмай туришса.
Отабек Бакиров марказлашган иситишга уланмаган хонадонлар эгалари бизга тегишли эмас экан, деб хурсанд бўлишга шошилмасликни сўраган.
«Худди шундай кўргуликни марказлашган иситишга уланмаган кўп қаватли уйларда бир ёки икки контурли индивидуаль қозонлар орқали истилаётган хонадонларни иситиш локал қозонхоналарга ўтказиш орқали сизларга ҳам раво кўришмоқчи», дейди у.




