✔️Олмалиқ тоғ-кон ва металлургия комбинати ҳам инвесторлар диққат марказида
✔️АҚШ ва Европа Иттифоқи Марказий Осиёда ноёб қаттиқ металлар бўйича келишувларни кўзламоқда.
✔️Хитой Қирғизистон ва Тожикистонда конларни бошқариш бўйича етакчиликни эгаллаб, деярли барча қазиб олиш бўйича лицензияларини қўлга киритган.
Марказий Осиё мамлакатлари чет эл инвестицияларига очиқ ва ўз кончилик соҳасини ривожлантириш ҳамда табиий ресурсларидан самарали фойдаланиш учун ҳамкорлик қилишга тайёр.
Бироқ, бу жараёнда Хитой аллақачон минтақага мустаҳкам жойлашиб улгурган. Бу эса АҚШ ва ЕИдан рақобат муҳитида ҳаракат қилишни талаб этади.
АҚШ ва ЕИнинг фаоллашуви
АҚШ расмийлари сўнгги кунларда Қозоғистон билан фаол мулоқот олиб бормоқда. 13-март куни АҚШ Энергетика вазири Крис Райт Хьюстонда ўтган энергетика бўйича анжуманда Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев билан учрашиб, ноёб қазилмалар мавзусини муҳокама қилди.
Шунингдек, 12-март куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан музокаралардан сўнг баёнот берди. Унда АҚШ Қозоғистон билан энергетика, телекоммуникация ва ноёб қазилмалар бўйича иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришга умид қилаётганини таъкидлади.
Европа Иттифоқи ҳам бу борада қизиқиш билдираётганини кўрсатмоқда. 12-март куни ЕИ нинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикелак Марказий Осиёнинг беш давлатига сафарини бошлади. Унинг асосий мақсадларидан бири минтақага кончилик секторига инвестиция имкониятларини ўрганишдир.
ЕИ расмий баёнотида Сикелакнинг Марказий Осиё етакчилари билан учрашувларида муҳокама қилинадиган асосий тўрт мавзудан бири айнан нойоб ер металллари экани таъкидланган. Бундан ташқари, ЕИ транспорт, рақамли боғлиқлик, сув, энергетика ва иқлим ўзгариши йўналишларида ҳам ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилган.
Сикелакнинг сафар доирасида Ўзбекистонда Олмалиқ тоғ-кон ва металлургия комбинатига ташрифи ҳам режалаштирилган. Ўзбекистон март ойида кончилик ва тоғ-металлургия саноатини ривожлантириш учун 2,6 миллиард долларлик лойиҳани эълон қилди. Бу эса АҚШ ва ЕИ инвесторлари учун муҳим имконият ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликлари
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Францияга қилган ташрифи давомида 5 миллион долларлик геология келишуви имзоланди. Франциянинг Геология хизмати Ўзбекистон миллий геология хизматини ривожлантириш учун тажриба ва билим алмашиши маълум қилинди. Шунингдек, муҳим минераллар бўйича геологик ва техник тадқиқотлар олиб борилади.
Марказий Осиё: Ноёб металлларининг янги манбаи
Электроника ва яшил энергия соҳасида талабнинг ошиб бориши туфайли АҚШ ва ЕИ нойоб ер металллари бўйича етказиб берувчиларни диверсификация қилишга интилаётгани аниқ.
2024-йил охирида Австралиянинг Lowy институти эълон қилган таҳлилга кўра, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон каби ресурсларга бой давлатлар бу соҳада Хитойга муқобил сифатида энг мақбул вариант ҳисобланади.
Шунга қарамай, АҚШ ва ЕИ минтақадаги кончилик секторида етакчилик қилиш учун Хитойга етиб олишга ҳаракат қилиши керак.
Lowy институти таҳлилида шундай дейилади:
“Хитойнинг микрочиплар ва яшил энергия ишлаб чиқариш соҳаларида критик металлар учун ички талаби ошиб бормоқда. Шу боис Пекин Марказий Осиё иқтисодиётларининг ушбу секторига катта қизиқиш билдирмоқда.”
Жумладан, Хитой айниқса Қирғизистон ва Тожикистонда конларни бошқариш бўйича етакчиликни эгаллаб, деярли барча қазиб олиш бўйича лицензияларини қўлга киритган.
Кўпи Хитойга бой берилди, умид фақат янги лойиҳаларда
АҚШ ва ЕИ аллақачон мавжуд конларда Хитой билан рақобат қилиш имкониятига эга эмас, бироқ улар келажакдаги янги лойиҳаларда етакчиликни қўлга киритиши мумкин.
Lowy институти шундай хулоса қилади:
“Марказий Осиё етакчилари хорижий молиявий капитал, технологиялар ва мутахассислик тажрибаси бўлмаса, маҳаллий ресурслардан самарали фойдаланиш имконсиз эканини англаб етди. Шу боис, халқаро ҳамкорлик орқали муҳим минераллар ишлаб чиқаришда ўз ўрнини мустаҳкамлашни хоҳламоқда.”




