Бу бўйича нега бизда илмий текширувлар ўтказилмаган?
АҚШ ҳарбийлари хизмат қилган Қарши-Хонобод (Қ2) базаси атрофида заҳарли муҳит ва унинг инсон саломатлигига таъсири борасида тортишувлар яна қайтмоқда.
Fox News нашрида журналист Морган Филипс томонидан чоп этилган мақолада қатор жиддий даъволар келтирилган: базада“yellow cake” уран моддаси, Совет даври ракета ёқилғиси ва бошқа канцероген кимёвий моддалар ҳаво ва тупроқни чанглатиб, ҳарбийлар ҳаёти учун хавфли муҳит яратган, дейилади нашрда.
Маттью “Ник” Николлс исмли собиқ ҳарбий мутахассиснинг сўзларига кўра:
“Бу эҳтимол, АҚШ ҳарбийлари дуч келган энг заҳарли кимёвий муҳит бўлган. Менинг кўплаб дўстларим ҳозирда ёшлигича саратондан вафот этмоқда.”
2001–2005 йиллар орасида Қ2 базасидан 15 000 дан ортиқ АҚШ ҳарбийси ҳизмат ўтаган юзлаб фуқаролик пудратчилар ҳам шу ерда фаолият юритган. Бироқ уларнинг кўпчилиги ҳозирда касалликлар учун керакли тиббий ёрдамни олишда қийинчиликларга дуч келмоқда. АҚШ Ветеранлар ишлари бўйича бошқармаси (VA) аввал бу ҳолатни расман тан олмаган, ҳозирда эса тадқиқотни тўлиқ якунламасдан туриб “аниқ боғлиқлик йўқ” деган баёнот бермоқда.
АҚШ Конгресс аъзолари Марк Грин ва Стивен Линч 2021 йилда Миллий мудофаа акти орқали бу базадаги заҳарли таъсирни тўлиқ ўрганиш бўйича тадқиқотни талаб қилишган. Бироқ орқада қолган тўрт йил ичида бу тадқиқот ҳали ҳам якунланмаган.

Uzdiplomat.uz билан боғланган, исмини сир сақлашни сўраган онкологнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати томонидан Қ2 базаси атрофида маҳаллий аҳоли орасида саратон ёки бошқа касалликлар даражасини ўрганиш учун ҳеч қандай махсус маблағ ажратилмаган.
“Маблағ бўлмаса, тадқиқот бўлмайди. Шундай экан, ўша ҳудудда саратон юқори ё паст деган гаплар илмий асоссиз. Бундай ташхислар гап-сўздан ўтмайди,” — деди у.
Шунингдек, у қўшимча қилди:
“АҚШ ҳарбийлари касалликни бошқа жанг ҳудудларида ҳам юқтирган бўлиши мумкин. Биздаги маълумотлар асосан АҚШ манбаларига суянган, ўз тадқиқотимиз йўқ. Тадқиқот ўтказиш керак, у ердаги аҳоли саломатлигига қайғуришимиз зарур”.
Мутахассис фикрича, Ўзбекистонда шундай муҳим ва тарихий ҳодиса юзасидан мустақил илмий-тадқиқот марказлари иштирокида холис изланишлар олиб борилиши зарур. Чунки АҚШдаги саратонга қарши кураш ҳаракатлари ва компенсация талаблари бугунги кунда фақат у ерда хизмат қилган ҳарбийларни эмас, балки Ўзбекистонда яшаган аҳоли учун ҳам аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Хўш, Ўзбекистон тарафчи? Расмийлар ҳозирча АҚШдаги ушбу тортишувларга очиқ муносабат билдиргани йўқ. Бир нечта матбуот анжуманларида мудофаа вазирлиги расмийлари Қарши -Хонобод базасида заҳарланиш йўқлигини билдирган.
Uzdiplomat боғланган онколог эса, мамлакат ҳудудидаги ушбу тарихий база бўйича тўлиқ ва мустақил текширув талаб этилиши кераклигини таъкидламоқда.




