“Электрон дўкон”да хизмат автомобиллари харидининг асосий қисмини BYD бренди моделлари ташкил этади. Айниқса, BYD Song Plus DM-i, BYD Chazor ва BYD Song Plus EV Champion моделлари энг кўп харид қилинмоқда.
Factchecknet.uz сайти xarid.uzex.uz порталидаги “Электрон дўкон” бўлимидаги 2022 йилдан 2025 йил апрел ойигача бўлган маълумотлар асосида бюджет ташкилотлари ва давлат улуши бор корхоналарнинг хизмат автомобиллари харидини таҳлил қилди.
Мақолада Давлат харидлари бўйича мутахассис Камол Ниёзовнинг таҳлиллари келтирилган бўлиб унга кўра, 2024-йилда Ўзбекистонда давлат харидларининг 46,3%i (115,2 трлн сўм) рақобатсиз амалга оширилган. Бунда “Электрон дўкон” (17,4 трлн сўм) орқали амалга оширилган умумий харидлар “Тўғридан-тўғри шартномалар” (70,7 трлн сўм) ёки “Ягона етказиб берувчи билан” (44,5 трлн сўм) тузилган шартномаларга нисбатан бир неча баробар кам. Бу ҳолат автомобил харидларини таҳлил қилишда муҳим, чунки хизмат автомобиллари тўғридан-тўғри харид усули орқали ҳам олинади.
«“Электрон дўкон”ни таҳлил қилинганда, 2022-йилдан 2025-йилнинг 1-чорагигача бўлган даврда бюджет ва корпоратив буюртмачилар томонидан амалга оширилган 370 дан ортиқ енгил автомобил харидларини аниқланган:

Бундан ташқари, Президентнинг ПҚ-443-сонли қарори билан 2023–2025 йиллар давомида электромобиллар ва гибрид автомобилларни харид қилиш бўйича қуйидаги мақсадли кўрсаткичлар белгиланган:
2023-йил: 806 та автомобил учун 269 млрд сўм;
2024-йил: 1281 та автомобил учун 454,6 млрд сўм;
2025-йил: 1776 та автомобил учун 593,4 млрд сўм.
Енгил автомобилларга энг кўп маблағ сарфлаган давлат идоралари

Енгил автомобилларга энг кўп маблағ сарфлаган идоралар – Бинолардан фойдаланиш ва капитал қурилиш дирекцияси ДМ, Бандлик вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бўлиб, ТОП-10 даги ҳар бир бюджет ташкилоти ушбу харидлар учун бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратган.
Хизмат автомобиллари учун энг кўп шартномалар BYD дилерлари билан тузилмоқда
“ROODELL”, “CHINA GROUP” МЧЖлар ва “UzAuto Motors” АЖдан ташқари қолган ТОП-7 МЧЖнинг барчаси BYD автомобил брендининг Ўзбекистондаги дилерлари ҳисобланади.
Энг кўп харид қилинган ТОП-10 автомобил

“Электрон дўкон”да хизмат автомобиллари харидининг асосий қисмини BYD бренди моделлари ташкил этади. Айниқса, BYD Song Plus DM-i, BYD Chazor ва BYD Song Plus EV Champion моделлари энг кўп харид қилинмоқда. Бу автомобиллар асосан Президент қарорида кўзда тутилган гибрид ва электр русумли транспорт воситаларидир.

“Миллий” дегани “қимматбаҳо машина олишга рухсат” деганими?
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 25 декабрдаги бюджет тўғрисидаги қарори ва 5-мартдаги йиғилишида давлат идораларига бюджет маблағларини тежаш мақсадида хизмат автомобиллари харидини, айниқса, қўшимча манбалар ҳисоби ва тўғридан-тўғри шартномалар орқали амалга ошириладиган қиммат харидларни қисқартириш, миллий автомобилларга ўтиш зарурлиги таъкидланган. Бу чораларнинг асосий мақсади давлат бюджети маблағларини ижтимоий соҳаларга йўналтириш бўлса-да, баъзан “миллий маҳсулотга ўтиш” ниқоби остида қимматбаҳо харидлар давом этмоқда.
Жиззах вилояти ҳокимлиги қарийб 1,7 трлн сўмлик бюджет тақчиллигига (шундан 900 млрд сўми республика бюджетидан қопланган) қарамай, қимматбаҳо автомобиллар харид қилмоқда. Масалан, 2025 йил 18 мартда ҳокимлик 657 млн сўмдан ортиқроқ қийматдаги “Chevrolet Traverse” автомобили учун тўғридан-тўғри шартнома тузган. Шунингдек, “Ўзавтосаноат” АЖдан хизмат транспорти сифатида нархи 1,1 млрд сўмдан бошланадиган “Chevrolet Tahoe” ажратилишини сўраб хат юборган.
Бу харидлар гўёки президентнинг “миллий автомобилларга ўтиш” ҳақидаги топшириғи билан асосланмоқда. Аммо “Traverse” ҳам, “Tahoe” ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Қолаверса, “Tahoe”нинг нархи вилоят ҳокимликлари учун белгиланган лимитдан (750 млн сўм) анча юқори. Вилоят бюджетида 2025 йилда ҳам 1,1 трлн сўм тақчиллик кутилаётган бир пайтда бундай қиммат харидлар қанчалик ўринли?
Сенат раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ҳам шу йилнинг 5 мартидаги президент ўтказган йиғилишдан сўнг “Chevrolet Tahoe” моделига ўтган.
Нашрлар ҳам вилоят ҳокимларини “Chevrolet Tahoe” ёки “Traverse” моделларидан хизмат автомобили сифатида фойдаланишаётгани ҳақида ёзмоқда.
Бундай ёндашув ҳашаматни камайтириш ва маблағларни тежаш борасидаги асл мақсадга (агар мақсад шунгача бўлса) зид келиб, “миллий” деган ном остида қимматбаҳо харидларни оқлашга уринишдек таассурот қолдирмоқда. Натижада, тежамкорликка эришиш ўрнига, шунчаки бир турдаги қимматбаҳо автомобиллар бошқасига алмаштирилмоқда, бюджет маблағларининг самарасиз сарфланиши эса давом этяпти.




