«Шундоғам эркаклар ҳукмронлиги бўлган дунёда яшаяпмиз. Ўзбекистон ҳам худди шу. Хоҳласангиз ҳукуматдаги фоизга қаранглар, биттагина вазиримиз ( аёл вазир Ҳилола Умарова) бор»- Камола Алиева.
Тошкентда «Юксалиш» ҳаракати ташаббуси билан ўтказилаётган фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида «Аёллар нодавлат нотижорат ташкилотлари» форуми бўлиб ўтди. Унда экспертларга «Нега фақат аёллар ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, эркакларга нисбатан ҳам оилавий зўравонликлар учраб туради-ку?», деб савол берилди.
Бунга жавоб берган мутахассислар бундай ҳолатлар жуда камлигини бор бўлса ҳам фақат ногиронлиги мавжуд бўлган эркаклар билан содир бўлганини айтиб ўтишди.
Муҳокамалар давомида Гендер масалалари бўйича эксперт, Тошкент давлат юридик университети доценти Камола Алиева шундай далилларни келтириб ўтди:
- 40 мингга яқин ҳимоя ордери берилган ва уларнинг 85% оилада содир бўлган зўравонлик учун.
- 2024 йилнинг 10 ойида оилавий, маиший зўравонлик бўйича суд қарорлари қабул қилинди. Ундан 400 таси жиноят кодекси бўйича ишлар кўрилган. 2014 йилдан 2024 йилгача бўлган ишларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда охирги 10 йилда 305 та фемицид бўйича ишлар кўриб чиқилган. Бизда фемицид қонунчиликда ҳеч қандай тушунча белгиланмаган. Лекин бу аёлни ўлдирилиши аёл бўлгани учун унга бўлган нафрат уни бир мулк сифатида кўриш, уни инсон сифатида кўрмаслик, худди стол нима аёл нима фарқи йўқ. 305 та ишни ичида 334 аёл қурбон бўлган ва бу ишларни 46 фоизи жинсий ҳамкор, яъни жинсий партнёр деймиз, эри ёки бирга яшайдиган фуқаровий эри томонидан қилинган ва 39% ишлар уйда амалга оширилган. Биттасини айтиб беришим мумкин. Маҳлиё ўзини 2 ойлик фарзандини докторга кўрсатмоқчи бўлганида, эрини жаҳли чиқиб, доктор чақиргани учун 16 марта пичоқлаб ўлдирилган. Бу инсонга эса 12 йил қамоқ жазоси берилган. Кўп қидириш шартмас. Медиа масаласи ҳам кўтарилди. Ҳақиқатда медиада ноябрь ойи учун биргина сайтда 1 ойда 10 тача кейс кўрдим. Булардан биттаси отаси томонидан ўлдирилган қиз. Ўзини отаси қизини мажбурий турмушга бермоқчи бўлган ва қиз йўқ деган. Мен бошқа муносабатлардаман, бошқа одам билан муносабатдаман дегани учун бўғиб ўлдирган. Суд жараёнида бу иш кўтарилганда қиз экспертиза қилинганда, «қиз бокира эмаслиги туфайли отаси ўлдирди», деган важ келтирилди. Лекин экспертиза у қиз бокира эканлигини аниқлагандан сўнг отани гапини нима бўлгани ҳаммани шокка қўйса керак. «Энди мен хотиржамман қизим бокира бўлиб ўлибди». Ўз қўли билан ўлдирган ота. Ёки ўзини опасини йигитлар билан гаплашаётгани учун ўлдирган – ука. Булар ҳаммаси фемицидни мисоллари. Аёлни қандайдир ижтимоий нормалар асосида чеклаш унинг базавий фундаментал инсон ҳуқуқларини чегаралаш натижада мана шунақа оғир оқибатларга олиб келади. Мана шу саҳнада ҳам ҳаттоки баъзи бир спикерлар томонидан, иштирокчилар томонидан янграган стереотиплар туфайли масалан аёл бўйин дейилди(Спикер сифатида таклиф этилган оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари айтган фикрга нисбатан). Нимага аёл бўйин бўлиши керак? Аёл бўйин эмас. Биринчидан у – шахс. Уни ўзини қарор қилишга, қарор қабул қилишга, ўзини ҳаётини аниқлашга белгилашга ҳаққи бор. Агар диний масалада гапирадиган бўлсак, қовурғадан шакллантирилган аёл дейилади лекин лекин қовурға пастдаяммас тепада ҳам эмас, тенг. Мана шу базавий фундаментал инсон ҳуқуқларини менсимаганимиздан кейин ва бу нарса нафақат оддий аҳоли томонидан балки, қарор қабул қилувчилар, хизмат кўрсатувчилар, керак бўлса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан хизмат кўрсатувчилар, маҳаллада ўтирган хотин-қизлар фаоллари томонидан жудаям кўп бузилаверади. Агарда мана шу одамларни ўзи ўзгарадиган бўлса, дунёқараши аёлга нисбатан муносабати, қиз болага нисбатан муносабати ўзгарадиган бўлса, биз шундай юқорида айтган статистикаларни кўрмаймиз. Ёки камроқ кўрамиз. Иккинчи масала биринчи гапирган спикеримизга қарата айтмоқчийдим, жудаям кўп қайтариладиган гап- эркаклар ҳам зўравонликка учрайди. Ҳақиқатдан ҳам эркаклар зўравонликка учраши мумкин. Бу кўп ҳолларда ногиронлиги бўлган эркаклар учрашини биз ўзимиз ҳам амалиётда кўрдик. Чунки у тўлақонли қарам ўзини боқувчисига. Хотини бўлиши мумкин, онаси бўлиши мумкин, бошқа оила аъзоси бўлиши мумкин.
Лекин эркак киши оилада зўравонликка учрагани бўйича бизда статистика йўқ. Дунёда ҳам шундай. Аёл билан ёнма-ён қўйганда эркаклардан кўра, аёллар каррасига кўпроқ зўравонликка учрайди.
Мен ўйлайманки, бундай форумларда эркаклар ҳам зўравонликка учрайди деган масалани кўтариш аёлларни муаммосини яна четга суриш. Шундоғам эркаклар ҳукмронлиги бўлган дунёда яшаяпмиз. Ўзбекистон ҳам худди шу. Хоҳласангиз ҳукуматдаги фоизга қаранглар, биттагина вазиримиз (аёл вазир Ҳилола Умарова) бор, деди у.




