Институт номи ташкил этилгандан буён 13 мартта ўзгарган
Авлоний малака ошириш институти трансформация қилиниб, унинг 13 та ҳудудий маркази қайта ташкил этилиши белгиланди.
Президент ҳузурида бугун ўтган йиғинда Авлоний малака ошириш институтининг 13 та ҳудудий марказидаги ёндашувларни ҳам, дастурларни ҳам тубдан ўзгартириш зарурлиги таъкидланди.
Масалан, Жиззах малака ошириш марказидаги 60 нафар профессор-ўқитувчининг барчаси АҚШ, Буюк Британия, Сингапур, Германияни етакчи олийгоҳлари дастурлари асосида қайта тайёрланади.
Шу билан бирга, мактабдаги 17 та фанни ҳар бири бўйича алоҳида таянч мактаблари бўлади.
Ҳар бир таянч мактабнинг 1 нафар ўқитувчиси Малака ошириш марказига келиб, ўз йўналишида халқаро дастурлар асосида чуқур тайёрланади, уларга тренер мақоми берилади. Яъни, уларнинг билим ва амалий кўникмаси марказ ўқитувчисидан кам бўлмайди.
Ушбу тренерлар ўзига бириктирилган ҳудуддаги 25 нафар етакчи ўқитувчини ўқитади, етакчи ўқитувчилар эса ўз мактабидаги қолган муаллимларни малакасини ошириб боради.
Туман ҳокимлари таянч мактабларда 1 та касбий маҳорат хонасини ташкил қилиш ва уни тўлиқ жиҳозлашга масъул бўлади.
Барча вилоят ҳокимлари Авлоний номидаги малака ошириш институти андозаси асосида ҳудудлардаги малака ошириш марказларини таъмирлаш ишларини йил охиригача якунлаши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Маълумот учун, 2024 йилда Президент қарори билан А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти негизида А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ташкил этилган эди.
Умуман олганда, мазкур малака ошириш институти номи ҳозирги кунга қадар бир неча бор ўзгартирилиб келинган.
А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти — Ўзбекистондаги энг йирик ўқитувчилар малакасини ошириш институти ҳисобланади. Дастлаб, институт бошланғич мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш курси негизида Халқ таълими кадрлари малакасини ошириш институти номи билан ташкил этилганди.
Кейинчалик институт номи қуйидагича ўзгартириб борилди:
1934-йилдан — Халқ таълими кадрлар малакасини ошириш институти;
1941-йилдан — Республика ўқитувчилар малакасини ошириш институти;
1945-йилдан — К.D.Ушинский номидаги Республика ўқитувчилар малакасини ошириш институти;
1964-йилдан — К.D.Ушинский номидаги Республика ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Марказий институти;
1992-йилдан — А.Авлоний номидаги Халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш Марказий институти;
2001-йилдан — А.Авлоний номидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказий институти;
2003-йилдан — А.Авлоний номидаги педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти;
2004-йилдан — А.Авлоний номидаги Халқ таълими раҳбар ходимлари малакасини ошириш Марказий институти;
2006-йилдан — А.Авлоний номидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказий институти;
2017-йилдан — А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти;
2019-йилда — А.Авлоний номидаги Халқ таълими вазирлиги академиясини ташкил этиш таклифи ҳам берилган (ушбу таклиф амалга ошмаган);
2020-йилдан — А.Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти;
2022-йилдан — А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти;
2024-йилдан — А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ташкил этилди.




