Жаҳон банки Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини электр тармоқларига интеграция қилиш ва айрим ҳудудларда электр таъминоти барқарорлигини оширишга қаратилган дастурни молиялаштириш учун 100 миллион доллар имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.
Энергетика вазирлигининг хабар беришича, дастур доирасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳам ўз маблағлари ҳисобидан 50 млн доллар қўшади.
150 миллион долларлик дастур доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
6 минг км паст кучланишли электр тармоқларини қуриш ва модернизация қилиш;
250 МВА қувватга эга 1 200 та трансформаторни янгилаш ва ўрнатиш;
150 мингта “ақлли” ҳисоблагични жорий этиш;
4 мингта маълумотлар концентраторини ўрнатиш орқали тармоқларни рақамлаштириш.
«Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида электр таъминотини сезиларли даражада яхшилаши кутилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.
Бу кредит Жаҳон банки ва бошқа халқаро молия институтларининг Ўзбекистон энергетика соҳасига қаратилган қатор йирик молиявий ёрдамларидан навбатдагисидир.
Сўнгги йилларда қуйидаги лойиҳалар амалга оширилган:
2022 йил – Жаҳон банки давлат муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш учун 143 млн доллар ажратди.
2023 йил – Осиё тараққиёт банки (АТБ) ва Франция тараққиёт агентлиги (AFD) электр тақсимлаш тармоқларини рақамлаштириш учун жами 275 млн доллар қарз берди.
2024 йил – AIIB ва ACWA Power Қорақалпоғистондаги Қўғирот шамол электр станцияси лойиҳасига 150 млн доллар ажратди.
2025 йил – АТБ томонидан энергетика ислоҳотлари ва молия бозори ривожи учун 400 млн долларли кредит тасдиқланган.




