Ечим борми?
Афғонистон шимолий вилоятларидаги қурғоқчил ҳудудларни суғориш мақсадида Қўштепа каналини қуришни жадал давом эттирмоқда. Ушбу канал Амударё сувидан 20–30 фоизгача йўналтирилишини кўзда тутмоқда. Бу эса Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг сув хавфсизлигига жиддий таҳдид туғдирмоқда.
Амударё Афғонистондан ташқари Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудидан ўтади. Ўзбекистон ва Туркманистон дарёнинг қуйисида жойлашган бўлиб, уларнинг гидроэлектр станциялари ва қишлоқ хўжалиги айнан шу сув манбаига таянади.
Агар дарёнинг муҳим қисми Қўштепа каналига йўналтирилса, бу Ўзбекистоннинг сув таъминотини 15 фоизга, Туркманистонникини эса ҳатто 80 фоизгача қисқартиради. Натижада, бу ҳолат ишсизликнинг ошиб бориши, камбғаллик даражасининг кучайиши, ички ва ташқи миграция, ҳамда чегаравий можаролар хавфини келтириб чиқаради.
Қозоғистон ва Қирғизистон бу масалага нисбатан бефарқроқ, чунки Амударё уларнинг ҳудудидан ўтмайди. Аммо экспертлар огоҳлантиришича, агар Ўзбекистон ва Туркманистон Амударёдан камроқ сув олса, улар бошқа муҳим манба — Сирдарёдан кўпроқ сув олишга уриниши мумкин. Бу эса Сирдарё сувидан фойдаланаётган Қозоғистонга салбий таъсир қилади. Қозоғистон яшил партияси “Байтақ” етакчиси Азаматхон Амиртаевга кўра, бу оқибатда Ўзбекистондан Қозоғистонга келадиган Сирдарё оқими 30–40 фоизга қисқариши мумкин.
Амударё ва Сирдарё биргаликда аллақачон экологик фалокатга учраган Орол денгизни боқиб келган. Марказий Осиё сув ресурслари ва иқлим ўзгаришига бағишланган платформа асосчиси Булат Йессекин: “Қўштепа Орол ҳавзасини тамом қилади. Бу – сўнгги зарба бўлади,” – дея баёнот берди.
Унинг фикрича, бу муаммони ҳал қилиш учун Марказий Осиё давлатлари Афғонистонга озиқ-овқат ва энергия бўйича ёрдам кўрсатиши керак: “Улар ўзларини боқиш учун канал қуришяпти. Уларга сув етарли эмаслиги – бизнинг ҳам айбимиз. Бизда бу муаммони ҳал қилиш имконияти бор, фақат жиддий ёндашиш керак,” – деди Йессекин.
Яқинда бўлиб ўтган “Сув хавфсизлиги ва трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш” конференциясида қатнашган мутахассислар ҳам Қўштепа канали қурилиши Орол денгизни тиклаш бўйича олиб борилган барча ишлар йўққа чиқишини тан олишди.
Айни пайтда Марказий Осиё мамлакатлари аллақачон иқлим ўзгариши ва сувдан нотўғри фойдаланиш туфайли сув танқислигига дуч келмоқда. Қўштепа канали қурилиши эса бутун минтақа экотизимига қайтараб бўлмас зарар етказиши мумкин
Сувдан фойдаланиш тартиби ҳозирда 1992-йилги трансчегаравий сув манбаларидан фойдаланиш бўйича битимга асосланган бўлиб, бу битим собиқ ССР давридаги 566-сонли протоколнинг давомидир. Минтақа давлатлари шунингдек, БМТнинг халқаро сув манбаларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясига амал қилади.
Аммо Афғонистон бу битимларда иштирок этмайди. Чунки “Толибон” ҳукумати халқаро ташкилотлар ёки давлатлар томонидан тан олинмаган. Бироқ минтақадаги давлатлар аста-секин Толибон билан алоқаларни мустаҳкамлаб бормоқда. Қозоғистон ва Қирғизистон Толибонни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди, Ўзбекистон эса қўшниси билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда.
Қозоғистон Сув ресурслари ва суғориш вазирлиги баёнотига кўра, 2024-йилда мамлакат Халқаро Оролни қутқариш жамғармасига раислик қилаётганлиги боис, сув тақсимоти масалалари (шу жумладан Афғонистон билан) айнан шу платформа доирасида кўриб чиқилиши керак.
Афғонистон ҳукумати ҳам мулоқотга тайёр эканини билдириб, ўз фуқаролари ҳам сувдан бошқа давлатлар сингари фойдаланишга ҳақли эканини таъкидлади. Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Муҳаммад Наим Вардак: “Биз ҳеч қандай муаммо кўрмаяпмиз. Бу – ҳамкорлик учун яхши имконият. Агар кимдадир эътироз бўлса, биз уни ҳал қилишга тайёрмиз. Қўштепа ҳеч кимга зарар етказмайди,” – деди.
Мутахассислар эса Афғонистон сувдан фойдаланишда замонавий тежамкор технологиялардан фойдаланиши, Марказий Осиё давлатлари эса ўз экспертлари орқали ёрдам бериши зарурлигини таъкидлашмоқда.




