Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг Қирғизистон қисмида қурилиш ишлари жадаллашди. Ҳозир режалаштирилган 107 объектнинг 83 тасида бир вақтнинг ўзида ишлар олиб борилмоқда, қурилишга 10 мингдан ортиқ мутахассис ва 7 мингдан зиёд махсус техника жалб қилинган. Бу ҳақда The Times of Central Asia хабар берди.
Қирғизистоннинг тоғли ҳудудларидан ўтадиган йўналиш техник жиҳатдан ўта мураккаб. Ҳозир 26 та туннелда ишлар кетмоқда, асосий туннелларнинг 13,5 километридан ортиғи қазиб бўлинган. Лойиҳада кўзда тутилган 50 та кўприкнинг 38 тасида қурилиш бошланган.
Айрим участкалар денгиз сатҳидан 3 минг метрдан баланд жойда қурилмоқда.
Расмийлар темир йўл Хитойдан Марказий Осиё ва Европа томон юк етказиб бериш муддатини қисқартириши, Ўзбекистон ва Қирғизистонга транзит даромадлари келтириши ҳамда янги логистика марказлари пайдо бўлишига туртки беришини айтмоқда.
Бироқ мегалойиҳа атрофида иқтисодий ва экологик саволлар ҳам бор.
Қиймати — $4,7 млрд, ярми Хитой кредити
Фақат Қирғизистон ҳудудидаги қисмнинг қурилиши $4,7 млрдга баҳоланган. Шундан қарийб $2,3 млрд Хитой банклари томонидан 35 йиллик кредит сифатида уч давлат ташкил этган қўшма компанияга берилади. Қарзни давлатлар эмас, лойиҳа компаниясининг ўзи қайтариши белгиланган.
Қолган $2,3 млрд устав капитали орқали молиялаштирилади. Қўшма компанияда Хитойнинг улуши — 51 фоиз, Ўзбекистон ва Қирғизистонники — 24,5 фоиздан.
OECD таҳлилида лойиҳанинг ҳажми Қирғизистон иқтисодиёти учун жуда катта экани ва уни молиялаштириш мамлакатнинг қарз юкига қўшимча хавф туғдириши мумкинлиги қайд этилган.
Хитой аллақачон Қирғизистоннинг энг йирик ташқи кредиторларидан бири ҳисобланади.
Йўл учун уйлар ҳам бузилади
Қурилиш маҳаллий аҳоли норозилигига ҳам сабаб бўлмоқда.
Eurasianet маълумотига кўра, Қирғизистон ҳукумати темир йўл учун зарур ерларни давлат эҳтиёжлари учун олиб қўймоқда. Фақат Сузоқ туманида 194 та бино бузилиши режалаштирилган, бошқа ҳудудларда ҳам уй-жой ва ерлар масаласи кўтарилган.
Аҳоли компенсация миқдори ва кўчмас мулкни баҳолаш тартиби юзасидан саволлар билдирган.
Қирғизистон ҳукумати ҳам ер ва компенсация масаласи мавжудлигини тасдиқлаган. Июнь ойида ўтказилган йиғилишда темир йўл трассасига тушиб қолган уйлар эгаларига товон тўлаш ва ер ажратиш масалалари алоҳида муҳокама қилинган.
Қурилишда экологик қоидабузарликлар ҳам аниқланган
Лойиҳанинг яна бир муаммоли томони — экология.
Қирғизистоннинг экологик ва техник назорат органлари темир йўл қурилиши объектларини текширганда экологик қонунчилик бузилиши билан боғлиқ 30 та ҳолатни аниқлаган.
Айрим қурилиш компанияларига жарималар солинган. Сузоқ туманидаги Қора-Олма ўрмон хўжалиги ҳудудида эса қурилиш ташкилоти томонидан ноқонуний чиқинди майдони ташкил этилгани аниқланган.
Бундан ташқари, халқаро экологлар тоғ экотизимлари, сув ресурслари ва қор барси каби ноёб ҳайвонлар яшайдиган ҳудудларга таъсир масаласини ҳам кўтармоқда.
Июнь ойида бу масала ҳатто БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши доирасида муҳокама қилинган.
Ўзбекистон нима олади?
Ўзбекистон учун темир йўлнинг асосий манфаати — Хитойга чиқадиган қисқароқ ва муқобил транспорт йўлаги пайдо бўлиши.
Режага кўра, йўл Хитойнинг Қашғар шаҳридан Торугарт–Макмал–Жалолобод орқали Андижонга чиқади. Узоқ муддатда унинг юк ўтказиш қуввати йилига 15 млн тоннагача етиши кутилмоқда.
Бироқ лойиҳанинг иқтисодий самараси темир йўлни қуришнинг ўзи билан кафолатланмайди. Янги йўналишда қанча юк пайдо бўлиши, транзит тарифлари, чегарадан ўтиш тезлиги ва уни Каспий, Эрон ҳамда Трансафғон коридорларига қанчалик самарали боғлаш мумкинлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Шу сабаб $4,7 млрдлик лойиҳа Марказий Осиё учун катта транспорт имконияти бўлиши билан бирга, унинг молиявий самарадорлиги, маҳаллий аҳолига компенсациялар ва экологик таъсири бўйича саволлар ҳам ҳали тўлиқ ёпилган эмас.




