Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Метапневмовирус янги касаллик эмас. Ортиқча хавотирга ҳожат йўқ», демоқда.
Санэпидқўмита ушбу касаллик тўғрисида расмий маълумот берди. Хабарда айни вақтда республикамизда ҳам ўткир респиратор инфекцияларга чалиниш ҳолатларининг мавсумий кўтарилиши кузатилаётгани қайд этиларкан, унинг 1.2 % метапневмовирус эканлиги айтилган.
«Респиратор инфекцияларнинг сўнги лаборатор таҳлиллари натижасига кўра: 36,9%да грипп вируси, 30,2%да риновирус, 28,6%да респиратор-синцитиал вирус, 1,2%да метапневмовирус ва 3,1%да бошқа вируслар аниқланган», дейилади унда.
Қўмита фуқаролар ушбу инфекцияларни юқтириб олмасликлари учун профилактика ва гигиена қоидаларига риоя қилишлари, одамлар гавжум жойларга, айниқса ёш болаларни олиб юришни чеклашни, касаллик белгилари пайдо бўлган оила аъзоларини алоҳида сақлаб, шифокор кўрсатмасига асосан даволанишни тавсия қилган.
Маълумот учун, Метапневмовирус биринчи марта 2001 йилда аниқланган бўлиб, асосан ҳаво-томчи йўли билан, камдан-кам ҳолатларда эса ифлосланган юзалар билан алоқа қилиш орқали юқади. Вирусни асосан куз-қиш мавсумида фаол айланиши кузатилади.
Метапневмовирус инфекцияси, одатда бурун оқиши, йўтал ва иситма каби белгилари билан ўткир респираторли инфекциялар шаклида намоён бўлади, баъзи ҳолларда бронхиолит ва пневмонияни келтириб чиқаради.
Аввалроқ, қўшни Қозоғистонда 30 кишининг бу касалликка чалингани хабар қилинганди.




