Россияда ўтказилган «Марказ-2026» стратегик ҳарбий машғулотларида қўшинларнинг Марказий Осиё йўналишида ҳужумни қайтаришидан кейин қўшни ҳудудга ўтиб, у ерда «хавфсизлик зонаси» ташкил этиши сценарийси машқ қилди.
Россия расмийлари сценарийда қайси Марказий Осиё давлати назарда тутилганини очиқламаган.
2 октябрь куни Челябинск вилоятидаги Чебаркуль полигонида машғулотларни Россия президенти Владимир Путин кузатди.
Россия мудофаа вазири ўринбосари Юнус-Бек Евкуров Путинга машқ сценарийсини тушунтирар экан, қўшинлар «Марказий Осиё стратегик йўналишида ҳарбий агрессияни қайтариши», шундан сўнг эса ҳужумга ўтиши назарда тутилганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, коалиция кучлари Жанубий Урал йўналишидаги асосий зарбани қайтаргач, вазиятни тиклаган ва 2 октябрдан «босиб олинган ҳудудни озод қилиш ҳамда қўшни ҳудудда хавфсизлик зонасини яратиш» бўйича ҳужум ҳаракатларига ўтган.
«Марказ-2026» машғулотларида Россиядан ташқари Хитой, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Монголия ва Покистон ҳарбийлари қатнашган. Ўзбекистон тараф иштирокчилар орасида қайд этилмаган. Машғулотларнинг якуний босқичида қарийб 6 минг ҳарбий қатнашган, умумий машқларга эса 47 мингга яқин ҳарбий жалб қилинган.
Шу билан бир вақтда Чебаркуль полигонида КХШТнинг «Ҳамкорлик-2026» машғулотлари ҳам ўтказилган. Унда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон контингентлари чегаравий қуролли можарони локаллаштириш ҳамда шартли рақиб эгаллаб олган аҳоли пунктини озод қилиш ҳаракатларини машқ қилган. Ўзбекистон КХШТ аъзоси эмас ва мазкур машқларда ҳам иштирок этмаган.
Эътиборли жиҳат — машқнинг биринчи қисми мудофаа характерида бўлса-да, кейинги босқичда ҳарбий ҳаракатлар давлат чегарасидан ташқарига чиқиши назарда тутилган.
Яъни шартли агрессия қайтарилгандан кейин фақат ўз ҳудудини ҳимоя қилиш эмас, балки «сопредельная территория» — қўшни ҳудудда хавфсизлик зонасини барпо этиш ҳам сценарийнинг бир қисми бўлган.
Бу ибора Марказий Осиё учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки минтақа давлатлари Россия билан хавфсизлик соҳасида турлича муносабатларга эга: Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон КХШТ аъзоси бўлса, Ўзбекистон ҳарбий блокдан ташқарида мустақил хавфсизлик сиёсатини юритади.
Шу сабабли Россия ҳарбий режалаштиришида «Марказий Осиё стратегик йўналиши» ва қўшни давлат ҳудудида «хавфсизлик зонаси» тушунчаларининг бир сценарийда пайдо бўлиши Ўзбекистон учун ҳам кузатилиши лозим бўлган тенденция.
Бироқ муҳим жиҳат шуки, Россия томони Ўзбекистонни эҳтимолий нишон сифатида тилга олмаган. Машғулот ўтказилган Челябинск вилояти бевосита Қозоғистон билан чегарадош. Шунинг учун сценарийдан Ўзбекистонга қарши аниқ ҳарбий ният борлиги ҳақида хулоса чиқаришга асос йўқ.
Машғулотларда замонавий ҳарбий техника, артиллерия, авиация ва турли турдаги дронлардан фойдаланилган. Россия ва КХШТ расмий манбалари машқларда Украинадаги уруш давомида тўпланган жанговар тажриба ҳисобга олинганини ҳам қайд этган.




