Cенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, мамлакатда капитал ва суғурта бозорларини, шунингдек, электрон тижорат соҳасини яна-да такомиллаштириш, лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш, уларни ўтказишдаги шаффофликни таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга рақамли технологиялар ва электрон тўловларнинг барча соҳаларга жадал равишда жорий этилиши аҳоли ўртасида таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинларнинг тарқалишига олиб келди. Бунда Интернет жаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмагани, фуқароларнинг ушбу ўйинларга қизиқиши хорижий ва ноқонуний сервислардан фаол фойдаланишга сабаб бўлаётгани айтилди.
Шу сабабли мазкур қонун билан республиканинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, акциядорларнинг дивидендлар тўланишига доир ҳуқуқлари мустаҳкамланиб, акциядорлик жамиятлари ходимларига акцияларни сотиб олиш учун имтиёзли ҳуқуқ берилади.
Акциядорлик жамиятларида веб-сайтлар мавжуд бўлишининг мажбурийлиги тўғрисидаги ва улар томонидан ахборотнинг ошкор этилиши борасида қўйилган талаблар соддалаштирилади. Шунингдек, лотереялар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўтказиш тартиби аниқлаштирилади.
Хусусан, фонд биржаларининг фаолиятини тартибга солиш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг зиммасига юклатилмоқда. Эндиликда мазкур ташкилот электрон тижорат соҳасида, лотереялар ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш соҳасида ваколатли орган этиб белгиланмоқда.
Қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши капитал ва суғурта бозорларини, электрон тижорат соҳаси, лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тартибга солиш ҳамда мазкур соҳаларда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.




