Қурилиш компанияларига ҳавони ифлослантиргани учун солинадиган жарима миқдори 3 миллион 750 минг сўм ва қайта содир этилганда 18 миллион 750 минг сўм деб белгиланиши мумкин.
Ўзбекистонда ўлчами 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этмаган мансабдор шахсларга жарима солиш амалиёти жорий этилади. Сенат тегишли қонунни маъқуллади.
«Мамлакатда кечаётган иқтисодий ислоҳотлар шу қадар жадаллашиб кеттики, биз чанг кўтарилишига, ерлардан нотўғри фойдаланишга эътибор берадиган даражада бўлдик», деди Самарқанд вилоятидан сайланган сенатор Рустам Холмуродов қонун муҳокамаси жараёнида.
Сенатор, Самарқанд давлат университети ректорининг таъкидлашича, кейинги даврда қурилиш ҳажми, ободонлаштириш шу даражада кенг қамровли бўлдики, у экологияга таъсир қиладиган бўлди.
– Бир томондан бу хурсанд қилади. Ишимиз яхши кетаяпти, ҳаётимиз ривожланмоқда.Иккинчи томондан халқнинг экологик маданияти кўтарилаяпти.
Кейинги йилларда экологияни ёмонлашгани ҳақида гапираямиз. Катта шаҳарларда нафас ола қолмай қолаяпмиз. Бу қонунни қабул қилгандан кейин шубҳасиз бу вазиятга муайян даражада тартиб тушади ва биз нафас олаётган ҳаво яхшиланади, деди сенатор.
Маълумот учун, Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида «Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун маъқулланди.
Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўлчами 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этмаган, шунингдек, ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида, агар шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима қўллашни назарда тутувчи модда билан тўлдирилмоқда.
Қайд этилишича, бугунги кунда республика шаҳарларида чанг кўтарилиши ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Бу кўрсаткич бир йилда ўртача 50−80 кунни ташкил этмоқда.
500 квадрат метрлик очиқ қурилиш майдонидан йилига ўртача 50 тонна чанг ва қум зарралари ҳавога кўтарилиши мажлисда айтиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда базавий ҳисоблаш миқдори — 375 000 сўм этиб белгиланган.




