“Россияга шунчаки меҳнат муҳожирлари эмас, балки муайян малакага эга, рус тили ва маданиятини биладиганлари керак”
Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи мажлисида айтиб ўтди.
“Россия ҳали мазмунли миграция сиёсатини қурмаган. Биз бу сиёсатни муҳокама қилишга имкон қадар тезроқ қайтишимиз керак – муаммо йўқ деб кўрсата олмаймиз”,
деб ҳисоблайди Россия раҳбари.
Бу Путиннинг сўнгги вақтлардаги биринчи бундай фикр билдириши эмас, Россия президенти 12 март куни Дмитрий Киселёвга берган интервьюсида ҳам меҳнат мигрантлари масаласида батафсил тўхталиб ўтганди.
Кейинроқ, Ўзбекистонга ташрифи сўнгида эса мигрантларга ғамхўрлик қилиш, инсоний муносабатда бўлиш кераклигини, ижтимоий ҳимояга эътибор қаратилишини айтганди ва ўзбекистонлик мигрантлар шароитини яхшилашга ваъда берди.
Маълумот учун, бир неча йиллардан буён 3-4 миллион ўзбекистонлик мигрантларнинг Россияда ишлаши айтиларди. Сўнгги вақтларда Россияда бир миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари яшаб меҳнат қилаётгани бир неча расмий манбаларда, жумладан Россия Президенти томонидан ҳам маълум қилинди.