Ўзбекистоннинг рейтингда балли яна пасайган, лекин ўрни бир поғонага кўтарилган
«Reporters Without Borders» – «Чегарасиз мухбирлар» (RSF) халқаро ташкилоти 2026 йилги Жаҳон матбуот эркинлиги индекси эълон қилинди. Ташкилотга кўра, 180 давлат ва ҳудуддан 100 тасида матбуот эркинлиги бўйича баллар пасайган. Бу ҳолат журналистикага сиёсий босим кучайиб бораётгани, авторитар тенденциялар ортиши ва медиа бозорнинг молиявий жиҳатдан заифлашиши билан изоҳланган.

Америка қитъалари ташкилотни ҳавотирга солган ҳудудлардан бири. Доналд Трамп, Хавьер Милей ва Найиб Букеле каби етакчилар даврида минтақада журналистика тобора жиноийлаштирилмоқда ва зўравонлик хавфига дуч келмоқда. АҚШ (64-ўрин) сиёсий босим кучайгани сабаб пасайган, Аргентина (98-ўрин)да эса ОАВга қарши суд даъволари кўпайган. Сальвадор (143-ўрин)да 2025 йилги “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун матбуотга босимни кучайтириб, кўплаб журналистларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилган.
Европа ва Марказий Осиё минтақасида вазият турлича баҳоланган. Европа Иттифоқи давлатлари умумий рейтингда юқори ўринларни сақлаб қолган бўлса-да, айрим мамлакатларда матбуотга сиёсий босим кучайгани қайд этилган. Шарқий Европа ва Марказий Осиёда эса Беларусь, Озарбайжон, Россия ва Туркманистон каби давлатларда чекловчи режимлар сақланиб қолмоқда.
Марказий Осиё контекстида Туркманистон 173-ўринда қайд этилиб, дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бирига эга давлатлар қаторида қолган. Ўзбекистон эса минтақадаги чекланган медиа муҳитга эга мамлакатлар қаторида тилга олинмоқда.
2026 йилги Жаҳон матбуот эркинлиги индексига кўра, Ўзбекистон 180 давлат орасида 147-ўринни эгаллади.
Мамлакатнинг умумий кўрсаткичи 34,95 баллни ташкил этган.
Таққослаш учун, 2025 йилда Ўзбекистон 148-ўринда бўлиб, 35,24 балл қайд этилган эди. Яъни рейтингда бир поғона яхшиланиш кузатилган бўлса-да, умумий балл бироз пасайган.
Индикаторлар кесимида энг паст натижа сиёсий соҳада қайд этилган — 152-ўрин (25,13 балл). Ижтимоий кўрсаткичлар ҳам паст бўлиб, 159-ўрин (31,55 балл)ни ташкил этган. Иқтисодий (136-ўрин), ҳуқуқий (138-ўрин) ва хавфсизлик (136-ўрин) индикаторларида ҳам ўртадан паст натижалар кузатилган.
RSF таҳлилига кўра, Ўзбекистонда 2016 йилда Ислом Каримов вафотидан кейин медиа соҳасида айрим ўзгаришлар бўлганига қарамай, ҳокимиятни танқид қилиш ҳануз қийинлигича қолмоқда.
Ташкилот маълумотларига кўра, мамлакатда хусусий телевидение деярли мавжуд эмас, давлат радиоси расмий позицияни ёритади, хусусий радиолар эса ёпилиб кетиш хавфи сабаб танқидий чиқишлардан тийилади. Ёзма матбуот ҳам кўп жиҳатдан давлат манфаатларига хизмат қилади. Шу билан бирга, сифатли контент тайёрловчи онлайн нашрлар сони 15 тадан кам бўлиб, уларнинг айримлари хорижда фаолият юритади.
Сиёсий муҳитда ҳукумат оммавий ахборот воситалари ва блогерлар устидан сезиларли назоратга эга экани қайд этилган.
Қонунчилик соҳасида эса цензура, кузатув ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда. Айрим онлайн нашрлар мустақиллигини сақлаш учун расмий рўйхатдан ўтишдан қочаётгани ҳам таъкидланган.
Иқтисодий жиҳатдан, журналистларга босим ўтказиш ёки уларни молиявий таъсир орқали бошқариш ҳолатлари мавжуд. Хусусан, халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштиришга қўйилган чекловлар мустақил медиа ривожига тўсқинлик қилмоқда.
Ижтимоий нуқтаи назардан, аҳолининг ярмидан кўпи 30 ёшгача бўлиб, интернет қамровининг кенгайиши ижтимоий тармоқлар фаоллигини оширган. Facebook, Telegram, TikTok ва YouTube платформаларида, айниқса, коррупцияга оид маълумотлар фаол муҳокама қилинмоқда.
Хавфсизлик борасида эса, охирги қамоқдаги журналистлар озод қилинган бўлса-да, улар реабилитация қилинмаган. Айрим блогерлар таҳдид ва таъқибларга учрамоқда. Жумладан, блогер Отабек Сатторий иши мисол сифатида келтирилган.
RSF маълумотларига кўра, 2026 йил бошидан буён Ўзбекистонда журналистлар ўлдирилмаган. Айни пайтда 5 нафар журналист ҳибсда сақланмоқда.
RSFнинг умумий хулосасига кўра, дунё бўйича журналистикани жиноийлаштириш, цензура, кузатув, иқтисодий босим ва журналистларга нисбатан таҳдидлар матбуот эркинлигининг асосий муаммолари бўлиб қолмоқда. ташкилот 2026 йилги индексни сўнгги 25 йилдаги энг паст даражалардан бири сифатида баҳолаган.




