2024 йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 342 минг 109 нафар шахсга нисбатан 285 минг 651 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.
Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.
Унга кўра, январь-июнь ойлари давомида 222 минг 101 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилган. 39 минг 935 нафар шахс эса ўзаро ярашув асосида жавобгарликдан озод этилган.
“Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини майда безорилик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ҳақорат қилиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, электр, иссиқлик қуввати, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этган”,-дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2023 йилнинг биринчи чораги – январь-март ойларида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар 1 млн 422 минг нафарга яқин бўлган. Шу даврда бу Ўзбекистон аҳолисининг 4 фоизига тўғри келган.