Хитой тараққиёт Банки Ўзбекистонга 2.2 миллиард АҚШ долларида маблағ ажратган
Бу маблағ Ўзбекистонда қандай тақсимланган?
20 йил давомида Хитойдан олинган миллиардлаб долларлик маблағлар нимага сарфланди ?
Хитой сўнгги 22 йил ичида Марказий Осиё учун 105 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган. Ушбу маблағнинг 18 миллиард доллари Ўзбекистон учун йўналтирилган эди. Маблағлар асосан Хитойнинг ташқи инвестиция учун йўналтирилган Хитой тараққиёт банки томонидан ажратилган.
18 миллиард долларлик йирик маблағ қандай шароитда қаерга сарфлагани ҳақида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон таҳлилчилари тадқиқот олиб боришди. Тадқиқот халқаро The Diplomat нашрида чоп этилди. Қуйида ушбу тадқиқот хулосалари билан танишасиз.
Умуман олганда Хитойнинг дунё бўйича инвестиция киритиш кўлами йирик. Унинг инвестиция мақсадлари уч мақсадга сиёсий, иқтисодий ва гуманитар йўналишга бўлинади. Хитойнинг Марказий Осиёга инвестиция киритишининг яна бир сабаби эса минтақада хавфсизликни таъминлаш. Яъни Уйғур автоном Республикасига Афғонистон ёки Яқин Шарқ тарафдан ҳужум бўлишини олдини олиш учун Хитой Марказий Осиёда хавфсиз ҳудуд таъминланишидан манфаатдор. Шунингдек, Хитой Туркманистон ва Қозоғистонга газ ва уран манбаси сифатида ҳам қараб келади.
Хитойнинг инвестициялар бўйича таҳлилчиларининг фикрича, 2023 йилдан бу мамлакат Ўзбекистонга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Сабаби, Ўзбекистонда иш кучи арзон, тинчлик ҳукмрон ва тартиб бор. Бу Хитой учун яхши инвестиция муҳити деганидир. 2023 йилда Ўзбекистон Хитойдан 3.777 миллиард доллар қарз бўлган. Бу Ўзбекистон ташқи қарзининг 13 фоизи демакдир.
Бу маблағларни 20 йил давомида Ўзбекистон қаерга сарфлаган?
Хитойнинг Ўзбекистонга киритган маблағларининг асосий сарфи тоғ-кон қазилмалари саноати ва қурилиш (63.3 %) бизнеси ҳисобланади. Унга Марказий Осиё ва Хитойни боғловчи “Олтин йўл” газни қайта ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам киради.
Иккинчи ўринда транспорт бўлиб, унда Boeing ва Airbus самолётларини сотиб олиш назарда тутилган. Учинчи ўринда эса энергетика соҳасидир. AidData маълумотларига кўра Хитой Ўзбекистонда асосан табиий қазилма ресурсларга инвестиция киритишга қизиқади.
«Ўзбектелеком»га киритилган маблағлар…
Хитойнинг Ўзбекистон алоқа тизимига киритган маблағи ҳам салмоқли. Хитой тараққиёт Банки 2007 йилдан Ўзбекистон алоқа тизимига молия киритишни бошлаган. 15.5 миллион АҚШ доллари Ўзбектелекомга ажратилган. AidData маълумотларига кўра Хитой сиёсий талаблардан кўра кўпроқ маблағ тақдим этади. Аммо, унинг сарфида бошқа давлатлар инвестициялари каби шаффофлик ва очиқликни кузатиш қийин. Икки давлат тарафидан тақдим этилган ҳужжатларнинг озлиги боис кредитлаш талаблари ҳақида очиқ маълумот олиш деярли имконсиз.
Кредит эвазига олтин захиралари
Хитой тараққиёт банки (ХТБ) кредитлари шартига кўра импорт қилинаётган йирик ускуналар маблағининг 85 фоизини қоплаб беради. Аммо, импорт қилинаётган ускунанинг ярмидан кўпи Хитойдан келтирилиши керак. Энг кам кредит 100 минг АҚШ доллари, энг юқори сумма эса кўрсатилмаган. Кредитни қайтариш муддати 2 йил ва умумий муддат 8 йилгача бўлиши мумкин. Шунингдек кредитларнинг қўшимча талаблари ҳам мавжуд. Мисол учун, Тожикистонда «Душанбе-2» лойиҳасига сарфлаган кредитлари эвазига Хитойнинг TBEA компанияси Қумариғ ва Дуобадаги олтин захираларини қазиб олиш имкониятини қўлга киритган. ХТБ инвестицияларининг яна бир хавфли тарафи бу унинг коррупциялашганидир.
2021 йилда банк антикоррупция машмашалари марказида бўлган ва оқибатда унинг раҳбариятидан 10 киши ишдан олинган. Ўтган йили мазкур банкнинг собиқ вице-президенти 712 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пора олганини тан олган.
Хитой инвестициясининг хавфи нимада?
Ўзбекистон сўнгги 20 йил давомида Хитойдан катта кредит маблағлари олди. Кредит шартлари эса оммага тўлиқ очиқланмаган. Бу Ўзбекистон келажаги учун хавотир уйғотади. Ускуналарнинг асосий қисми Хитойдан сотиб олинишига қўйилган талаб, давлатда технология қарамлигини келтириб чиқаради. Агар кредитни қайтариш вақти кечикса, қўшни давлатлардаги каби табиий захираларни йўқотиш хавфи ҳам мавжуд.
Коррупция ҳолатларининг кузатилиши эса тараққиётнинг йўлини тўсади.