Бирор давлатнинг фаровонлигида, молиясида, фуқароларининг осойишта яшашида ва бошқа давлатлар билан дипломатик муносабатларининг яхши бўлишида мамлакат президентининг ҳиссаси бўлади. Масалан, АҚШда ҳам яқинда президентлик сайлови бўлиб ўтади. АҚШ каби ривожланган мамлакат ҳар доим бошқа республикаларнинг ташқи сиёсатига, жумладан, Марказий Осиё давлатларига ҳам сезиларли таъсир кўрсатиб келган. «The Diplomat» нашри Қўшма Штатлардаги сайловнинг Марказий Осиё давлатларига муҳимлигининг сабабларини тушунтириб таҳлилий мақола эълон қилган.
Нашрда қайд этилишича, ҳозиргача бирорта ҳам амалдаги АҚШ президенти Марказий Осиё мамлакатларидан бирига ташриф буюрмаган. Юқори даражадаги ташрифлар йўқлигига қарамай, АҚШ бу минтақа билан дипломатик муносабатлар ва C5+1 платформасида фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. Бу АҚШнинг Марказий Осиёга стратегик аҳамиятини кўрсатади. Президентлик ташрифларисиз ҳам минтақа билан алоқалар аҳамиятини камайтирмайди.
АҚШдаги президентлик сайлови Марказий Осиёга нима учун муҳим?
Марказий Осиё алоқаларга сезиларли таъсир қилганлиги учун АҚШ сайлови минтақа учун муҳим. Шу билан бирга, минтақанинг кўп векторли ташқи сиёсатда афзаллиги ва сўнгги пайтларда қўшнилар билан ҳамкорликни кучайтириш йўлидаги ҳаракатларини ҳисобга олган ҳолда, АҚШ президент сайлови бир нечта сабабларга кўра Марказий Осиёга ҳам таъсир қилади.
Биринчи сабаб, минтақавий ҳамкорликнинг стратегик хусусияти. Доналд Трампнинг биринчи президентлик даврида “АҚШнинг Марказий Осиё учун 2019-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси: Суверенитет ва иқтисодий фаровонликни ривожлантириш” қабул қилинди. У минтақа давлатларининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, уларнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва барқарорликни таъминлашни назарда тутади. Агар Трамп сайловда ютса, стратегия иқтисодий ҳамкорликни кучайтириши ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш янгиланиши мумкин. Бу ҳолда, АҚШ сармоядорлари учун қулай шароитлар яратишга ҳамда замонавий муаммоларга ечим топишга алоҳида эътибор қаратилади. Трампнинг ёндашуви кўпроқ амалий бўлиб, хавфсизлик ва иқтисодий манфаатларга йўналтирилган. Агар амалдаги АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис ғалаба қозонса, АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсати кенгроқ ижтимоий ва экологик жиҳатларга ҳам урғу бериб, хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари билан биргаликда давом этиши мумкин. Ҳарриснинг сиёсати инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланишга урғу беради. Шу сабабли, ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан асосий ташқи сиёсати минтақавий хавфсизликни кучайтириш, иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва сармояларни жалб қилишга қаратилиши кутилмоқда.
Мақолада кўрсатилишича, сўнгги 30 йил ичида Марказий Осиё мамлакатлари кўп векторли ташқи сиёсат юритиб келмоқда, бу эса кўплаб ташқи шериклар билан амалий муносабатлар ўрнатишга қаратилган. Бундай ёндашув минтақа давлатларига турли ташқи кучлар ўртасида мувозанатни сақлаш, мустақиллигини ҳимоя қилиш ва халқаро муносабатларда мослашувчан бўлиш имконини беради. Бу уларнинг иқтисодий барқарорлиги, хавфсизлиги ва глобал саҳнадаги мавқеини мустаҳкамлайди. Кўп векторли ташқи сиёсат Марказий Осиё давлатларининг глобал муаммоларга тезда жавоб бериш ва ўзгарувчан геосиёсий шароитларга мослашишга ёрдам беради.
Нашрнинг қайд этишича, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда ҳокимиятга келиши билан минтақадаги вазият сезиларли ўзгаришларга дуч келган. МО мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланган.
Минтақа учун муҳим дақиқалардан бири Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари ташкил этилиши бўлди. Ушбу учрашувлар минтақавий мулоқотнинг самарали платформасига айланган бўлиб, биргаликда барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш зонасини яратишга қаратилган.




