Навоийлик тадбиркор Самарқанд вилоятидаги давлат корхонасидан бажарган йўл таъмирлаш ишлари учун 540 миллион сўмдан ортиқ маблағини ололмаётганини билдирмоқда. Энг қизиғи, қарздорликни ундириш тўғрисида 2022 йилдаёқ суд қарори чиқарилган. 2024 йилда эса қарз давлат корхонасининг ўзи иштирокида расмийлаштирилган далолатномада ҳам тасдиқланган. Шунга қарамай, тадбиркорнинг айтишича, маблағ ҳануз тўланмаган.
Uzdiplomat.uz таҳририятига Навоий вилоятида фаолият юритувчи «AKFA KRISTAL MONTAJ» МЧЖ маъмуриятидан мурожаат келиб тушди. Тадбиркорлик субъекти Самарқанд вилояти Нарпай туман йўллардан фойдаланиш корхонаси билан тузилган шартнома бўйича бажарилган ишлар ҳақини йиллар давомида ундиролмаётганидан шикоят қилмоқда.

Мурожаатга шартнома, ҳисоб-фактуралар, суд қарори ва электрон солиштирма далолатномаси илова қилинган.
1,4 миллиард сўмлик шартнома қандай қилиб судлашувга айланган?
Ҳужжатларга кўра, 2021 йил 17 ноябрда «AKFA KRISTAL MONTAJ» МЧЖ ва Нарпай туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ўртасида 17/11-сонли пудрат шартномаси имзоланган.
Унга асосан, пудратчи Нарпай туманидаги Қорахитой, Алишер Навоий ва Баркамол маҳаллалари ҳудудида жами 3,814 километр ички йўлларни таъмирлаши керак бўлган. Шартноманинг умумий қиймати 1 миллиард 420 миллион 529 минг 298 сўмни ташкил этган.
Суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, пудратчи томонидан амалда 673 миллион 604 минг 515 сўмлик ишлар бажарилган. Буюртмачи корхона эса ушбу маблағнинг 132 миллион 944 минг 870 сўмини тўлаган.
Қолган 540 миллион 659 минг 644 сўм тўланмагани сабабли тадбиркор иқтисодий судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 3 октябрдаги ҳал қилув қарори билан «AKFA KRISTAL MONTAJ» МЧЖнинг даъвоси қаноатлантирилган.
Суд Нарпай туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан тадбиркор фойдасига 540 миллион 659 минг 644 сўм асосий қарз, 5 миллион 407 минг сўм давлат божи ва 24 минг сўм почта харажатини ундиришни белгилаган.
Яъни суд қарори билан ундирилиши белгиланган умумий сумма 546 миллион 90 минг 644 сўмни ташкил қилади.
Икки йилдан кейин ҳам қарз ўзгармаган
Масаланинг эътиборли жиҳати шундаки, 2022 йилда суд томонидан белгиланган асосий қарз 2024 йилдаги расмий ҳисоб-китобларда ҳам тўлиқ сақланиб қолган.
Таҳририятга тақдим этилган 2024 йил 11 сентябрдаги 54-сонли электрон солиштирма далолатномасида Нарпай туман йўллардан фойдаланиш корхонасининг «AKFA KRISTAL MONTAJ» МЧЖ олдида айнан 540 миллион 659 минг 644 сўм қарзи мавжудлиги қайд этилган.
Ҳужжат электрон тизимда ҳар икки томон иштирокида расмийлаштирилган ва тасдиқланган.
Демак, суд қароридан қарийб икки йил ўтгач ҳам давлат корхонасининг пудратчи олдидаги қарздорлиги камаймаган.
Тадбиркорнинг таҳририятга йўллаган мурожаатида эса ушбу маблағ 2026 йил ноябрь ҳолатига қадар ҳам қайтарилмагани таъкидланмоқда.
Бу мазкур идоранинг тўловлари билан боғлиқ биринчи можароли вазият эмас. 2021 йилда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси тарқатган ахборотга кўра, иқтисодий суд қарори асосида Нарпай туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан турли масъулияти чекланган жамиятлар фойдасига жами 700 миллион сўм қарз ундириш белгиланган.
Ўшанда МИБ Нарпай туман бўлими томонидан ижро иши қўзғатилиб, қарздорга мажбуриятни ихтиёрий бажариш учун 15 кунлик муддат берилган. Кўрилган чоралар натижасида 700 миллион сўм ундирувчиларга тўлиқ тўлаб берилган.
Бу маълумотлар «AKFA KRISTAL MONTAJ» билан боғлиқ ҳозирги низодан алоҳида ҳолатлардир. Бироқ улар давлат корхонаси фаолиятида тўлов интизоми масаласи аввал ҳам юзага келганини кўрсатади.
Суд қарори бор. Ижро-чи?
Ўзбекистонда суд ҳужжатларининг мажбурийлиги қонун билан кафолатланган. Қонуний кучга кирган суд қарорлари тегишли тартибда ижро этилиши шарт.
Бироқ тадбиркорнинг мурожаатидан англашилишича, амалда ўз ҳақини ундириш анча мураккаб жараёнга айланган.
«AKFA KRISTAL MONTAJ» МЧЖ маъмурияти ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюросига тақдим этилганини, аммо маблағ ундирилмаганини билдирмоқда.
Давлат иштирокидаги корхона шартнома асосида бажарилган ишлар учун тўловни таъминламаса, бу нафақат пудратчи манфаатларига, балки давлат ташкилотлари билан ишлашга бўлган ишончга ҳам салбий таъсир қилиши мумкин.
Мурожаат муаллифлари корхонанинг молиявий-хўжалик фаолиятини ўрганиш, шартнома доирасидаги маблағлар ҳаракатини текшириш ва суд қарорининг нега ижро этилмаётганига ҳуқуқий баҳо беришни сўрамоқда.
«Бизнинг мақсадимиз кимнидир айблаш эмас. Бизнинг мақсадимиз — қонун устуворлигини таъминлаш, суд қарорларининг ижросига эришиш ва тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш», — дейилади таҳририятга келиб тушган мурожаатда.
Дарҳақиқат, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш фақат имтиёзлар бериш ёки янги корхоналар очиш билан чекланмайди. Бажарилган иш учун ўз вақтида ҳақ тўлаш, шартномавий мажбуриятларга риоя қилиш ва суд қарорлари ижросини таъминлаш ҳам тадбиркорлик муҳитининг муҳим шартларидир.
Мазкур ҳолат бўйича Нарпай туман йўллардан фойдаланиш корхонаси, Самарқанд вилояти автомобиль йўллари тизими масъуллари ҳамда Мажбурий ижро бюросида асосли изоҳ мавжудми?
Таҳририят барча масъул ташкилотларнинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.




