Сирдарё вилоятида «A Master Fruit» компанияси агровольтаикани синовдан ўтказмоқда –малина қуёш панеллари остида етиштирилмоқда. Бу панеллар ҳам электр энергияси ишлаб чиқаради, ҳам ўсимликка соя беради. Дастлабки тажриба лойиҳасидан сўнг компания мегаватт миқёсидаги йирик лойиҳага ўтмоқда. Ушбу мегаваттлик лойиҳа мазкур тизимнинг оддийроқ ва анча арзон усули — сояловчи тўр ва алоҳида майдонда одатий қуёш электр станцияси (ҚЭС) уйғунлиги билан иқтисодий жиҳатдан рақобатлаша олиши ёки йўқлигини кўрсатиб бериши керак.

Сирдарё вилоятидаги малина плантациясида ўрнатилган пилот агровольтаик қурилма
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида малина ноодатий қуёш қурилмаси остида етиштирилмоқда. Унинг панеллари нафақат электр энергияси ишлаб чиқаради, балки резаворларни ёзги жазирамадан ҳам ҳимоялайди. Конструкциянинг металл қисмлари бир вақтнинг ўзида шпалералар (ўсимликни кўтариб турувчи тиргаклар) учун таянч вазифасини ҳам ўтайди, панеллар остидаги майдон эса ёғингарчиликдан қисман ҳимояланган.
Бу тизим «A Master Fruit» МЧЖнинг агровольтаика бўйича биринчи тажриба лойиҳасидир. Қисқа ва содда қилиб айтганда, агровольтаика – битта ер майдонининг ўзида ҳам қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, ҳам қуёш электр энергиясини ишлаб чиқариш имконини берувчи технологиядир.
«Биз учун агровольтаика — бу битта майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва электр энергияси ишлаб чиқариш иккита тенг ҳуқуқли вазифа сифатида лойиҳалаштириладиган тизимдир. Агар панеллар ўсимликларнинг қуёш нурига бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олмасдан ўрнатилган бўлса ва экинлар шунчаки бўш жой қолгани учунгина уларнинг остида етиштирилса, буни тўлақонли агровольтаик модел деб аташ қийин», – дея тушунтиради «A Master Fruit» компанияси раҳбари Умид Сайфудинов.

Пилот қурилманинг ёруғлик ўтказувчи қўзғалмас панеллари. Конструкция геометрияси малинанинг ёруғликка бўлган эҳтиёжи ва электр энергияси ишлаб чиқаришни ҳисобга олган ҳолда танланган
«A Master Fruit»нинг тажриба тариқасидаги агровольтаик қурилмасининг дастлабки қуввати қарийб 50 кВт ни ташкил этган. 2025 йилнинг август ойида технологик ҳамкор ҳисобланган «Provitaz» компанияси ушбу объект ишга туширилганини эълон қилиб, уни Марказий Осиёдаги ўзига хос биринчи агровольтаик модел деб атади. Кейинчалик лойиҳа кенгайтирилиб, қурилма қуввати 60 кВт га етказилди.
Эндиликда «A Master Fruit» лойиҳани FARMDO қўшма корхонаси орқали кенгайтиришда иштирок этмоқда. Янги объектни электр тармоғига улашга режалаштирилган қуввати 990 кВт (ўзгарувчан ток) гачани, агровольтаик конструкциялар остидаги малина плантациясининг майдони эса тахминан 1,5 гектарни ташкил этади.
Бироқ агровольтаик лойиҳа кўлами кенгайиши билан асосий иқтисодий савол юзага келади: агар ўсимларнинг сояланишини анча арзон тўр ёрдамида таъминлаш мумкин бўлса ва қуёш электр станциясини алоҳида бошқа майдонда жойлаштириш имкони бўлса, фермерга бевосита резавор плантацияси устида одатий ҚЭСга қараганда мураккаброқ ва қимматроқ конструкция қуришнинг қандай афзалликларибор?
Аслида, лойиҳанинг кейинги – деярли мегаваттлик босқичи айнан шу саволга жавоб бериши керак.
Малина плантацияси устидаги шунчаки қуёш станцияси эмас
Агровольтаикада муайян турдаги ўсимликни етиштириш лойиҳалаштириш босқичидаёқ ҳисобга олиниши лозим: унга қанча ёруғлик керак, мазкур ўсимлик тури, одамлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаши учун конструкциялар баландлиги қандай бўлиши зарур, қаторлар ораси қандай масофада бўлиши керак, суғориш тизими ва ҳаво айланиши қандай ташкил этилиши лозом ва ҳоказо.
«Лойиҳалаштириш чоғида экиннинг ёруғликка бўлган эҳтиёжи, панелларнинг тури, баландлиги ва жойлашуви, қатор оралари, ўсимликни парваришлаш ва ҳосилни йиғиб олиш учун қулайлик, суғориш, ҳаво циркуляцияси ва механизацияни ҳисобга олиш зарур. Бизнинг хўжалигимизда агровольтаик конструкция малинани ёзнинг жазирама қуёшидан ҳимоя қилиши, шу билан бирга, ўсиши ва ҳосил тугиши учун зарур бўлган ёруғликдан маҳрум қилмаслиги жуда муҳимдир», — дейди Умид Сайфудинов.

Мазкур ёндашув хорижда ҳам қўлланилмоқда. Европада агровольтаикага битта майдонда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни уйғунлашитириш усули сифатида тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бир қатор мамлакатларда бундай ерларнинг аграр функциясини сақлаб қолишга қаратилган махсус талаблар аллақачон амалда. Масалан, Францияда агровольтаик майдондаги ҳосилдорлик, гарчи қонунчиликда айрим истиснолар кўзда тутилган бўлса-да, умумий ҳолатда назорат майдонидаги кўрсаткичнинг ёки тегишли базавий қийматнинг 90 фоизидан ортиқ бўлиши шарт.
Шу билан бирга, агровольтаиканинг афзалликлари ўзидан ўзи юзага келмайди. Бундай тизим айрим ҳолларда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириши, қишлоқ хўжалиги экинларини ноқулай об-ҳаво шароитларидан ҳимоя қилиши ва умумий маҳсулдорликни ошириш имконига эга бўлса-да, натижа аниқ бир конструкция, экин тури ва майдон шароитига боғлиқ бўлади. Экспертларнинг таъкидлашича, ҳар бир лойиҳани алоҳида баҳолаш зарур.
Нима учун айнан малина танланди?
Биринчи тажриба учун малина бежиз танланмаган. Бу «A Master Fruit» компаниясининг асосий тижорат экинларидан бири бўлиб, айни вақтда юқори ҳаво ҳарорати ва тўғридан-тўғри тушадиган қуёш нурларига жуда таъсирчандир.
Экин турини танлашда лойиҳанинг иқтисодий жиҳати ҳам ҳисобга олинди. Агровольтаик тизим одатий қуёш электр станциясига қараганда анча мураккаб ва қимматроқ. Шу сабабли «A Master Fruit» компаниясининг ёндашувидан келиб чиққан ҳолда, бундай технология энг аввало, юқори даромад келтирадиган ва жазирама иссиққа таъсирчан экинлар учун катта салоҳиятга эга. Малина ҳам шулар жумласидандир – у нисбатан қиммат резавор бўлиб, ҳосилнинг юқори сифатини таъминлаш ва ички бозорга резаворларни эртачироқ чиқариш катта иқтисодийаҳамиятга эга бўлиши мумкин. Сайфудиновнинг таъкидлашича, нисбатан анча арзон экинларда агровольтаика учун киритилган қўшимча сармоялар кўпинча ўзини оқламайди. Шунинг учун бундай лойиҳани фақатгина қуёш станциясининг қуввати бўйича эмас, балки бир гектар майдондан олинадиган ҳосил, унинг қиймати ҳамда электр энергиясидан олинадиган умумий даромад бўйича баҳолаш лозим.
Панеллар ўрнатилгунга қадар «A Master Fruit» малинани оддий соя берувчи тўрлар остида етиштириб келган. «Тажриба лойиҳасининг асосий ғояси — битта майдонда ўсимликларни жазирама иссиқдан ва тўғридан-тўғри тушадиган ортиқча даражадаги қуёш нурларидан ҳимоя қилиш билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқаришни уйғунлаштиришдан иборат эди. Бундан ташқари, биз бундай конструкция намлик буғланишини камайтиришга ёрдам бериш-бермаслигини текшириб кўрмоқчи эдик. Биз учун агровольтаика — бу энг аввало қўшимча энергетик функцияга эга бўлган агротехнологиядир», — дейди Умид Сайфудинов.
Ушбу хўжаликда агровольтаик қуёш панеллари тахминан 2,5 метр баландликда жойлаштирилган. Умид Сайфудиновнинг сўзларига кўра, муҳандислик нуқтаи назаридан конструкцияни 3,5–4 метргача кўтариш мумкин эди, бироқ бу кўпроқ металл талаб қилар ва монтаж харажатларини ошириб юборарди. Шунинг учун лойиҳалаштириш жараёнида нафақат агрономик талаблар, балки мавжуд бюджет ҳам ҳисобга олинди ва конструкцияни қарийб 2,5 метр баландликда синаб кўришга қарор қилинди.
Ўсимликларни парваришлаш ва плантацияда техника ишлашини таъминлаш мақсадида лойиҳалаш жараёнида малина тупларининг баландлиги ва қаторлар орасидаги масофа ҳам ҳисобга олинди. Қатор ораларининг кенглиги тахминан 3 метрни ташкил қилади. Панеллар ёруғ кун давомида электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган қия икки нишабли конструкцияни ҳосил қилади.
«Қуёш нури тушиб турганда конструкциянинг ҳар икки томони ҳам электр энергияси ишлаб чиқаради, лекин уларнинг электр энергияси ишлаб чиқариш улуши қуёшнинг жойлашувига қараб кун давомида ўзгариб туради. Биз электр энергияси генерациясини ва малина учун мос ёруғлик шароитларини уйғунлаштирадиган геометрияни танлашга ҳаракат қилдик», — дея тушунтиради Умид Сайфудинов.
Тажриба лойиҳасини ишлаб чиқишда тахминан 70% соя бериш даражасига таянилди. Сайфудиновнинг айтишича, бу кўрсаткич экиннинг ўзига хос хусусиятлари, қуёш радиацияси даражаси ва Сирдарё вилоятида малинани соя берувчи тўр остида етиштириш тажрибасидан келиб чиқиб танланган.
Шу билан бирга, лойиҳадаги 70% соялаш ўсимликлар доимо бир хил миқдорда қуёш нурини олади, дегани эмас. Ҳақиқий ёруғлик даражаси модулларнинг хусусиятларига, конструкция геометриясига, кун вақти ва фаслга боғлиқ. Шу сабабли, компания вакиллари таъкидлаганидек, агровольтаик тизим параметрларини аниқ бир экин турига ва ҳудуд иқлимига мослаб танлаш зарур.
12–15 кунлик фарқ ҳосилдорликни бир неча фоизга ошииришдан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этиши мумкин
Тажриба майдонидаги кузатувлар давомида «A Master Fruit» бир нечта қизиқарли натижаларга эришди. Энг эътиборга молик жиҳатлардан бири ҳосил ҳажми билан эмас, балки резаворнинг пишиб етилиш муддати билан боғлиқ бўлди. Агровольтаик қурилма ёнида малина оддий соя берувчи тўростида ҳам етиштирилмоқда. Ҳар икки майдонда ҳам бир хил нав, фертигацияли томчилатиб суғориш ва ўхшаш агротехника қўлланилади. Шунга қарамай, ҳозирча барча шарт-шароитлар назорат қилинган тўлақонли қиёсий тажрибаси ўтказилмаган.
«Дастлабки кузатувларимизга кўра, баҳорги мавсумда агровольтаик панеллар остидаги малина соя берувчи тўростидаги малинага қараганда тахминан 12–15 кун эртароқ пишиб етилди. Бу ҳали маҳаллий резаворлар таклифи чекланган бир пайтда бозорга эртароқ чиқиш имконини беради. Бироқ бундай фарқнинг барқарорлигини тасдиқлаш учун бир неча мавсум давомида қиёсий ўлчовлар ўтказиш талаб этилади», — дейди Умид Сайфудинов.
Мазкур хўжалик маълумотларига кўра, 2026 йилда агровольтаик конструкция остида малина терими 5 майда бошланган, ҳолбуки, қўшни очиқ майдонларда ҳали ҳосил йиғим-терими бошланмаган эди. Янги узилган сарҳил маҳсулотлар учун бозорга эртачироқ чиқиш муҳим иқтисодий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Аммо ҳақиқий самара сотув ҳажми, резавор сифати ва реал бозор нархларига боғлиқ бўлади.
Шу билан бирга, «A Master Fruit» ҳозирча агровольтаика ҳосилдорликни аниқ оширади, деб таъкидламайди. «Агровольтаика қурилма остида ҳам, сояловчи тўр остида ҳам маҳсулот сифати деярли бир хил эди. Ҳосилдорликка келсак, биз тафовутларни аниқлаш бўйича махсус ўлчовларни амалга оширмадик. Менинг кузатувларимга кўра, бу кўрсаткичлар бир-бирига яқин бўлган», — дея қайд этади Сайфудинов.
Қуёш панелли том резаворларни ёғингарчиликдан қисман ҳимоя қилади
Мазкур хўжалик қайд этган агровольтаиканинг яна бир афзаллиги – резаворларнинг ёғингарчиликдан қисман ҳимояланганидир. Малина учун терим вақтида меваларнинг қуруқ бўлиши жуда муҳим: намланган резавор ташиш ва сақлашга чидамсиз бўлиб қолади, шунингдек, унинг чириши хавфи ортади.
«Бевосита панеллар остидаги майдонда ёмғирдан кейин резаворлар кўпинча қуруқ ҳолда бўлади ва теримни ёғингарчилик тугаши билан бошлаш мумкин бўлади. Лекин резаворларнинг ёғингарчиликдан ҳимоя даражаси ўсимликларнинг жойлашувига ва панел модулларидан сувнинг оқиб тушишига боғлиқ», — дейди Умид Сайфудинов.
Малинанинг баҳор мавсумидаги терими май ойига тўғри келади, бу вақтда Сирдарё вилоятида ҳали ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли бор. Агрофольтаик панеллар ўсимликларни ёмғир ва дўлдан қисман ҳимоя қилади, аммо улар тўлиқ ёпиқ бошпана вазифасини бажармайди.

Ушбу хўжалик, шунингдек, ремонтант малинанинг баҳорги ривожланиш даври ва кузги ҳосил бериш давомийлигидаги фарқларни ҳам қайд этмоқда. Компания вакилларининг тахминича, агровольтаик конструкция тунги салқин тушиши, шудринг ҳосил бўлиши ва ўсимликлар атрофидаги микроиқлимга таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ ушбу конструкция ҳосилни совуқ уришидан қанчалик ҳимоя қилиши ва терим мавсумини қанчалик эртачи бошланиши ва унинг давомийлигини ҳали аниқ ўлчовлар билан тасдиқлаш лозим. Терим мавсумнинг бошланиши ва унинг давомийлигидаги мана шундай ўзгаришлар эса иқтисодий жиҳатдан катта аҳамият касб этиши мумкин.
Биринчи тажриба лойиҳаси ғоянинг амалда ишлашини синовдан ўтказди
Бу ўринда «A Master Fruit» компанияси амалиётида кузатилган ҳолатлар ва ҳали рақамлар ёрдамида тасдиқланиши лозим бўлган натижаларни бир-биридан фарқлаш муҳимдир. Дастлаб қуввати 50 кВт бўлган, кейинчалик 60 кВт гача кенгайтирилган тажриба лойиҳаси энг аввало концепциянинг ўзи қанчалик амалда ишлашини текшириш учун яратилган эди: Сирдарё вилояти шароитида агровольтаик панеллари остида малина етиштириш мумкинми, бундай плантацияда ўсимликларга ишлов бериш қанчалик қулай ҳамда амалиётда қандай афзаллик ва чекловлар юзага келади?
Ушбу тизим дастлаб тажриба ва назорат майдонларида бир хил датчиклар ва барча кўрсаткичларни параллель равишда ҳисобга оладиган тўлақонли илмий эксперимент сифатида яратилмаган.
«A Master Fruit» хўжалигида об-ҳаво, ўсимликлар ҳолати, ҳосил пишиб етилиши муддатлари, ҳосилдорлик ва резаворлар сифати бўйича кузатувлар олиб борилмоқда. Аммо ҳозирча турли усулларда етиштириш шароитларида микроиқлим, сув сарфи ва ҳосилдорликни тизимли қиёсий мониторинг қилиш йўлга қўйилмаган.
Бошқача қилиб айтганда, биринчи тажриба лойиҳаси битта саволга жавоб бериши керак эди: ғоянинг ўзи амалда ишлайдими? Янги лойиҳа эса энди бошқа саволга жавоб бериши лозим: ушбу тизим қанчалик самарали ва фойдали?
Дастлабки тажриба лойиҳасидан — мегаватт миқёсидаги лойиҳагача
Агроврольтаик лойиҳасининг кейинги босқичи эса анча йирик миқёсда. Қуёш модулларининг лойиҳадаги қуввати тахминан 1,2 МВт (ўзгармас ток – DC) га баҳоланмоқда, электр тармоғига улашда режалаштирилган қуввати эса 990 кВт гача (ўзгарувчан ток – AC) ни ташкил этади. Якуний параметрлар тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари билан белгиланади. Агровольтаик конструкциялар остидаги малина плантациясининг майдони тахминан 1,5 гектарни ташкил қилади.
Лойиҳани деярли мегаваттга кенгайтириш Япониянинг Farmland компанияси ва Норвегиянинг Provitaz компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган FARMDO қўшма корхонаси орқали амалга оширилмоқда. «A Master Fruit» компанияси лойиҳанинг қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича ташаббускори ва иштирокчиси сифатида қатнашмоқда, FARMDO қўшма корхонаси эса бевосита агровольтаик ечимларни ривожлантириш ва кенгайтириш учун тузилган.
Бошида ҳамкорлар лойиҳани қўзғалмас агровольтаик конструкциялар ва трекерли қуёш панеллари тизими ўртасида тахминан тенг тақсимлашни режалаштирган эди. Бироқ SolarGik компаниясининг ускуналарни етказиб бериш шартлари туфайли конфигурацияни ўзгартиришга тўғри келди. Умид Сайфудиновнинг сўзларига кўра, энди лойиҳанинг асосий қисмини трекерли қуёш панелларитизими, кичикроқ қисмини эса қўзғалмас агровольтаик конструкциялар эгаллайди. Шу билан бирга, ушбу икки тизимнинг аниқ нисбати якуний жойлашув схемасига ҳамда бу нисбат қайси кўрсаткич — майдон ёки ўрнатилган қувват асосида ҳисобланишига боғлиқ бўлади.
Ушбу икки технология бир-биридан тубдан фарқ қилади. Қўзғалмас конструкцияларда қуёш нурини маълум миқдорда ўтказадиган махсус панеллар ўрнатилади. Трекерли тизимда эса кун давомида қуёш ҳаракатига мослашиб буриладиган оддий, ношаффоф (ёруғлик ўтказмайдиган) панеллар ишлатилади.
«Трекерли агровольтаиканинг мазмуни доимий тўлиқ соя яратиш эмас. Соя кун давомида силжиб туради ва бу тизим ёруғлик режимини бошқаришга, яъни қуёш нурини ўсимлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш ўртасида тақсимлашга имкон беради», — дея тушунтиради Умид Сайфудинов.
Шу тариқа, «A Master Fruit» икки хил ёндашувни — олдиндан белгиланган доимий соялаш ҳамда ёруғлик режимини динамик бошқариш усулларини ўзаро таққослаш имконига эга бўлади.
Бизнес миқёсига ўтиш қанчага тушади?
Янги лойиҳанинг тахминий бюджети қарийб 850 минг АҚШдолларини ташкил этади. Мазкур маблағ яхлит агровольтаик инфратузилма мажмуасини барпо этиш харажатларини тўлиқ қамраб олади.
«Ушбу бюджетга таянч конструкциялар, қуёш панеллари, бошқарув тизимлари, аккумуляторлар, етказиб бериш ва монтаж ишлари киради. Транспорт, божхона расмийлаштируви ва бошқа ёндош тўловлар ҳам умумий сумманинг салмоқли қисмини ташкил қилади, бироқ якуний тақсимот ҳисоб-китоблар тугагандан сўнг маълум бўлади», — дея тушунтиради Умид Сайфудинов.
Лойиҳада, шунингдек, номинал энергия сиғими тахминан 300 кВт·соат бўлган аккумулятор тизими ҳам кўзда тутилган. Бу кўрсаткич аккумуляторларнинг энергия захирасини ифодалайди, уларнинг қуввати эса киловаттларда ўлчанади.
Агровольтаик тизимнинг ўзи одатий ҚЭСларига қараганда анча мураккаб металл конструкцияларни талаб қилади: қуёш модулларини ўсимликларнинг қуёш нурига бўлган эҳтиёжи, агровольтаик тизим остидаги плантацияда одамлар ва қишлоқ хўжалиги техникасининг ишлаши имкониятларини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш зарур. Трекерли тизимда эса бунга юритмалар (приводлар) ва автоматик бошқарув тизими ҳам қўшилади.
«Одатий ҚЭС нархи билан солиштирганда, бу тизим айнан неча фоизга қимматга тушишини олдиндан айтиб бўлмайди, барчаси муайян лойиҳага боғлиқ. Қилинган қўшимча харажатлар эса ҳар икки йўналиш — ҳам энергетика, ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ортидан келадиган умумий натижалар ҳисобига ўзини оқлаши керак», – дея қайд этади Сайфудинов.
Тўртта тажриба майдони барчасига ойдинлик киритади
2027 йил баҳоридан бошлаб «A Master Fruit» компанияси ўз ҳамкорлари билан биргаликда малина етиштиришнинг тўртта усули бўйича тизимли қиёсий мониторинг бошлашни режалаштирмоқда: SolarGik трекерли қуёш панеллари остида, Flagsun қўзғалмас агровольтаик панеллари остида, оддий сояловчи тўр остида ва очиқ майдонда. Натижаларни тўғри солиштириш учун, ушбу тўртта майдонда ўсимликларнинг нави ва ёшини, экиш зичлиги ва агротехник тадбирларни максимал даражада бирхиллаштириш (унификация қилиш) кўзда тутилган.
«Ушбу тўртта майдоннинг ҳар бирига METER Group компаниясининг бир-бирига мутаносиб датчиклар тўпламини ўрнатиш режалаштирилган. Улар микроиқлим параметрларини, фотосинтетик фаол радиацияни (PAR), тупроқ намлиги, ҳарорати ва электр ўтказувчанлигини, шунингдек, сув салоҳиятини ўлчаш бориш имконини беради. Бундан ташқари, сув сарфини ўлчаш, гуллаш ва пишиб етилиш муддатларини, ўсимликлар ҳолати ва ҳосилдорликни ҳисобга олишни алоҳида ташкил этишни режалаштирганмиз», — дейди Умид Сайфудинов.
Шунингдек, ҳосилнинг сифати ва товарбоплиги, тегишли ўлчов тизимлари орқали эса электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми баҳоланади. Қолаверса, ҳар бир гектар ва киловатт ҳисобига тўғри келадиган эксплуатация харажатлари ва ускуналар нархи ҳам таҳлил қилинади.
Айнан мана шу маълумотлар Ўзбекистон шароитида агровольтаика оддийроқ ва анча арзон муқобил ечимга — ўсимликлар устидаги сояловчи тўр ва алоҳида майдондаги оддий қуёш станциясига қараганда ўзига киритилган қўшимча харажатларни оқлай олиши ёки йўқлигини кўрсатиб бериши керак.
«A Master Fruit» компаниясининг дастлабки тажриба лойиҳаси битта майдонда малина етиштириш ва қуёш энергияси ишлаб чиқаришни ўзаро қанчалик уйғунлаштириш мумкинлигини синовдан ўтказиш имконини берди. Янги лойиҳа эса бундан-да мураккаброқ саволга жавоб топиши лозим: агровольтаиканинг мажмуавий афзалликлари — электр энергияси генерацияси, панеллар остидаги микроиқлимнинг ўзгариши, резаворларни жазирама иссиқдан ва ёғингарчиликдан ҳимоя қилиш, сувдан янада оқилона фойдаланиш ва ҳосилни эртароқ пишиб етилиш эҳтимоли — ушбу тизимга киритилган қўшимча сармояларни (инвестицияларни) оқлайдими?
Мазкур мақола учун маълумотлар ФАО/ЕТТБнинг «Ўзбекистоннинг мева-сабзавотчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яшиллаштириш (Greening the Horticultural Value Chain)» лойиҳасидан олинди.
Навруз Хуррамов




