Мазкур дастур ёрдамида давлатлар мухолифат ва журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари телефонлари тўлиқ кузатилгани айтилмоқда
NSO юристи 2019 йилда WhatsApp хакерлик ҳужумларида айбланган мижозлар сифатида Мексика, Саудия Арабистони ва Ўзбекистонни номлади
Мексика, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ҳукуматлари 2019 йилдаги хакерлик кампанияси орқали NSO Group’нинг Pegasus шпионаж дастури билан 1 200 дан ортиқ WhatsApp фойдаланувчиларини нишонга олган давлатлар сифатида айбланган. Бу ҳақда Исроилда жойлашган шпионаж дастурларини ишлаб чиқарувчи NSO Group компаниясининг адвокати маълум қилди.
Ўтган пайшанба куни WhatsApp ва NSO Group ўртасидаги суд иши муҳокамаси чоғида NSO Group’нинг адвокати Жо Акротиринакис махсус равишда ана шу уч давлатни — шпионаж дастурларидан фойдаланган мижозлар сифатида тилга олди. Бу ҳақда TechCrunch нашрига етказилган муҳокама баёнидан маълум қилинди.
Бу — NSO Group вакиллари ўз мижозларини илк марта омма олдида очиқ номлаши бўлди. Илгари компания йиллар давомида бу маълумотни ошкор қилмасликни асослаб, мижозлар ҳақида гапира олмаслигини таъкидлаб келган. Масалан, 2023 йилда компания вакили TechCrunch’га шуни билдирган эди.
Бу маълумотлар Meta компаниясига тегишли WhatsApp томонидан 2019 йилда NSO Group’га қарши берилган даъво доирасида ошкор қилинди. WhatsApp компанияси ўшанда NSO Group’ни ўз дастуридаги хато орқали 1 400 атрофидаги фойдаланувчиларни хакерлик йўли билан кузатишда айблаган. Бу хакерлик 2019 йил апрель ва май ойлари оралиғида содир этилган.
Суд муҳокамаси батафсиллиги ҳақидаги биринчи хабар Courthouse News Service томонидан эълон қилинган эди.
WhatsApp даъвосида таъкидланишича, ҳужумлар 100 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар ва фуқаролик жамияти аъзоларига қаратилган. Digital ҳуқуқлар билан шуғулланувчи Citizen Lab гуруҳи ҳам ўшанда WhatsApp’га жабрланганларни аниқлашда ёрдам берганини билдирган.
NSO Group’нинг адвокати Акротиринакис судда шундай деган: “Бу иш доирасида камида саккизта мижоз номи очиқланган, лекин муҳокамада фақат учтаси тилга олинди.”
Шунингдек, адвокат сўзларига кўра, ўтган ҳафта очиқланган суд ҳужжатларидан бири 2019 йилда Pegasus қурбони бўлган 1 223 фойдаланувчи қаерда жойлашганини кўрсатади ва бу давлатлар NSO Group мижозлари рўйхатига тўғри келади.
“Pegasus фақат белгиланган ҳудудларда лицензия асосида ишлатилиши мумкин,” деди Акротиринакис.
Мексика ва Ўзбекистондан ташқари, 51 давлат рўйхатида Баҳрайн, Ҳиндистон, Марокаш, Испания, Буюк Британия ва АҚШ каби давлатлар ҳам бор. Аммо Саудия Арабистони — NSO Group юристи томонидан тилга олинган бўлса-да — ушбу рўйхатда йўқ.
Бу ҳолат шундай изоҳланиши мумкинки, NSO Group мижозлари баъзан ўз ҳудудидан ташқаридаги шахсларни ҳам нишонга олиши мумкин. Масалан, 2017 йилда Citizen Lab Мексикадаги NSO мижозлари АҚШда бўлган журналист фарзандини ҳам кузатгани бўйича билвосита далиллар борлигини билдирган эди.
TechCrunch нашри чоп этилишидан олдин NSO Group вакили Гил Лайнерга изоҳ сўрови билан мурожаат қилди. Лайнер бундай изоҳ беришдан бош тортди, бироқ Мексика, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон 2019 йилдаги Pegasus кампанияси пайтида NSO мижозлари бўлгани ҳақидаги маълумотни рад ҳам этмади.
WhatsApp вакили Зейд Алсава TechCrunch’га шундай деган: “Биз келгуси суд жараёнини кутмоқдамиз, у ерда зарарларни аниқлаш ва NSO’га нисбатан WhatsApp ҳамда одамларнинг шахсий мулоқотини ҳимоя қилиш бўйича суд қарори чиқарилиши керак.”
Сешанба куни судья судга тайёргарлик даврида шундай баёнот берди: “NSO Group тақдим этган ҳужжатларда камида тўртта давлат мижоз сифатида кўрсатилган, лекин компания уларни оммага расман тасдиқламаган.”
Судья ёзган: “Қайси NSO мижозлари мазкур ҳужумларда жавобгар эканини аниқлашга оид далиллар ноаниқ. Шу сабабли, WhatsApp ушбу мижозларга нисбатан қайси текширув тартиблари амалга оширилганини аниқлаш имконига эга бўлмади. Қолаверса, Pegasus’дан нотўғри фойдаланган мижозларга доир маълумотлар, асосан, ОАВда чиққан хабарларга таянади.”
Кўп йиллар давомида Citizen Lab ва Amnesty International каби ташкилотлар Pegasus дастури журналистлар, мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини кузатиш учун ишлатилгани ҳолатларини ҳужжатлаштириб келган. Бундай ҳодисалар Мексика, Венгрия, Испания ва БАА каби мамлакатларда қайд этилган.
TechCrunch АҚШдаги Мексика, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон элчихоналарига ҳам изоҳ сўрови билан мурожаат қилган.




