Жанубий Кореянинг Ульсан шаҳридаги Hyundai Heavy Industries корхонасида ишлаётган ўзбекистонликлар учун 27 август куни Миграция агентлигининг сайёр қабули ўтказилиши эълон қилинди. Қабулда ишчиларнинг меҳнат фаолияти, ҳуқуқий ҳимояси, иш ва яшаш шароитлари билан боғлиқ мурожаатлари ўрганилиши айтилган.
Сайёр қабул айнан шу корхона ва Ульсандаги ўзбек ишчилари билан боғлиқ меҳнат низолари Корея матбуотида муҳокама қилинаётган бир пайтга тўғри келди.
Миграция агентлиги ҳали май ойидаёқ HD Hyundai Heavy Industries тизимида ишлаётган айрим Ўзбекистон фуқароларидан соғлиқ, меҳнат шароити ва иш жойини алмаштириш билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушганини расман маълум қилган эди. Агентлик масалалар Корея томони ва иш берувчилар билан биргаликда ўрганилаётганини билдирган.
Июль ойида эса корхонадаги хорижлик ишчилар меҳнат шартлари ва иш ҳақи тизимига қарши норозилик билдирган. The Korea Times маълумотига кўра, 320 нафар хорижлик ишчи адолатсиз деб ҳисоблаган шартномаларни имзолашга мажбур бўлганини айтган, қарийб 200 киши касаба уюшмасига қўшилган.
Компания кейинчалик хорижлик ишчилардан ушлаб қолинган овқатланиш харажатларини қайтаришини ҳам эълон қилган.
Яна бир жиддий баҳс ўзбекистонлик ишчиларнинг иш жойини ўзгартириши билан боғлиқ шартлар атрофида юзага келди. Корея нашрларига кўра, Ульсан кемасозлик корхоналарига жойлаштирилган 385 нафар ўзбекистонлик ишчи компания розилигисиз бошқа ишга ўтса ёки ишни тарк этса, Ўзбекистон томонига ҳар ой 2 минг доллар тўлаш мажбурияти кўрсатилган ҳужжатларни имзолаган. Корея ҳуқуқшунослари бу шарт меҳнат эркинлигини чеклаши мумкинлигини билдирган, мамлакат Меҳнат вазирлиги эса ҳолатни ўрганишга киришган.
Шу фонда Миграция агентлигининг 27 августдаги сайёр қабули Hyundai Heavy Industries техник таълим марказида ўтказилиши эътиборга молик. Бироқ агентлик қабул юқоридаги можаролар сабаб ташкил этилганини расман айтмаган.
Маълумот учун, Миграция агентлиги 2026 йилда ҳам Ульсандаги Hyundai кемасозлик корхонаси учун Ўзбекистондан ишчиларни танлаш ва тайёрлашни давом эттирмоқда. Жумладан, июль ойида яна 80 нафар ўзбекистонлик HD Hyundai Heavy Industriesда иш бошлаш учун Кореяга юборилган.




